Норин туманида ҳудудий қуйи тизимлари билан "Бошқарув органлари ФВДТ ҳудудий ва фукционал қуйи тизимларининг табиий ҳусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ҳаракати" мавзусида қўмондонлик-қароргоҳ ўқув машқи ўтказилди. Асосан табиий турдаги фавқулодда ҳолатлар (зилзила) натижасида кўп сонли жароҳатланганларнинг оммавий келиб тушиш ҳолларида биринчи тиббий ёрдам отрядлари ва шошилинч тиббий ёрдам бригадаларининг иш фаолиятини ташкил қилишга қаратилган тадбир туман марказидаги "Шодлик" ўйингоҳида туман ҳокимлигининг йиғма механизациялашган отряди ва туман тиббиёт бирлашмасининг биринчи тиббий ёрдам бригадалари саф кўриги билан бошланди.
"Дўстлик" МФЙда "Маҳалла фуқаро муҳофазаси" тизимини ташкил этиш", "Содир бўлган фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва туман штабига етказиш ҳамда қутқарув тизимларини жалб қилган ҳолда зилзила оқибатларининг бартараф этиш" мавзуларида махсус тактик ўқув машқлари бўлиб ўтди.
Ўқув машқи доирасида 3-сонли мактабгача таълим муассасасида, 5-сонли умумтаълим мактаби ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ташкилланган "Фуқаро муҳофазаси куни"га қизғин тайёргарлик кўрилган. 3-сонли мактабгача таълим муассасасида мудирадан тортиб тарбиячи, энагаларгача кичикларга фавқулодда вазиятлар содир бўлганда қандай ҳаракат қилиш кенг тушунтирилган.
Шунингдек, тадбирлар давомида Норинкапа ҚФЙ, "Қоратери-1" МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи "Қорадарё" ўнг қирғоғидаги дамбаларни тиклаш, қирғоқларни мустаҳкамлаш бўйича амалий ишлар ҳам бажарилди.
Ўқув-тактик машқнинг якуний йиғилишида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Иззатилла Ибрагимов, туман ҳокими Дилмурод Қодиров сўзга чиқиб, ютуқларни эътироф этган ҳолда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Якунга кўра, Норин туман тиббиёт бирлашмаси ходимларига машқ раҳбарияти томонидан миннатдорчилик эълон қилинди. Норин тумани аҳолисига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати жамоаси эса биринчи ўринни эгаллаб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Орифжон ЖЎРАБОЕВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ТХФМ
бош мутахассиси.