Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари "Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади" тамойилини ҳаётга татбиқ этиш йўлида яратилаётган кенг имкониятлар билан таништирилди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, унинг шаҳар ва туман марказлари ташкил этилди. "Ягона дарча" марказлари Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият кўрсатувчи давлат хизматлари марказларига айлантирилди. Авваллари "Ягона дарча" марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, 2018 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматлари марказлари аҳолига ҳам хизматларни тақдим этиши белгилаб қў­йилди.

Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига "Карбонам" МЧЖ тасарруфидаги фойдаланилмай турган тўрт қаватли бино берилди. Катта маблағ эвазига амалга оширилган реконструкция ва жиҳозлаш ишларидан сўнг бино замонавий қиёфа касб этди.

Марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, кунига 800-1000 фуқаро ва тадбиркорга 50 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариус, ФХДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизматлари, банк шаҳобчаси жойлашган. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида биринчи қаватда болалар майдончаси, кафе ташкил этилган. Муассасанинг учинчи қаватида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолият кўрсатмоқда.

Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дилшод Исмоилов қатнашчиларни марказда жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш учун инновацион технологиялар асосида яратилган имкониятлар билан таништирди ва мулоқот чоғида бошқарма тизимидаги марказлар фаолияти хақида батафсил маълумот бериб, журналистларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтарди.

Акрамжон САТТОРОВ.

("Наманган ҳақиқати" газетасининг 2018 йил 12 майдаги сонидан олинди).