Маълумки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг қўшма қарорига мувофиқ "Ҳамшира-2018" кўрик-танлови ўтказилмоқда. 14 май куни Алишер Навоий номли вилоят мусиқали драма театрида мазкур кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари даражасидаги саралаш бос­қичининг ғолиблари саҳнага чиқдилар.

Мазкур беллашувнинг ташкил этишдан мақсад давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасини ривожлантиришга оид дастурларни амалиётга жорий этиш, аҳолининг репродуктив соғлиғини сақлаш, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳамшираларнинг билим даражасини юксалтириш ҳамда республикамизда хизмат қилаётган ўрта тиббиёт ходимлари ўртасидаги маданий алоқаларни йўлга қўйиш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, шунингдек, билимдон ва маҳоратли ҳамшираларни рағбатлантиришдан иборатдир.

- Кўрик-танловнинг нуфузи йил сайин кўтарилиб бормоқда. Финал босқичи ғолибларига алоҳида имтиёзлар берилаётганлиги эса билимга чанқоқ ёшларда катта қизиқиш уйғотяпти. Бу эса саралаш босқичлари рақобатбардошлигини кучайтиряпти. Энг муносибларнинг муносиблари кейинги босқичларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда, - дейди бошқарма бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова.

Вилоят театри саҳнасида саф тортган ўн уч нафар ҳамширанинг, яъни вилоят перинатал маркази аёллар маслаҳатхонаси ҳамшираси Лутфия Сотимова, РШТЁИМ Наманган филиали кардиология бўлими ҳамшираси Иқболхон Абдулаҳатова, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Юлдуз Роҳатова, Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Муяссархон Мухторхонова, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Зулхумор Мамажонова,Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси маъмурияти умумий бўлими ҳамшираси Ҳилола Абдулла­ева, Наманган шаҳар 1-шаҳар шифохонаси неврология бўлими ҳамшираси Гулбаҳор Ортиқова, 2-вилоят силга қарши кураш диспансери ҳамшираси Шоҳсанам Эрмуродова, Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Дилноза Ражапова, Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Феруза Қодирова, ВБКТТМ неонатология бўлими ҳамшираси Дилноза Худойбердиева, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Дилшода Собиржонова, Янгиқўрғон туманидаги 62-қишлоқ оилавий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Гулноза Сайдуллаеваларнинг ҳар бири ўзига хос зеҳн, қобилият, билим ва малакага эга эди.

Кўрик-танловнинг дастлабки шартлари бўйича беллашувлар 2-Наманган тиббиёт коллежида бўлиб ўтди. "Тиббиёт соҳасига оид амалий билимлар кўриги" деб номланган биринчи шартда қатнашчилар тиббиёт муассасасига мурожаат қилган беморларни қабул қилиш, аҳволини баҳолаш ва шифокор буюрган тиббий муолажаларни дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида муайян бемор устида бажаришлари ва бу жараённи изоҳлаб беришлари лозим эди. Чуст ва Уйчи туманлари тиббиёт бирлашмалари шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ҳамширалари Юлдуз Роҳатова ва Зулхумор Мамажонова энг юқори балл тўплаб, илк шартдаёқ пешқадамликни қўлга олдилар.

Тиббиёт соҳасига доир назарий билимлар бўйича беллашувларда эса вилоят перинатал маркази аёллар маслаҳатхонаси ҳамшираси Лутфия Сотимова, РШТЁИМ Наманган филиали кардиология бўлими ҳамшираси Иқболхон Абдулаҳатова, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Юлдуз Роҳатова, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Зулхумор Мамажонова, ВБКТТМ неонатология бўлими ҳамшираси Дилноза Худойбердиева, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Дилшода Собиржоновалар билимдон эканликларини кўрсатдилар.

Кўрик-танловнинг тиббий, ижтимоий-сиёсий билимларга оид беллашувида эса кимнинг нимага қодирлиги намоён бўлди. Зукколик, иқтидорлилик ва топқирлик баҳсида Наманган, Уйчи, Мингбулоқ туманлари тиббиёт бирлашмалари шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ҳамширалари Муяссархон Мухторхонова, Зулхумор Мамажонова, Дилноза Ражапова, Косонсой ва Поп туманлари тиббиёт бирлашмалари реанимация бўлимлари ҳамширалари Феруза Қодирова ва Дилшода Собиржонова ҳамда ВБКТТМ неонатология бўлими ҳамшираси Дилноза Худойбердиевалар юқори балл тўплашга муваффақ бўлдилар.

"Ҳамшира ташрифи" чоғида ифодаланган чиқишлар ғоят жозибадорлиги, мафтункорлиги ва долзарблиги билан ажралиб турди. Ҳар бир иштирокчи соҳада кечаётган янгиланишлар жараёнини, изланиш ва интилишларни баҳоли қудрат ифодалашга ҳаракат қилди. Айниқса, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Зулхумор Мамажонова, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси маъмурияти умумий бўлими ҳамшираси Ҳилола Абдуллаева, Наманган шаҳар 1-шаҳар шифохонаси неврология бўлими ҳамшираси Гулбаҳор Ортиқова, Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Феруза Қодирова ва Янгиқўрғон туманидаги 62-қишлоқ оилавий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Гулноза Сайдуллаевалар талқин этган композициялар томошабинларни ҳайратда қолдирди.

- Ҳозирги пайтда ҳамширалик ишига бўлган талаб жуда ҳам ўсиб боряпти. Бундай шароитда ўқиб, билимини оширмаган, изланмаган ўрта тиббиёт ходими замондан ортда қолиши ҳеч гап эмас. Мазкур кўрик-танловнинг аҳамияти ҳам беқиёс. Унда қатнашмоқчи бўлган иштиёқманд биринчи нав­батда билимини оширишга, қолаверса малакасини юксалтиришга мушарраф бўлади,- дейди бошқарма бош ҳамшираси, соғлиқни сақлаш аълочиси Райҳона Мансурова.

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати қатнашчиларнинг билим ва маҳоратини холислик билан баҳолаб борди. Ва ниҳоят барча орзиқиб кутган фурсат келди. Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Зулхумор Мамажонова "Ҳамшира-2018" кўрик-танлови вилоят босқичининг ғолиби, деб эълон қилинди. Иккита иккинчи ўринни ВБКТТМ неонаотология бўлими ҳамшираси Дилноза Худойбердиева ва Поп тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Дилшода Собиржоновалар эгаллашди. Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Юлдуз Роҳатова эса учинчи ўринга лойиқ топилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбе­кис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов кўрик-танлов ниҳоясида ғолиб ва совриндорларни эришган муваффақиятлари билан қутлади. Иштирокчиларга дипломлар ва эсдалик сов­ғалари тантанали вазиятда топширилди.

Шундай қилиб, сараларнинг энг сараси саралаб олинди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.