Дунёда шундай касб эгалари борки, улар ҳар қандай ардоққа, ҳар қандай таҳсинга муносиблар. Доя­лик ҳам шундай. Мўътабар зот она фарзанд кўраётганида, унга мадад бериб, кўмаклашиб тургувчи, ёруғ дунёда илк бора кўз очаётган янги меҳмон - чақалоқни биринчи бўлиб кутиб олгувчи дояларнинг машаққатли меҳнатлари ҳамиша қадрли.

Наманган шаҳридаги 2-тиббиёт коллежида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Хал­қаро доялар куни "Репродуктив саломатлик ва бехатар оналикни таъминлашда дояларнинг ўрни ва вазифалари" мавзуида семинар ташкил қилинди. Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова очар экан, вилоятимиз тиббиёт муассасаларида, туғруқ комплексларида фаолият юритаётган доя-ҳамшираларни касб байрамлари билан чин дилдан муборакбод этди. Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова "Доялик тарихи" ҳақида сўзлади. Вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори Юсуфжон Адашев "Кон­­-т­ра­цептив воситаларни қўллашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақбуллик классификацияси таснифи", вилоят "Она ва бола" скрининг маркази бош врачи Матлуба Жамилова "Туғма ва ирсий ногиронликнинг олдини олиш чоралари", вилоят перинатал маркази 2-доялик бўлими врачи Шаҳноза Раҳимжонова "Ҳомиладорлик гипертензияси", шу марказнинг гинекология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Лолахон Абдуллаева "Чилла даври хавфли белгилари ва унда доялик парвариши" тўғрисидаги маърузалар билан чиқишди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов шарафли касб эгаларини байрам билан самимий қутлади. Уларнинг жамиятимиздаги ўрни ва мавқеи, соғлом онадан - соғлом фарзанд дунё­га келишидаги юксак хизматларини эътироф этар экан, бир гуруҳ илғор дояларга "Фахрий ёрлиқ" ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

- Ўттиз уч йилдан буён шу соҳада фаолият юритаман, - дейди Чортоқ ТТБ туғруқ бўлими дояси Зарифахон Қўрғанова. - Ҳар бир аёлни оналик бахтига эришиш чоғида қўллаб-қувватлаб туришдек эзгу юмуш қайда бор. Доялик ғоят масъулиятли ва машаққатли. Вилоятимизда нишонланаётган байрам иштирокчиси бўлганимдан, меҳнатларимни эътирофлашганидан беҳад хурсандман. Бугунги рағбат ишларимиз муваффақиятида янада куч-қувват бағишлайди.

Тадбир ғоят таассуротларга бой ўтди. Айниқса 2-тиббиёт коллежи талабаларининг адабий-бадиий, мусиқий чиқишлари дилларни янада ҳушнуд этди.

Манзура ЭРГАШЕВА.