Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилоят ҳудудий бўлими, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ҳамкорлигида вилоятдаги йирик саноат корхоналарининг экоҳаракат вакиллари учун кўргазмали ўқув-анжуман ташкилланди.
Тадбирни ФЖШМҚМИ Наманган вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Зафаржон Ҳудойбердиев бошқарди. Асосий эътибор Экоҳаракат вакилларини атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги назарий билим ва тажрибалари ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларидан хабардорлиги масаласига қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси Хайрулло Гаппаров, Ўзбекистон Республикасининг "Экологик назорати тўғрисида"ги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг "Ижтимоий шерикчилик тўғрисида"ги қонунлари ҳақида маъруза қилиб, корхоналардаги Экоҳаракат вакилларининг ҳуқуқ ва вазифалари билан таништирди. Қонунлар ва уларнинг ижроси бўйича жойларда олиб борилаётган ишлар бўйича видеофильм ва слайдлар орқали тушунчалар берди.
Ўқув-анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Қодирхон Сўпижонов "Жамоатчилик экологик назорати тўғрисида ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ва қонун ҳужжатларини амалга ошириш тартиби, жамоатчи инспекторлар тўғрисида"ги намунавий Низомлар билан йиғилганларни таништирди.
Тадбирда Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий кенгаши ижроия қўмитаси матбуот гуруҳи мутахассиси Мухтасар Қодирова сўзга чиқиб, иштирокчиларга жамоат экологик назоратини амалга ошириш тўғрисида услубий қўлланмаларни шархлаб берди.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга депутатлар ва мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди. Она табиатимиз ва унинг бебаҳо неъматларини асраб-авайлашда ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб келгуси авлодларга етказиш бугуннинг долзарб вазифаларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.