Ҳурриятли ҳаёт ҳамиша олға интиладиган, эртанинг ташвишида бугундан тиним билмайдиган, мақсади аниқ ва кўнгли ёниқ инсонларни сийлайди. Уларни янги-янги орзулар бекатида бахтга мушарраф қилади. Умр кечмишини унутилмас лаҳзалар билан безайди. Баланд-баланд режаларни юксак-юксак натижаларга айлантириш имконини муҳайёлаган истиқлолимиз шарофатидан инсон манфаатлари устувор даражага кўтарилиб, қалбимизга ўзгача сурур, беқиёс ғурур бағишлаётгани эндиликда кунма-кун кўз ўнгимизда намоён. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманганимизга навбатдаги ташрифларидан ғоят қувониб, аъло кайфиятда яшаётган каттаю кичикнинг мамнунона эътирофларини эшитиш эса бизга янада мароқли.

Ўзим тўрақўрғонлик бўлганим учун узоққа бормай, шаҳримизнинг Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатига кириб, бир олам ҳайрату ҳавас туйдим. Ўтган ҳафта Юртбошимизнинг қутлуғ қадамлари теккан илмгоҳ янада файзга тўлибди. Устозлару толибларнинг тилларида ҳамон учрашув таассуротлари. Уларни тинглаб, унутилмас лаҳзаларнинг сўнгсиз ҳаяжонинию, илҳомбахш таъсирини яққол сезиб турдик.

 

Мусохон ДАДАХОНОВ,

мактаб-интернат директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари:

- Бизнинг жамоамизга Президент ишонч­ларини оқлай олиш учун етарли билим ва малака салоҳиятига эга педагоглар жамланишган. Уларнинг 16 нафари халқаро сертификат соҳиблари, 20 нафари олий таълим муассасалари ўқитувчиларидир. Ихтисослашган мактаб-интернатнинг ўзига хос жиҳатлари бир талай. Умумтаълим мактабларига нисбатан хорижий тилларни ўқитишга ажратилган дарс соатлари икки баробарга кўп. Хорижий тиллар асосий адабиётлар билан бир қаторда тили ўрганилаётган мамлакатлардаги аутентлик материалларидан ҳам ўринли фойдаланган ҳолда ўзлаштирилади. Биздаги ўқувчилар устозлари сабоғи билангина кифояланиб қолишмайди. Айни маҳалда ҳар бир ўқувчи мустақил изланиши ор­қали ўзининг порт­фолиосини олиб боради.

Машғулотлар кечга қадар тугамайди. Куннинг иккинчи ярмида тўгарак ва клублар фаолиятида қатнашадилар. Ягона мақсадимиз Юртбошимиз ғамхўрликлари туфайли яратилган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиш. Америка Қўшма Штатлари, Англия, Франция, Хитой, Корея ва Германия мамлакатларидан ҳамкасбларимизни ҳамкорликка жалб қилмоқдамиз. Натижада ўқувчиларимиз ўрганаётган хорижий тилларида худди она тилидек равон, тушунарли ва аниқ гапириш ҳамда ёзиш кўникмасини пухта ўзлаштирадилар.

 

Ирода ҚОСИМОВА,

мактаб-интернатнинг инглиз тили муаллимаси:

- Муҳтарам Президентимиз аввалги, яъни 2017 йил 7 июль кунги ташрифлари чоғида, ҳали мактабимиз очилмай турибоқ "Бу ерда шундай муҳит яратиш керакки, аллома бобомизга муносиб бўлсин. Ёшлар хорижий тилларни, аждодлар тарихини чуқур ўргансин" дея таъкидлаган эдилар. Энди эса бугунги ишларимизни кўриб, беҳад қувондилар. Чунки, уларнинг муҳим кўрсатмалари ва талабларини тўлақонли ижросини таъминлашга ўқитувчилар ҳам, ўқувчиларимиз ҳам астойил ҳаракат қилишмоқда. Тил ўрганишга лаёқатли барча ўғил-қизлар ҳар бир машғулотга ўзлари олға ташлаётган яна бир янги қадам сифатида алоҳида эътибор қаратишга одатланишган. Топшириқларни қунт билан бажаришга бўлган иштиёқлари жуда кучли.

Инглиз тили хонамизнинг жиҳозлари тўкис, лингофон, компьютеру телевизоргача тасарруфимизда. 45 дақиқалик дарс­нинг ҳар дақиқаси ҳисобли. 10 дақиқа видеосабоқ намойиш этилса, аудиосуҳбат эшиттирилса, уларни кўриб, тинглаган ўқувчи инглизча сўз маъноларини тезроқ уқади, тўғри талаффуз қилишни ўрганади. Мулоқот малакасини ўзлаштиради. Биз болалар билан дўстона суҳбатга киришамиз, биргаликда ўқилган матнни таҳлил ва таржима қиламиз. Ҳатто ифодали ўқиш кўникмасигача шакллантирамиз. Бу борада тўгарак машғулотлари алоҳида аҳамият касб этади.

Ўйлайманки, биз устозу шогирдларнинг ҳаракатларимиз ҳеч зое кетмайди. Келгусида IELTS, TOEFL, GMAT, CEFR дастурлари бўйича синов-имтиҳонларидан бемалол юқори балл тўплайдиган, фақат республикамиздагигина эмас, балки чет эллардаги олий ўқув даргоҳларига муносиб талабалик мақомига лойиқ кадрлар янги муассасамизнинг чинакам фахрига айланишади. Айниқса, Феруза Ривожиддинова, Дилшода Акрамжонова, Малика Маҳмуджонова, Музаффар Ҳошимов, Сарвиноз Ғаффорова, Мухлиса Қўчқорхўжаева, Дилшода Алишерова ва Манзура Мансуровалардан ҳозирданоқ умидимиз катта.

