1981 йил. Абдуллажон Юнусов ўшанда Қўрғончадаги юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачи эди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассисларидан иборат комиссия унинг ишларини қўрмоқда.

- Сариқ хасталиги кўпайгандан қўпаяётгани фақат Тўрақўрғонда эмаслиги ойнадек аён, барибир сизларда нисбатан камроқлиги яхши, - деди вилоят бош эпидемиологи, комиссия раҳбари Олим Султонов. - Бироқ бир ёшгача болалар ўртасида хасталикка чалинаётганлар сони ортиқроқ, бу игнадан ўтаяпти. Наҳот бепарво қарайверасизлар?

- Назоратни кучайтирганмиз, масалани туман бўйича қаттиқ қўйганмиз. - Эътироз билдирди Абдуллажон.

- Шунинг учун камаймаётганакан, - истеҳзо билан танқид қилишда давом этди бош эпидемиолог. - Қойил!

- Сабабиниям эшитасизми?

- Ҳали ақл ҳам ўргатасиз чамаси.

- Сиздан кўп билмаслигим аниқ, Олимжон ака, бироқ китоб­ларда ёзилишича бир ёшгача болаларда шприцдан ўтган деб ўйлаган сариқ туғма бўлишиям мумкин, 5-6 ойдан кейин юзаланармиш, белгисизлигидан онасиям сезмасакан.

- Майли, сиз билан Тўрақўрғонда бош врач ҳузурида гаплашамиз.

Олим Султонов тортишишни эп кўрмагандай дарров қўзғалди. Абдуллажон "ҳўп"дея қолсаям бўлардию, яна қайсарлик характери йўл бермади. У уйига чопди. Китоб жавонини титкилади. Андрей Блюгернинг "Вирусли гепатитлар" китобини қўлга олди, варақлай-варақлай бир пайтлар ўқиган жумлаларининг далилий мисолларининг остига ручкада чизди. Ўша варақларнинг орасига қоғоз қистириб ёпганича марказий шифохонага етиб борди.

- Чакки қипсиз, юқоридагилар билан тортишиб обрў топиш қийин, китобни ташлаб кетаверинг, беморларингизга қаранг, лозим бўлсангиз чақирамиз, келасиз, - деди туман бош врачи Аҳмаджон Худойназаров.

Абдуллажон кўнгли хижил қайтди. Алламаҳалгача беморлари устида турди, шифохонада навбатчиликка қолди. Эртасига эрталаб телефон жиринглади. У шошиб гўшакни кўтарди.

- Эшитаман.

- Мен Худойназаровман. Юнусов, тез етиб келинг!..

- Уф-ф-ф, - деди машинага ўтираркан у.- Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Ўзимга-ўзим бир балоларни ортириб юраман-да...

Абдуллажон бош врачга юзма-юз келганда у негадир кайфияти чоғ эди.

- Мана, китобингиз.

- Ўқиб кўришдими?

- Ҳе, молодец, шу кадрингизга тан бердик! дейишди.

Бу жавоб тўғрими, киноями тушунолмади. Бош врач ҳам бош­қа фикр айтишга ожиз эди.

Икки кундан сўнг вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасига чақиртиришди. Абдуллажон роса "савалашса" керак, деган хаёлда хомуш борди. Киришигаёқ бошқарма бошлиғи қабул қилишини айтганда баттар кайфияти тушди.

- Юнусов, сиз-а, ишлар қандай кетяпти?- деб сўради Ваҳоб Бозорович Умрзоқов.

- Ҳаракат қиляпмиз, - деди қимтиниб, - комиссия кўриб...

- Биламан-биламан, - гапини бўлди бошқарма бошлиғи, - Олим Султонов сиздан хурсанд. Ёнма-ён ишлаш истагида. Эртадан вилоятга сизни бош инфекционистликка тайинламоқчимиз.

У ҳайратдан ёқа ушлаш ҳолатига тушди.

Абдуллажон вилоят бўйича ўта масъулиятли мутахассислик "юки"ни уч йил кўтарди. Юқумли хасталикларга имкон қадар йўл бермаслик учун астойдил ҳаракат қилди. Вирусли гепатит, ичтерлама ва ўткир диареядан ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида туну-кун жон куйдирди. Юқори малакали врач сифатида Наманган аҳлига танилди.

1984 йилнинг ноябрида у туманига қайтарилди. Энди Абдуллажон Юнусов туман марказий шифохонаси бош врачининг биринчи ўринбосари вазифасига лойиқ кўрилганди. Орадан саккиз йил ўтиб, юқумли касалликлар шифохонасига иккинчи маротаба раҳбарликка киришганида, 5 йил аввал бошланган чала қурилишни давом эттириш учун туман ҳокимлигига талаб билан кираверишдан сира эринмади. Ниҳоят роса ўн йил деганда, яъни 1997 йили икки қаватли янги муҳташам давогоҳнинг калитини бунёдкорлардан қабул қилиб олди. Кенг ва ёруғ, шинам палаталарда, чиройли жиҳозлару, замонавий аппаратлар ёрдамида беморларни эмин-эркин даволашга нима етсин. Истиқлол давридагина Абдулажоннинг кўп йиллик орзуси ушалди.

Ҳозирда пенсия ёшида бўлишига қарамай, у эгнидаги оқ халатини ташлагани йўқ. Кўптармоқли туман поликлиникасида беморларни қабул қиляпти.

- Юртимиз мустақилликка эришгач, одамларнинг яшаш шароитлари тубдан яхшиланди, табиий газ тармоқлари чекка-чекка маҳаллаларгача тортилди, тоза ичимлик суви таъминоти анча изига тушди, турмуш маданияти юксалди. Буларнинг барчаси юқумли касалликлар тарқалишига йўл бермайдиган омиллар ҳисобланади. Энг муҳими, чақалоқлар гепатитга қарши туғруқхонадаёқ эмланмоқда, қолаверса, фақат бир марталик игналардан, системалардан фойдаланилаётир. Истиқлолимиз чин иқболимиз экан. Мамнунлик ва шукроналик туй­ғуси шифокорлардагина эмас, беморлар қалбидаям ҳамиша барқарор бўлишига эришиш учун қўлимиздан келганича астойдил курашаверамиз, - дейди Абдуллажон Юнусов.

Содиқ САЙҲУН