Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мажлислар залида ташкилланган семинарда барча туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг ташкилий-услубий бўлимлари мудирлари, тиббий статистлари, туман саломатлик марказлари бўлим бошлиқлари ҳамда ЖС ва ССТЭИТИ вилоят бўлинмаси ходимлари қатнашди.
Анжуманда Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти директори, тиббиёт фанлари номзоди Зулхумор Муталова Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар, аҳоли соғлигини муҳофаза қилишда соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва бошқа бир қатор омилларга эътиборни кучайтириш лозимлиги хусусида маъруза қилди.
ЖС ва ССТЭИТИ директорнинг тиббий статистика ва таҳлил қилиш бўйича ўринбосари Мунира Қўчқорова Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида юритиладиган тиббий ҳисобот ҳужжатлари ҳақида тушунчалар берди.
Анжуман якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоблар олдилар.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.