Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси, касаба уюшмаси қўмитаси ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан тизимда хизмат қилаётган патронаж ҳамширалари ўртасида кўрик-танлов ташкил этилди. "Кўшон" маданият ва аҳоли дам олиш масканида кечган қизиқарли маънавий-маърифий тадбирда саккиз нафар патронаж ҳамшираси ғолиблик учун астойдил беллашди.
Маълумки, патронаж ҳамширалари бошланғич тиббий-санитария ёрдами муассасалари бўғинида ҳал қилувчи куч ҳисобланади. Уларнинг билим ва заковати, тажрибаю маҳорати қанчалар юксалса, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси ҳам шу қадар юқори бўлади. Шу боис ҳам бевосита фуқаролар яшаш жойларида фаолият юритадиган, ҳар бир хонадон эгасининг соғлиғини доимий назорат қилиб борувчи ўрта тиббиёт ходимларининг малакасини ва масъулиятини ошириш масаласи устувор аҳамият касб этмоқда. Мазкур кўрик-танлов ҳам бу борада қўйилган муҳим қадам бўлди десак, муболаға эмас.
Саккиз нафар қалби иштиёққа тўла, эл саломатлигини муҳофаза қилишда пешқадамлар сафида бораётган патронаж ҳамширалари маҳаллалардан ташриф буюрган фаол аёллар, аҳоли вакиллари ҳузурида ўз қобилият ва салоҳиятларини намойиш этдилар. Биринчи шартда ҳар бир қатнашчи ўзи ҳақида, хизмат қилаётган тиббиёт муассасаси тўғрисида, соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар самаралари хусусида батафсил ҳикоя қилиб берди.
Иккинчи шарт - тиббиётга оид синовда эса патронаж ҳамшираларининг назарий билимларни қанчалар ўзлаштирганликлари имтиҳондан ўтди. Унда 1- ва 4-оилавий поликлиникалари ҳамда туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси вакиллари Мафтуна Дадажонова, Зуҳра Эшонова ва Моҳира Эгамбердиевалар "аъло" баҳо олдилар. Маънавий-маърифий соҳага тегишли саволлар берилган учинчи шартда ҳам улар билимдон эканликларини намойиш қилишди.
Эркин мавзудаги чиқишлар эса таассуротларга бой бўлди. Унда ҳар бир қатнашчи патронаж ҳамшираси иш фаолиятида учраб турадиган ўткир муаммоларни саҳнада талқин этди. Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, қайнона-келин муносабатларидаги салбий ҳолатлар, хонадонларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, аёлларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, одам савдосига қарши кураш, патронаж ҳамшираларининг ташаббускорлиги билан амалга ошириладиган хайрли ишлар шулар жумласидандир.
Нуфузли ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ҳар бир чиқишини ғоят талабчанлик билан баҳолаб борди. "Баҳористон" қишлоқ врачлик пунктидан Умида Аҳмедова, "Ёшлик" қишлоқ врачлик пунктидан Сабоҳатхон Қодирова, 3-оилавий поликлиникасидан Санобар Маликова, Худойбердиев қишлоқ врачлик пунктидан Жамила Аминовалар ҳам пухта тараддуд кўрганликларини намоён этишди. Кўрик-танлов якунларига кўра ҳамкасбларига нисбатан энг кўп балл тўплаган туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Моҳира Эгамбердиева биринчи ўринни эгаллади. 5-оилавий поликлиникасидан Наргиза Халилова иккинчи, 1-оилавий поликлиникасидан Мафтуна Дадажоновалар учинчи ўринга лойиқ топилдилар.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Олимжон Қосимов, ТТБ ёшлар иттифоқи етакчиси Абдурасул Ҳамроевлар ғолиб ва сориндорларни эришган натижалари билан қутлаб, уларга фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғаларини тантанали равишда топширдилар.
- Бугун менининг ҳаётимда унутилмас кун. Ҳамкасбларим орасида "Энг яхши патронаж ҳамшираси" дея эътироф этилдим.Бундан кейин ҳам астойдил изланаман. Аҳолига кўрсатаётган хизматим даражасини янада юксалтириш учун тинмай интиламан, - дейди Моҳира Эгамбердиева.
Кўрик-таловда туман ҳокими Жавлонбек Йўлдошев иштирок этиб, патронаж хизматининг аҳамияти, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш масалалари ҳақида маъруза қилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.