Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларга шу ҳақда батафсил маълумот берилди.

Вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида аввало бюро вилоят бошқармаси фаолиятини йўлга қўйишнинг ташкилий чора-тадбирлари изчил амалга оширилгани таъкидланди.

Бу тизим фаолият бошлагандан кейин ўтган қисқа давр мобайнида эришилган натижаларда ўз ифодасини топмоқда. Вилоятда 544 минг 543 электр энергияси, 156 минг 170 табиий газ ва 177 минг 672 ичимлик суви истеъмолчиси мавжуд. Ўтган йил якуни билан улар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари қарздорлик: электрдан 188 миллиард, табиий газдан 161 миллиард, ичимлик сувидан 35 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилган. Мазкур қарздорликни ўрганиш ва камайтириш мақсадида жорий йилнинг биринчи чорагида 523 минг 388 турар ва нотурар жой объекти хатловдан ўтказилди. 155 минг 199 электр ва 44 минг 477 газ ҳисоблагич пломбаланди. Ўз навбатида йил бошига нисбатан қарздорлик газдан 84,5 миллиард сўмга камайтиришга, электр энергияси бўйича 106,7 фоиз ҳамда ичимлик сувидан 82,1 фоиз қопланишига эришилди.

Бундан ташқари, аҳолининг хақли эътирозига сабаб бўлаётган нореал қарздорлик бўйича олиб борилган ўрганишлар натижасида газ, электр ва сув бўйича аниқланган жами 145 миллиард сўмдан зиёд нореал қарздорлик тегишли ҳужжатларга асосан ҳисобдан чиқарилди.

Тадбирда бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари Б. Мирзааҳмедов, И. Қодировлар томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Ўз мухбиримиз.