ТМЭК: муаммолар ва ечимлар

Тиббий меҳнат экспертиза комиссияси фаолияти ўта масъулиятли. Яъни беморлиги туфайли мурожаат этганларнинг меҳнатга лаёқати даражасини ногиронлик гуруҳига ажратиб белгилайди. Комиссия экспертлари, аввало, тиббиёт муассасалари ҳужжатларига асосланишади, ўз навбатида беморнинг айни вақтдаги ҳолатини синчиклаб текширувдан ўтказишгачгина тегишли тўхтамга келишади. Бу борада қанчалик аниқликка, одилона хулосага эришилса, бемор, врач ва экспертлар ишида муаммо туғилмайди. Ўринсиз эътирозларга, ортиқча оворагарчиликларга ўрин қолдирилмайди. Халқнинг ТМЭК хизматидан ризолиги таъминланаверади. Лекин бу осон ишу оддий жараён эмас. Таҳлил, аппарат текширувлари, ташхис ва муолажадан кейингина ойдинлашади.

Тиббиётдаги ислоҳотлар мазкур соҳадагиларнинг фаолиятини ҳам замон талаблари даражасида такомиллаштирилишини тақозо этмоқда. Шунинг учун пойтахтдан ташриф буюрадиган етакчи мутахассислар эндиликда аҳоли ичига кириб бо­риш­япти. Халқ вакиллари билан учрашиб, юзма-юз мулоқот чоғида мавжуд камчиликларни уларнинг ўзларидан эшитишяпти, қийнаб келаётган саволлари бежавоб қолмаяпти. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи Умарали Назарматов иштирокида вилоятимиз шаҳар ва туманларида уюштирилган тадбирлар сайёр қабул, савол-жавоб ва ўқув-семинар тарзида тиббиёт муассасалари шифокорлари ҳамда ТМЭК экс­пертлари учун ҳам ғоят фойдали ва самарали кечди.

Чунончи, Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси йиғинлар залига бу гал поликлиникаларнинг врачлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, мутахассислари ва ногиронлар таклиф этилгани учун савол-жавобларда кўтарилган масалалар турли йўналишларни қамраб олди. Барчаси муҳимдан муҳим эдию, улардан айримларгагина тўхталиш билан кифояланамиз.

Муҳаммадали Қосимов - онколог-врач:

- Бизга мурожаат этаётганлар орасида ҳақиқатдан оғир босқичдаги ўсма касали бор беморлар учрамоқда. Уларни ногиронлик белгиланиши учун ишласа 90 кун, ишламаса 180 кун даволашимиз     шартми?

Жавоб: - Ёмон оқибатлари кутилаётгани аниқ бўлса, вақтни чўзмасдан ТМЭКга йўлланма бераверишингиз керак. Лекин илгарилари нажот йўқ дейилган касаллик турларига ҳозирда даво топиляпти. Масалан, эндиликда кўкрак бези саратонига чалиниб, вафот этиш ҳолатлари деярли йўқ. Бачадон олди раки аниқланганларгача даволаниб-даволаниб яшашяпти.

Абдуллажон Юнусов - инфекционист-врач:

- ОИТСнинг 3-4 клиник босқичидаги беморга ногиронлик гуруҳи белгиланадими?

Жавоб: - Албатта, ҳеч қандай муаммосиз ҳал этилади. Бироқ бу дардга чалинаётганларга нисбатан кўрилаётган даво чора-тадбирлари улар умрини ҳам узайтираётганини унутмаган маъқул.

Матлуба Парпиева- "Ўрда" маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси:

- Маҳалламизда яшовчи Ҳалима Усмонова анча йилдан буён ётиб қолган. Унга ногиронлик аравасини ким беради?

Жавоб: - Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ижтимоий ёрдам бўлими томонидан ҳал қилинади. Аризани эса туман тиббиёт бирлашмасига бериш керак.

Учрашув-мўулоқотда тумандаги "Туркистон", "Шарқ" ва "Ўзбекистон" маҳаллаларининг раис ва мутахассислари ҳам бир неча ҳаётий муаммоларни ўртага ташлашди. Уларнинг талаб ва истаклари қонуний тарзда қандай қондирилиши тўғрисида пойтахтдан ташриф буюрган мутахассис меҳмон билан биргаликда ВССБ ижтимоий ёрдам бўлими бошлиғи Нурмуҳаммад Тур­ғунов, 50-Тўрақўрғон туманлараро ТМЭК раиси Икромжон Исмоилов ва бошқалар йўл-йўриқ ҳамда тавсиялар беришди.

- Ногиронлар билан ишлашни фақат уларга гуруҳ белгилашдан, ижтимоий таъминотини йўлга қўйишдан иборат эмаслигини ҳамма яхши билиши керак, - деди тадбир сўнггида сўзга чиққан вилоят Бош ТМЭК раиси Улуғбек Усмонов. - Вақтинча меҳнатга лаёқатсизларни бутунлай сафдан чиқармасдан иш билан банд бўлиши хусусида ҳам қайғуришимиз зарур. Бундайларга муносиб меҳнат шароитлари, яъни бош­қалар соғлиғига зарар қилмайдиган ҳолатлар яратилиши, алоҳида асбоблар ва жиҳозлар билан таъминланиши, белгиланган вақт ичида соғломлаштириш чора-тадбирлари кўрилиши ғоят муҳим вазифалар ҳисобланади. Шундай иш олиб боришимиз лозимки, вақтинча ногирон бемор йўқотган меҳнат лаёқатини имкон қадар тезроқ тиклаб олсин. Яна соғлом одамлар қаторига қайтсин.

Эл соғлиги - юрт бойлиги. Мазкур масала доимо давлатимизнинг ижтимоий ҳимоя сиёсатида долзарб бўлиб қолаверади. Демак, меҳнат лаёқати чекланган бугунги вақтинча ногиронлар эртага аввалгидек фаол ҳаётда қатнашишлари учун етарли ғамхўрлик кўрсатилаверади. Истиқлолли юртимизда ҳеч ким ўзини ҳимоясиз, ожиз ҳисоблашига йўл қў­йилмайди. Барча бирдай меҳр-эътибор қуршовида яшашга ҳақли.

Содиқ САЙҲУН.