 

Муяссар БОҚИХОНОВА,

мактаб-интернатнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси:

- Хорижий тилларни ўрганишда юқори натижага эришиш учун, аввало, ҳар бир бола ўз она тилисини мукаммал ўзлаштириши, оғзаки ва ёзма нутқи талаблар даражасида бўлиши лозим. Демак, биз ўзбек тилини яхши ўргатсак, ўқувчиларимиз хоҳ инглиз ёки немис, хоҳ араб ёки хитой, хоҳ рус ёки корейс тилини тез ва осон ўрганиб кетишларига замин яратамиз. Бу, зиммамизга юксак масъулият юклатилганини англатади. Шу боис болалар билан ўзбек тили машғулотларини чуқурлаштирган тарзда, илғор педагогик услублардан фойдаланиб олиб боряпмиз.

Бундан ташқари бадиий асарнинг маънавий-маърифий таъсир кучидан ўқувчиларни тарбиялашда самарали фойдаланмоқдамиз. Энг керакли, ҳаётида тез-тез асқотадиган адабиётларни ўқишни мунтазам тавсия қиляпмиз. Бу борада ахборот-ресурс маркази мутасаддиси Муслима Саидумарова билан ҳамкорликда иш юрит­япмиз.

 

Шодия МАҲМУДЖОНОВА,

мактаб-интернат ўқувчиси:

- 2018 йилнинг 3 май санаси менинг ҳаё­тимда умр бўйи унутилмайдиган кунга айланиб қолди. Бахтимни қарангки, Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мир­зиёев билан учрашиш ва суҳбатлашиш насиб этди. Давлатимиз раҳбари биз ёшларнинг эртанги камолотимиз учун қанчалик жон куйдиришларини янада теранроқ англаб етдим. Мулоқотимиз ғоят самимий тарзда кечди. Президентимиз эртанги орзуларимиз билан қизиқдилар, уларга етишишимиз учун барча қулайликлар яратиб қўйилишини, бунга жавобан астойдил ўқишимиз зарурлигини уқтирдилар.

Мен мактаб-интернатни битиргач, Англия­нинг Оксфорд университетида сабоқ олиш ниятим борлигини айтганимда, худди отамдек рағбат билдириб янада руҳлантириб юбордилар. Ўша лаҳзаларда кўнглим тоғдек кўтарилиб кетди. Ўзбекистондек болапарвар мамлакатда яшаётганимдан, ғоят меҳрибон ва ғамхўр Президентимиз борликларидан беҳад фахру ғурурлар туйдим. Энди эса рағбатларга яраша кечаю кундуз тиним билмай тил ўрганаман, барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириш билан Ибрат бобомизга издошлик мақомига муносиб бўлишга интилавераман.

 

Моҳичеҳра ҚУРБОНОВА,

мактаб-интернат ўқувчиси:

- Президентимиз мактаб-интернатимиз фаолияти билан танишиш чоғида биз сабоқ олаётган араб тили хонасига ҳам ташриф буюрдилар. Бу ердаги шароитларнинг созлигидан беҳад хурсанд бўлдилар. Араб тилини ўрганганларнинг кўнгилларига эзгу туйғулардан ҳамиша мунавварлик югуришини, ҳалол-поклик, меҳр-оқибат фазилатлари барқарор бўлишини алоҳида уқтирдилар. Юртбошимизнинг панду насиҳатларини тинглаб, қалбимиз янада ёришиб кетди. Айниқса, хаттотликни ўрганаётганимизнинг ҳаётда нафи катталигини, бу ноёб соҳага айланиб қолгани учун қунт билан астойдил машқ қилиб, етарли малака эгаси бўлишимиз кераклигини таъкидлаб ўтдилар.

Юртбошимизнинг ҳар бир сўзлари гўё орзуларимизга қанот боғлади. Энди ҳозиргидан кўра ҳам фаол бўлишга интиляпмиз. Ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланиш учун устозларимиз этагидан янада маҳкамроқ тутяпмиз. Ахир республикада ягона бўлган кўп тилни ўргатишга ихтисослашган таълим муассасасининг ўқувчилари, Президентимиз назарига тушган бахтиёр ёшлари эканимизнинг масъулияти ҳам бор-да!

 

Биз қутлуғ даргоҳнинг устозларию, илми толиблари билан мулоқот қилиб, шуни уқиб етдикки, истиқлолли юртнинг истиқболли ислоҳотлари Ўзбекистондек озод ва обод юртимизнинг нурафшон эртаси эгалари бўлмиш навқирон авлод учун барча имконияту қулайликларни яратиб қўймоқда. Исҳоқхон Ибратдек улуғ аждодимизнинг халқ учун, миллат камолоти учун кўрсатган хизматлари қадрланиб, у кишининг исми-жисмига монанд ибратона фаолияти бутун мамлакатимиз ўғил-қизларига намуна қилинаётган экан, бугунги ёшлар Президентимизнинг юксак ишончларини оқлаб, келгусида дунёга таниқли инсонларга айланишлари шубҳасиз. Зеро, бизлар буюк аждодларига муносиб авлод бўлишни ўзимиз учун муқаддас бурч ва катта шараф деб билаверамиз.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.