(Давоми)
Самарқанд, Урганч, Марв, Ҳирот, Ғазна, Тошкент шаҳридаги шифохоналарга ўхшаш даволаш муассасаси Бухоро шаҳрида ҳам бунёд этилган. Шаҳарнинг Регистон майдонида ҳозирги арк дарвозасининг шимолий-ғарбида 1682 йили Бухоро хони Субҳонқулихон фармойиши билан "Доруш-шифо" биноси қурилади. Бино унча катта бўлмай бир қаватли кўринишидан анъанавий мадраса биносига ўхшаш, ички ҳовлили тўрт бурчак кўринишидаги режага эга бўлган. Шифохона бош пештоқи ғарбга қаратилиб, унинг ёнидан Регистон майдонини кесувчи йўл ўтган. Ушбу муассаса вақф ҳужжатларига кўра, даволаш ишларидан ташқари, ёш талабаларни табобат илмига (илоҳиёт ва адаб билан бирга қўшиб) ўқитишга мўлжалланган. Шуниси қизиқки, шифохонада Самарқанд шифохонасига ўхшаб қатнаб даволонувчи беморлар учун алоҳида "амбулатория"дан ташқари, дорихона ва табобатга доир китоблар сақланувчи кутубхона ҳам бўлган. Шифохона биноси ХХ асрнинг 30-йилларида Регистон майдонини кенгайтириш муносабати билан бузиб ташланган.
1912 йилда Хивада Дишан қалъанинг шимолий қисмида махсус шифохона биноси қурилган бўлиб, у ҳозир ҳам дастлабки вазифасини давом эттириб келмоқда. Бино бир қаватли, унинг ташқи меъморий кўринишда рус услубининг таъсири сезилиб туради. Шифохонанинг кириш қисмида эса Хоразм услуби ҳам мавжуддир.
Мовароуннаҳр ва Хуросонда шифохоналар биноси одатда бир ва икки қаватли қилиб қурилган. Юқорида номлари тилга олинган Марказий Осиё шифохоналари эса бир қаватли бўлган. Шифохоналарни қуришда пойдевор, деворлар, ҳатто гумбаз ва равоқ томлар ҳам маҳаллий пишиқ ғиштлардан ишланган. Бино олдидаги ва ички ҳовлидаги тўшовлар пишиқ ғиштлар ёки табиий тоштахталардан ишланган.
Мазкур шифохоналарида касаллар ётадиган хоналар ташқи деворга ён томони бўйлаб жойлашиб, эшиги ички ҳовлига қаратилган. Ёзнинг иссиқ кунлари ҳужраларда беморларга қулай микроиқлим яратиш учун меъморлар ҳужраларнинг энини бўйларига қараганда анча кичик ишлашган.
Юқори ҳароратли қуёш нурининг таъсири деразаларни кичик қилишни тақозо этган. Шу боисдан палаталар эшик устига ўрнатилган панжарали мўъжаз деразалардан ёруғлантирилган. Айрим ҳолларда бундай деразалар, эшик билан бирга ишланиб, янада яхлит жозибадор қурилмани ташкил қилган. Эшикларнинг баландлиги ва эни хона вазифасига мос келган. Шифохона табибларининг умумий йиғилиш ва кенгаш ўтказадиган жамоатхонаси ўз хизмат доирасига кўра анча баланд, ҳаводор ва кенг ишланган. Ҳужра ва хоналар ҳам гумбаз ва равоқ томлар билан ёпилганлиги туфайли баланд ва кенг кўриниш ҳосил қилгани уларда беморлар ўзларини эркин ҳис қилганлар. Шифохоналарда даволаниш ёзин-қишин баравар кечган кўринади. Негаки тегишли вақф ҳужжатларининг бирида шифохонада ўтин тайёрловчи штатлари бўлганлиги ҳақида ёзилган. Демак, бу ўтинлар шифохона печкаларида ёқилган бўлса, ажаб эмас.
Шифохоналар биносининг режаси ҳовлили кўринишга эга бўлган экан. Бунинг сабаби нимада деган савол туғилиши табиий. Жамоат шифохоналаридаги ҳовлилар касалликларнинг турига қараб алоҳида бўлимлар ташкил қилишга қулайлик туғдирган. Бу эса турли хил беморларни бир-биридан ажратиб даволаш имконини берган. Ўтмишда шифохоналар бошқа биноларга яқин ёки ёнма-ён жойлашганлиги сабабли шаҳар ичида уларга ҳозирдагидек алоҳида кенг ва боғ майдонлари ажратишга ҳамма вақт имкон бўлмаган. Бу эса беморларнинг шифохона ҳовлисида очиқ ҳавода дам олишлари, шунингдек, ибодат қилишлари учун қулай шароит яратишни, яъни ички ҳовлилар ташкил қилишни тақазо қилган.
Шукрилло НАСРИДДИНОВ,
Наманган давлат университети ўқитувчиси.
(Тамом).