Рентгенолог врач Адҳаммирзо акани аввалдан танирдим. Қадрдонимиз Наманган муҳандислик-педагогика институти доценти Олимжон Эгамбердиев билан дилкаш суҳбатлар авжига чиққан давраларда, ёзувчи тенгдошим Исҳоқжон Нишоновнинг янги китоблар тақдимоти тадбирларида учрашганмиз. Ростиси, ўзи шифокор бўлатуриб, адабиётнинг тарбия кучини чуқур идрок этадиган, айни маҳалда унинг сеҳридан атрофидагиларга ҳам юқтиришни одатлаган бу ажойиб инсоннинг ўзига хос камёб хислатларига қойил қолмоқ ҳолатларидан кўп бор хурсандлик туйганман. Бултур Чортоққа йўлим тушганида марказий шифохона ҳовлисидаги мўъжаз бўлими остонасини хатлабоқ ҳайратландим. Пештоқи баланд, бўйдор бинонинг ичкарисига беихтиёр назар ташлайман. Ўзи яп-янгидегу, лекин бичими - лойиҳаси бошқа бинолардан фарқли. Эскича десак, гўё қадрини пасайтирадигандекман.

- Ўзингизга ўхшаб ишхонангиз биносиям ўзгача экан, - лутф қилдим Адҳаммирзо акага.

- Юз уч йиллик тарихга эга бу бино, - дея изоҳ бера кетди жилмайганча дўхтир. - Ака-ука Нобеллардан ёдгорлик. Ўтган асрнинг 13-йилида қурилган экан Чортоқда нефтъ қидирувчилар қароргоҳи қилиб. Кейинчалик тиббиётчилар ихтиёрига ўтказилган. Йиллар уни қаритолмаган, аниқроғи, сифатли, пишиқ қурилиш материалларидан тиклангани учун ниҳоят истиқлол йилларида мукаммал таъмирлаб берилди. Кўҳна ва тарихий бинога замонавий меъморчилик андозалари асосида янги қиёфа бағишланди. Қаранг, йигитлардек виқорли, кўркам. Мана шу хонага 1984 йилда кирганман. Ҳамон беморларни қабул қиламан.

Беихтиёр нигоҳим китоб жавонига тушади. Турли-туман тиббиётга доир рисолалар, журналлар, ҳатто бадиий китобларгача териб қўйилган. Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Оташ Холмирзаев, Ҳабиб Саъдулла, Зиёвиддин Мансур каби элга таниқли ижодкорларнинг тўпламлари. Иш столи устида эса "Халқ сўзи", "Наманган ҳақиқати", "Халқ иродаси", "Чортоқ ҳақиқати" ва яна бир қатор газеталарнинг янги сонлари... деворда бўш жойнинг ўзи йўқ - плакатлар, паннолар, хитой халқининг инсон саломатлиги, қайнона келин муносабатларидаги қарама-қаршиликларни уйғунликка, бир-бирига меҳрибонликка чорловчи ривоятнинг катта-катта ҳарфларда битилган баннер эшикдан киргандаёқ кўзга ташланадиган ҳолатда. Ғоят нигоҳтортар... ҳаммаси бу ерда бежиз жамулжам эмас. Адҳаммирзо ака бўш вақтини ҳеч бемутолаа ўтказолмайди. Китоб варақлайди, газета саҳифаларига кўз югуртиради. Ўқиганларидан уққанларини ҳузурига кирувчиларга ҳам "юқтиргиси"келади. Энг муҳими, у каттами, кичикми бемор рент­генга тушгани остонасини ҳатласа, уларни ҳамиша устма-уст саволларга тутади. Кайфиятини, ҳолатини аввал ўрганиб олади. Сўнг "ўткир кўз" аппаратига солади. Ўзининг иборасича қолганини рентген тасвири "гапиради".

Дўхтир ҳузурида ўтирган бемор йигитнинг кўкрак қафаси тасвирига ёруғликка тутганича қайта-қайта нигоҳ ташлади.

- Қачондан ҳансираяпсиз?

- Иккинчи ҳафтага ўтиб қолди.

- Йўтал тутяптими?

- Гоҳо-гоҳо, лекин нафасим қисилаётгани қийнаяпти.

- Тушунарли. Ҳаммасини аниқладик ҳисоб. Ўпкангизнинг ўнг томонига сув йиғилибди. Даволанасиз. Кейин яна рентгенга тушасиз. Солиштиришимиз керак.

