Мустақиллик йилларида шавкатли Қуролли Кучларимиз мукаммал даражада шаклланди. Унинг салоҳияти ўсди ва жанговар тайёргарлиги мустаҳкамланди. Бугунги кунда сон жиҳатидан ихчам, ҳаракатчан, замон талабларига жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этмоқда.

Замонавий қурол-аслаҳа ва техника билан таъминланаётган Қуролли Кучларимиз авало чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва интеллектуал салоҳиятли, юксак малакали ҳарбий кадрлар билан ҳам мустаҳкамланиши ғоят зарур. Шу боис ҳам бўлажак ватан посбонларини тайёрлаш масаласига устувор аҳамият берилмоқда. Уларни маънан етук ва жисмонан соғлом вояга етказиш учун кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ёшларни чақирувга тайёрлаш тадбирлари такомиллаштирилаётган бўлса, йигитларимизни жисмонан чиниқтириш, соғ­ломлаштириш ишлари ҳам доимо диққат марказида турибди. Бу саъй-ҳаракатлар мард ва жасур, мустаҳкам иродали ўғлонларни тарбиялаш, уларда Ватан тақдири учун чуқур масъулият ҳиссини камол топтиришга қаратилгандир.

Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур. Шу жиҳатдан Қуролли Кучларимиз сафларига йигитлик бурчини адо этишга сафарбар этилаётган ёшларимизнинг саломатлигини чуқур текширувдан ўтказишдек шарафли ва масъулияти вазифа шифокорлар зиммасига юклатилган.

Айни пайтда 12 та шаҳар ва туман чақирув комиссиялари қошида тиббий пунктларимиз фаолият кўрсатмоқда. Вилоят мудофаа ишлари бош­қармаси қошида эса доимий фаолиятдаги марказий тиббий чақирув комиссияси иш олиб бормоқда. Уларга 117 нафар олий тоифали врач-мутахассислар ва 89 нафар малакали ўрта тиббиёт ходимлари жалб қилинган. Тиббий кўрик масканлари энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги туфайли ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг соғлиги кафолатли кўрикдан ўтказиляпти.

Умид қиламизки, жорий йилдаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ғоят юқори даражада амалга оширилади. Йигитларимизнинг энг соғлом ва саралари, ҳар жиҳатдан юксак фазилат соҳиблари Ватан ҳимоячилари сафидан ўрин олишади. Бундай шарафга сазовор бўлиш эса ҳар бир фидойи, ватанпарвар инсон учун чинакам бахтдир.

Солижон МЎМИНОВ,

вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.