дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилфуза Болтибоева
- Дилфуза Сотиволдиевна, мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш долзарб вазифалардан бири. Мана шу ўринда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида фарзандларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга бағишланган муҳим тадбирлар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.
- Болалар ҳаётимизнинг давомчилари. Уларнинг соғлом, бақувват ва маънан баркамол улғайишлари эртанги кунимизни янада фаровон бўлишига замин яратади.
Шу мақсадда қабул қилинган давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасида мунтазам, тизимли мониторинглар ташкил қилинмоқда. "Соғлом она - соғлом бола" тамойилини асосий вазифа деб белгилаган ҳолда соғлом оилани шакллантириш, аёллар касалликларининг барвақт профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволаш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.
Аҳоли орасида, маҳаллаларда, таълим муассасаларида, айниқса аёллар, никоҳга кирувчи ёшларга соғлом турмуш тарзи, соғлом оила муҳитини яратиш, соғлом бола туғилиши ҳамда соғлом фарзанд тарбияси борасида тарғибот-ташвиқот ишлари ғоят юксак даражада ташкил қилинмоқда.
Вилоятимизда нуридийдаларимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашга бағишланган ва мунтазам ташкил қилинаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан барча мамнун. Шу кунга қадар вилоятимиздаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда мактаб ўқувчилари тўла тиббий кўрикдан ўтказилди. Мазкур жараёнларда нафақат туман ва шаҳар марказий шифохоналарининг шифокорлари, вилоятдаги ихтисослашган даволаш-профилактика муассасаларининг малакали ходимлари, пойтахтимиздаги нуфузли тиббиёт марказларининг етакчи мутахассислари ҳам иштирок этаётир. Бу эса аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. Қолаверса, болажонларда аниқланган баъзи касалликларга ўша жойнинг ўзида ташхис қўйилиб, тегишли даволаш-профилактика муассасаларига соғломлаштириш учун юборилмоқда.
- Фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол улғайишларида уларни кўкрак сути билан озиқлантириш ҳамда ўз вақтида эмлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
- Албатта, она сути болани соғлом ва бақувват ривожланиши учун энг муҳим ҳаётий озуқадир. Унинг таркибида бола ўсиши ва ривожланиши учун керакли барча озуқалар мавжуд. Она сути суюқ, енгил хазм бўлувчи ва етарли калорияга эга, турли микроблардан ҳоли тайёр озуқадир. Оғиз сути бу янги туққан аёл кўкрагидан илк ажралиб чиқаётган сарғиш, ширали чўзилувчан суюқлик бўлиб, у бола учун ўта фойдалидир. Оғиз сути боланинг ичакларини тозалайди, инфекциялардан сақлайди ва бақувватлаштиради.
Она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Кўкрак сути эмган бола тетик ўсади ва касалликка кам чалинади. У барвақт онани таний бошлайди, унга интилади, бу эса болада илк меҳр куртакларини уйғотади.
Ўз вақтида эмланган ва тўйимли овқатланган бола баркамол вояга етади. Эмлаш амалдаги тақвимга мувофиқ ўтказилади. Болаларнинг ўсиши ва ривожланишини яхшилаш, микронутриентлар етишмовчилигини олдини олиш мақсадида вилоятимизда ҳар йили икки мартадан 6 ойдан 5 ёшгача бўлган болаларда витамин "А" сапламентацияси ўтказилади. Шунингдек, 2 ёшгача гўдаклар турли юқумли касалликларга қарши ўн уч турдаги инфекцияларга бепул эмланадилар.
Вакцинали профилактика туфайли болалар орасида кўплаб юқумли касалликларга барҳам бериляпти. Натижада, мамлакатимизда полиомиелит хасталиги ва дифтерия кейинги йилларда умуман қайд этилмади. Гепатит "В" билан касалланиш кескин камайди. Жорий йилдан миллий эмлаш календарига янги полиомиелитга қарши инактивацияланган вакцина тадбиқ этилди ва амалиётга киритилди.
- Яқин кунларда болалар интиқиб кутган ёзги соғломлаштириш мавсуми бошланади. Мавсум муваффақиятини таъминлаш учун олиб борилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Жорий йилда шаҳардан ташқарида саккизта ёзги соғломлаштириш масканлари фаолият кўрсатади. Мактаблар қошида юздан ошиқ болалар оромгоҳларининг очилиши режалаштирилган. Уларда мавсумга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Мавсум мобайнида шаҳардан ташқаридаги болалар оромгоҳларида 5400 нафар, кундузгиларида 11850 нафар болани дам олиши режалаштирилган.
Ёзги соғломлаштириш масканларида сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини назорат қилиб бориш мақсадида бошқарманинг мувофиқлаштирувчи вилоят штаби ташкил этилди. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш машиналарини бириктириш ва навбатчилигини ташкил этиш жадвали ишлаб чиқилди.
Маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўз вақтида ва тўлиқ таъминланади. Ушбу маҳсулотлар марказлашган ҳолда етказиб берилади. Шунингдек, озиқ-овқатларнинг сифатини қайта текшириш, тез бузиладиганларидан ўз вақтида фойдаланиш, тозалик қоидаларига риоя этилишини дам олиш масканларидаги тиббиёт ходимлари ҳамда вилоят ДСЭНМ мутахассислари назорат қилиб боришади.
Бошқарма томонидан саломатлик посбонларига услубий ёрдам тариқасида соғлом турмуш тарзи бўйича тарғибот ишларини мунтазам олиб боришлари учун Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси билан ҳамкорликда буклетлар, тиббий қўлланмалар тайёрланиб тарқатилди.
Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.