- Касалим оғирмасми

- Ҳалиям кечикмабсиз. Врачингиз фунция қилиб ўпкангиздаги сувни олиб ташласа, ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетасиз.

Йигитнинг юзига таббасум ёйилди. Ташхиси ёзилган қоғозни қўлига олганича эшикка юзланди. У чиқиб кетиши биланоқ ёши улуғ инсон остона ҳатлади.

Дўхтир, ҳар сафар сизга учрашсам ўзимни анча енгил ҳис қиламан, - деди у худди таскинбахш сўзларни қўмсагандай оҳангда.

- Жуда яхши-да, одамнинг тафтини одам олади Авазхон.

- Аслида шундай бўлсаям сиз бутунлай бошқачасиз. Аввалги аҳволим қандай эди-ю бугун қандайман.

- Бу бизларнинг бурчимиз, тўғри йўл кўрсатганаканман, умрингизга умр қўшволдингиз-да.

- Раҳмат ака, тавсия этган хамкасбингиз, профессор Шуҳрат Каримович ҳавфли ўсмани тўхтатишнинг чинакам устаси экан.

- Биринчи учрашганингизда ҳолатингиз ҳақиқатдан чатоқ эди, ваҳимага туширмадиму, ўзим билган энг самарали муолажалар соҳибига йўллагандим. Пойтахтдаги профессор дўхтирдан катта наф кўрдингиз. Рентгенда кўзга ташланган ўсма шиш вақтида бужмайишининг ўзиёқ беморга яшаш умидини қайтаради. Агар катталашишда давом этаверганида юракни қисиб ҳалокатга олиб борарди. Энди сигаретни бутунлай ташладингизми?

- Ташладим, ташладим!

- Боплабсиз, етмишга қараб кетаётган экансиз, ҳали саксон-тўқсон йиллик тўйларингизга ҳам таклиф қилсангиз ажаб эмас.

- Қанийди дўхтир, қанийди. Кекса онамлар "Мендан олдин кетиб қолма, болам" деявериб кўзларига ёш олганларида юрагим орқага тортаверарди. Ниҳоят, у кишиниям кўнглини тинчлантирадиган бўлганим учун Аллоҳимга минг бора шукур!

Адҳаммирзо Сотиволдиевнинг ҳаёти ҳар куни ана шундай эзгуликларга эш ҳолда мазмунли ва мароқли кечади. Чортоқликлар унинг номини беҳад ҳурмат билан тилга олади. Чунки сўзлари мулойим, маънодор, меҳр-оқибати беғараз. Элга ёқимли хислатларини миришкор пахтакор, ҳам одамлар ташвишида, ҳам мўл ҳосил ғамида кеча-кундуз югуриб-елиб чарчамайдиган серғайрат инсон, уддабурон биргадир Ёқубжон отасидан, опа-синглиси-ю, укалари билан бирга икки қизу тўрт ўғилни оқ ювиб оқ тараган болажон онаси Маҳфиратхон оядан олган.

У Айқирондаги мактабни 1970 йилда тугалаб, Тошкент давлат тиббиёт институтида олти йил тиб илмини пухта ўзлаштирди. Айниқса, Ёлқин Тўрақулов, Ўктам Орипов, Наби Мажидов каби академик ва профессорларнинг фанлар бўйича маърузаларини тинглаб, мағзини чақиб, Рафаел Александирович Кацелов раҳбарлигида амалиёт ўтаб, сабоқларини мукаммаллаштирганлиги мустақил меҳнат фаолияти ҳеч қийинчиликсиз ғоят муваффаққиятли бошланишида жуда қўл келди. 1977 йилдан вилоят кўптармоқли шифохонасининг ички касалликлар бўлимида интернатурани ўтади. Келгуси йили эса Чортоқ туман марказий касалхонасининг сил касалликларини даволовчи бўлимига мудирликка тайинланди. Фтизиа­тор мутахассислигига иқтисослашиб, етти йил давомида ҳам беморларни даволади, ҳам кичик жамоасини катта мақсадлар сари етаклади. Яъни сил касалларни даволаш билан бирга теппа-тенг ҳолатда хасталикнинг олдини олиш ҳақида астойдил қайғурди. Ҳатто мавжуд муамолларни дадил ўртага қўйиб, ҳал этишга интилиш журъатини топди. Натижада дастлаб, биргина ўзи врач бўлса, кейин ёнига яна икки касбдош қўшилди. Хоналар кўпайди, лабораториягача ташкилланди. Ҳисобда турганларнинг дорилари уйигача олиб бориб берилди. Мантуреакцияси қўйилиб, касаллик аломатлари аниқланди, силга мойиллар ажратилиб, даволатилди. Бу билан ҳам қаноатланмасдан вилоятимиздаги "Ғова", "Янгиобод" сиҳатгоҳларида соғломлаштириш учун болаларга йўлланмалар тарқатилди. Зарурлари Тошкентгача жўнатилди. Натижада касаликка чалинаётганларнинг сонини йилдан йил озайтиришга эришилди.

