Ҳаёт инсон учун бир бора бериладиган илоҳий неъмат. Шунинг учун унинг ҳар лаҳзасини қадрлаш, эзгу мақсадлар билан ўтказиш, соғлом турмуш тарзига эришиш ҳамиша муҳимдир.

Афсуски, орамизда ўз умрини эрта хазон қилишга уринаётганлар гоҳ-гоҳ бўлса-да, учраб туради. Агар сабаблари ўрганилса, аввало ўзига, қолаверса, атрофидагиларга боғлиқ муаммолар эканлиги аниқланади. Бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш учун ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар идоралари ва таълим-тарбия муассасалари ҳамкорликда профилактика ишларини изчил олиб боришлари керак.

Янгиқўрғон туманида ўтказилган суицид холатларининг олдини олишга бағишланган анжуман шу жиҳатдан ғоят аҳамиятли бўлди.

Унда туман ҳокими ўринбосари А. Мирзаев, туман прокурори У. Номанов, туман ИИБ бошлиғи Т. Мирзаҳмедовлар суицид ҳолатларининг аянчли ва салбий оқибатлари ҳақида сўзладилар.

Шунингдек тадбирда вилоят бош суицидологи М. Боймир­заева вилоятимизда содир этилаётган ўз жонига қасд қилиш ҳодисаларини таҳлил қилиб берди. Йиғилганлар вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси мутахассиси У. Шариповнинг "Суициднинг эпидемиологияси ва айрим хавф омиллари" ҳақидаги маърузасини тинглашди. Туман бош имом хатиби Р.Отаматов, туман халқ таълими бўлимидан психолог Х. Боятова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши психологи Б. Нуриддиновлар ҳам мавзу юзасидан фикр -мулоҳазаларини билдиришди.

Манзура ЭРГАШЕВА.