Қон тириклик манбаи. У организмдаги муҳим жараёнларнинг иштирокчиси. Шу боисдан ҳам донор қонига ҳамиша эҳтиёж мавжуд. Унинг ўрнини ҳеч бир дори воситаси босолмайди. Донорнинг қон компонентлари кўпроқ туғруғи асоратли бўлган аёлларга, оғир формали анемияси бор болаларга, бахтсиз ҳодиса сабаб, кўп қон йўқотган шахсларга, жарроҳликларда ҳамда қон тизими касалликлари лейкоз, апластик анемия ва гемофилияга чалинганларга қуйилади.

14 июнь - Бутунжаҳон донорлар кунини муносиб кутиб олиш мақсадида вилоятимизда "Ўзгалар ҳақида ўйланг. Қон топширинг. Ҳаёт улашинг" шиори остида донорлик ойлиги ўтказилмоқда. Вилоят қон қуйиш маркази жамоаси ойлик доирасидаги вазифаларни ижро этишга астойдил киришган. Марказнинг сайёр  ишчи гуруҳи томонидан тиббиёт муассасаларида беғараз донорликни ташкил қилиш ва қон маҳсулотлари заҳирасини яратиш борасида жадал иш олиб борилмоқда. Донорлик тарғиботи ҳам тизимли йўлга қўйилган. Бадалсиз донорликни ривожлантириш, қон хавфсизлигини таъминловчи лаборатория текширувларини ўтказиш ва олинган қондан сифатли қон компонентларини яратиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган. Донорлардан олинган қонни марказда инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдирадиган, бевосита қоннинг таркиби орқали ўтадиган ОИТСҒОИВ, заҳм, "В", "С", "Д" гепатит вируслари, малярия ва бошқа инфекцияларга текшириш ўз вақтида амалга оширилмоқда.

-Ўтган йили беш мингдан ошиқ донорларни жалб қилиб, республикада режани бажариш бўйича юқори кўрсаткичларга эришган эдик,- дейди марказнинг ташкилий услубий бўлими мудири, олий тоифали врач Юсуфжон Аминов. -Бу йил жамоамиз билан ундан ҳам юқори марраларни кўзлаганмиз. Бунинг учун  барча шароитлар яратилган. Аллақачон сайёр ишчи гуруҳимиз ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тиббиёт муассасаларида фаолиятни бошлаб юборишган.

Дарҳақиқат, юртимизда 18 ёшга тўлган, жинси, касби ва миллатидан қатъий назар ҳар бир соғлом фуқаро қон донори бўлиши мумкин. Донор қони биринчи ўринда хавфсиз бўлиши шарт. Чунки соғлом беғараз донорлар - хавфсиз қон кафолатидир. Беғараз донорлар қаерда бўлишидан қатъий назар қонга эҳтиёжи бўлган беморларни таъминловчи асосий манба ҳисобланадилар.

Аҳоли орасида беғараз донорликни ривожлантиришда тиббиёт ходимларининг хизматлари беқиёс. Бир неча йиллардан буён қон маҳсулотлари заҳирасини яратишдаги, мададга муҳтож ҳамюртларимиз хаётини сақлаб қолиш йўлида қон топшириб, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатаётган сахийқалб саломатлик посбонлари орасида Косонсой ва Янгиқўрғон туманлари тиббиёт бирлашмалари бош врачлари Олимжон Қосимов ҳамда Жакбарали Қурбоновларнинг ҳам борлиги ғоят қувонарли. Чуст туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари Хабибулла Лутфуллаев, Мавлуда Қаюмова, доя Раъно Абдуллаева, Чортоқ туманидан фельдшерлар Ислом Маматвалиев, Каримулло Аҳмаджоновлар фаоллигини эса алохида эътироф этиш жоиз. Шунингдек, қон қуйиш марказининг энг фаол донорлари Муҳаббат Творская, Зера Афанасева, Фазлиддин Наж­миддинов, Раҳимжон Мўминов, Мамаюнус Аҳмедов каби саховатли инсонлар ҳам кўп йиллардан буён ҳаста дилларга меҳр-шафқат кўрсатиб келишмоқда.

Талабчан раҳбар Мунира Умурзоқова бошчилигидаги муассаса ходимларининг беминнат хизматлари туфайли ҳаёти хавф остида қолган, қонга муҳтож беморларни умрига умр қўшилаётгани, ҳаёт аталмуш бебаҳо неъматдан мушаррафланаётганлари шубҳасиз. Шу ўринда гемотрансмиссив инфекцияга текшириш бўлими мудири Зокиржон Хожимирзаев, донорлик бўлими мудири Шарифжон Тўхтаназаров, бош ҳамшира Саида Тўхтабоева, донорлик бўлими фельдшери Исроил Самиев, ИФА лабароторияси катта ҳамшираси Муқаддас Нуриддинова, клиник лаборотория лаборанти Хуснида Мўминова, услубчи-статист Соҳиба Баҳромова ҳамда ўрта тиббиёт ходими Башорат Хафизоваларнинг ҳалол ва фаол хизматлари таҳсинга сазовор.

Муродбахш кунларда халқимизга хос меҳр-мурувватни, олижаноблик ва саховатни дилига тугган юртдошларимизни вилоят қон қуйиш маркази ҳамда унинг туманлардаги филиалларига чорлаб қоламиз. Шошилинг, сиз ҳам донорлик ойлигида фаол иштирок этишингиз мумкин. Сизнинг беғараз ёрдамингиз - ўзгалар ҳаётини сақлаб қолишини унутманг.

Манзура ЭРГАШЕВА.