Суд-тиббий экспертиза - соғлиқни сақлаш тизимининг иқтисослаштирилган шохобчаларидан бири ҳисобланади. Фаолияти жиҳатидан бошқа соҳаларидан фарқли жиҳатлари ўзига хос. Яъни, жиноий ва фуқаролик ишларини суриштириш, тергов қилиш ва суд жараёнида туғиладиган тиббий-биологик масалаларни экспертиза ўтказиш орқали ҳал қилинишига кўмаклашади. Бу эса фаолиятида ўта аниқлик, ҳаққонийлик бўлишини талаб этади. Унинг ходимлари масъулиятининг юксаклигини шунинг ўзиёқ яққол англатиб туради.
Наманганда суд-тиббий экспертиза хизмати вилоят ташкил этилган 1941 йилдан бошлангани бизга маълум. Иккинчи жаҳон уруши кетаётганига қарамай, тиббиётнинг муҳим таркибий қисми сифатида экспертиза хизмати муҳимлиги назарда тутиб, дастлаб бу вазифани Наманган шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими мудири А.Иброҳимовнинг ўзи қўшимча вазифа сифатида адо этиб турди. Чунки, у маҳалда экспертиза ишлари қамрови кенг эмасди. Аҳён-аҳёндаги қотиллик ёки ёшни аниқлаш бўйича ўтказиларди, холос. Соҳа учун зарур мутахассисга бўлган эҳтиёжни имкон қадар қондириш чора тадбирлари кўрилди. 1942 йили Тошкент тиббиёт институтини тамомлаган В.В.Войно - Ясенецкий Наманганга юборилди. У машҳур хирургнинг фарзанди бўлгани учун отаси каби жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказишни яхши ўрганган эди. Шунинг учун патолог-анатомик хизматни олиб бориш билан бирга тўрт йил давомида суд-тиббий экспертиза ўтказиб, зиммасидаги вазифани фаол бажаришга интилди.
Тинчлик даврига келиб, тажрибали, кўпйиллик жарроҳлик маҳоратига эга мутахассислар ҳам вилоятга келишади. Н.Е Плетнев ўттиз йил хирурглик қилгани учун бу ердаги ишларни тубдан яхшиланишига катта ҳисса қўшди. У тўрт йил ишлагач, ўрнини И.Г.Шафиевга муносиб кўради. Шогирди 1949 -1952 йилларда экспертиза ишларини моҳирона юритади.
1953 йилга келиб, В.А.Акбаров бошчилигида вилоятда бир неча мутахассис ва ходимлардан иборат суд-тиббий экспертиза бюроси ташкилланади. Йилдан йилга жамоа сафлари ҳам кенгаяди. Масалан, 1958 йили Учқўрғонда туманлараро бўлинма очилади. Норин, Уйчи, Чортоқ каби туманларига ҳам яқиндан хизмат кўрсатади. Бўлинма эксперти М.Назаров ўзининг бутун умрини шу ишга бағишлайди.
1959 йили Наманган вилояти Андижон вилоятига қўшиб юборилган. Намангандаги вилоят бюроси туманлараро бўлинма тарзида фаолият кўрсатган.
1965 йили эса Тўрақўрғон туманлараро бўлинмаси иш бошлайди. Унга Турғун Юсупов эксперт ва мудир этиб тайинланади. У нафақат Тўрақўрғон туманига, балки, Задарё ва Наманган туманларига ҳам хизмат кўрсатишни тобора яхши йўлга қўйиб, моҳир раҳбар сифатида вилоятга танилади.
1968-1972 йилларда суд-тиббий экспертиза бюроси бошлиғи Э.Абдуғаффоров соҳа ишини ривожлантириш учун янада жон куйдирди. Унинг жамоаси фаолияти қайта ташкилланган Наманган вилояти тиббиётининг мазкур тармоғи хизматини янада такомиллаштирди.
