Ўзбекистон Республикасининг "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон Фармонига асосан Адлия вазирлиги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Мазкур вазифани амалга ошириш бўйича Адлия вазирлиги томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вазирлик 2018 йил 5 май куни ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини оммага етказиш бўйича "Адлия ахбороти" номли брифинг ташкил этди. Мазкур брифингни худди шу форматда ҳар ҳафтада ҳудудларда ҳам ташкил қилиш, унда қабул қилинган қонун ҳужжатлари моҳиятини ОАВ орқали кенг ёритиб бориш амалиёти жорий қилинди. Бинобарин, ўтган шанба куни вилоят адлия бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, туман ва шаҳар адлия бўлими ходимлари иштирокида "Адлия ахбороти" номли анжуман ўтказилди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Сардорбек Азизов қабул қилинган қонунлар ва норматив ҳужжатлар ҳақида слайдлар воситасида маълумот берди. Шунингдек, янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.
Брифинг якунида "Наманган садоси" газетаси муҳаррири Комилжон Файзиев, "Наманган ҳақиқати" газетаси бўлим мудири Илҳомжон Жуманазаров, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев ва бошқаларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тўлиқ ва батафсил жавоблар берилди.
Шуни алоҳида қайд этмоқ жоизки, "Адлия ахборти" брифинги энди ҳар шанба куни мунтазам ўтказиладиган бўлди. Унинг тафсилотлари эса газеталар саҳифаларида телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда кенг ёритилади.
(Ўз мухбиримиз).