Юқорида тилга олганимиздек Тўрақўрғонда камолга етган ташкилотчи, билимдон ва тажрибали эксперт-врач Турғун Юсупов ҳамкасблари ўртасида чинакамига катта обрў қозонганди. 1973 йили соҳанинг вилоят раҳбарлиги зиммасига юклатилгач, у ўзининг бутун куч-ғайратини суд-тиббий экспертиза хизмати сифатини яхшилашга мутахассис кадрлар малакасини оширишга, жамоа учун қулай иш шароитлари яратишга ўзининг бутун диққат эътиборини қаратди. Чунончи, 1976 йили бюро жамоаси янги бинога эга бўлди. Лаборатория янги асбоб-ускуналар билан таъминланди. 1981 йили Поп туман бўлинмаси очилди. Унга Ш.Х.Сатторов эксперт этиб тайинланди.
Устоз Т.Юсупов кўплаб шогирдлар етиштирди. Улар истиқлол йилларида соҳа ривожи учун астойдил жон куйдиришмоқда.
Бу даврларда бюродаги лаборатория тузилмаларининг фаолиятини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилган эди. Дастлаб биология, кимё бўлимлари ташкилланиб, берилган хулосаларнинг илмий асосланишига қулай шароит туғдирилди.1984 йилда бюрода тиббий криминалистика бўлинмаси очилди. Бўлинма ишини Украинанинг Киев шаҳрида малака ошириб қайтган Ш.Тўхтаев юритди.
1991 йилда қайта ва комиссион экспертизалар бўлими фаолияти йўлга қўйилди. Унга А.Баратов мудир этиб тайинланди.
2001 йилда бюронинг Чуст туман бўлинмасига Ш.Тўхтаев эксперт қилиб юборилди. У ишларни янада такомиллаштирди.
Вилоят муассасасига 1998-2002 йилларда А.Отабоев, 2002-2011 йилларда М.Маматқуловлар раҳбарлик қилган бўлсалар, 2011 йилдан Маҳаммадамин Эргашев жамоа бошлиғидир. Ҳозирда Наманган вилоят суд-тиббий экспертиза хизматининг таркиби маъмурий бошқарув, морфологик, гистологик, амбулатория методик, биология, химия каби бўлим ва бўлинмалардан иборат. Бюрода фаолият кўрсатиб келаётган экспертларнинг аксарияти олий ва биринчи тоифали врачлардир.
Бу ерда устоз ва мураббийларга ҳамиша юксак эҳтиром кўрсатиш анъанага айланган. Фикримизнинг далили сифатида 2015 йилда Борижон Муҳсинов, Мирзаазим Рўзиев, 2016 йилда Шавкатжон Тўхтаевларнинг 60 ёшлик таваллуд айёмлари алоҳида-алоҳида тантанали нишонланди. Бюро маъмурияти, касаба уюшма ва хотин-қизлар қўмиталари чиройли дастурхон ёзиб, уларни давра тўрига ўтқазишди.
Ҳозирда 21 нафар врач ва 30 нафар ўрта тиббиёт ходимлари хизмат қилишмоқда. Зафаржон Шарофиддинов, Муҳтарам Зокирова, Хулкарой Низомбоева, Шерзод Жўраев, Иброҳим Акбаров каби ходимлар ҳам ҳамиша бюро ишини фаол олиб бориш жонкуярларидир.
- Биз Президентимизнинг тиббиёт фахрийларига алоҳида эътибор кўрсатаётганликларидан миннатдормиз, - дейди Шавкатжон Тўхтаев. - Шунинг учун пенсияда бўлишимизга қарамай, хизматимизни янада зўр иштиёқ билан давом эттиряпмиз. Билим ва тажрибаларимизни ёш шогирдларимизга ҳеч аямай ўргатяпмиз. Бюро раҳбари Маҳаммадамин Эргашевга ҳамиша қимматли маслаҳатларимиз билан кўмакдошликни ўз бурчимиз, деб биламиз.
Содиқ САЙҲУН