Адҳаммирзо Ёқубович 1985 йили рентген-диагностика бўлимига ўтказилди. Ёш, изланувчан врач янги вазифада ҳам фидойиликни биринчи ўринга қўйди. Аввалги шифохона бош врачи Иброҳим Отамирзаевдан касбга садоқатни қанча ўрганган бўлса, ке­йинги бош врач Вали Муродович Тожибоевдан ўзлаштирган фазилатлари ундан кам бўлмади.

- Вали Муродович моҳир жарроҳу узоқни кўра билган раҳбар эди, - дея эслайди Адҳаммирзо мамнуният билан. - Илгарилари бўлимимиз фақат кундузлари ишларди, тунда шикастланганлар келса, ё эрталабгача кутишарди, ё вилоят маркази Наманганга боришиб рентгенга тушишга мажбур эдилар. Мен ўн саккиз йил муқаддам худди шу муаммони бош врачга айтиб, ижобий ечим излагандим. Буни қарангки, Вали Муродович ҳам масала айни вақтда тўғри қўйилганини эътирофлаб, 1998 йилнинг 30 июнида дард чекаётганлар учун ғоят фойдали буйруқни чиқаздилар. Аниқроғи, 1 июлдан бошлаб шикастланганларга зудлик билан тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида рент­ген кабинетида тунги навбатчилик жорий этилди.

Албатта, бунгача ҳам истиқлол ислоҳотлари доирасида анча ижобий ўзгаришлар қилинганди. Адҳаммирзонинг саъй-ҳаракатлари билан қадрдонлари Аълохон Мамажонов ва Муталжон Раҳматовнинг қўллаб-қувватлашлари туфайли 1995 йили туманга "Рум-20м" русумли, ўша пайтдаги энг замонавий рентген аппарати келтирилиб, ўрнатилганди. Шу боис аҳолига катта қулайликлар яратиб қўйилганди. Ва ниҳоят 2014 йилнинг охирларида Белгияда ишлаб чиқарилган "Дегийдазер" АGFАнинг бўлимга берилиши эса компьютерлашган янги тизимга уланиш имкониятини яратди. Энди беморларнинг танасидаги касаллик аломатлари, ўзгаришлар тасвирини мониторда ўша пайтнинг ўзидаёқ кўз билан кўриш, зарурат туғилса вилоятдаги юқори малакали мутахассисларга хулоса айтиш ва маслаҳат учун интернет орқали бир зумдаёқ жўнатиб, жавоб олиш мумкин.

- Адҳаммирзо Сотиволдиев юксак салоҳиятли, мукаммал малакали врачгина эмас айни дамда садоқатли дўст ҳамдир, - дейди Наманган муҳандислик-педагогик институти ўқитувчиси, математика фанлари номзоди Олимжон Эгамбердиев. - Маънавияти юксак, ҳамиша қўли китобли, тили хитобли. Қачон учрашмайлик даврамизга файз киритиб, бундан ўзи ҳам ғоят завқ-шавққа тўлади. Чортоқ тиббиёти тарихи ҳақида рисола ёзганини айтмайсизми. Яна инсонларни баркамолликка чорловчи тарбиявий мавзудаги мақолалари билан вилоят ва туман газеталарида қатнашиб туради.

Халқнинг меҳр ихлосини қозонган, бутун умрини дардмандларга нажот қўлини чўзиш билан ўтказаётган пенсия ёшида бўлишига қарамай оқ халатлилар сафини тарк этишни хаёлига келтирмайдиган фидойи инсон ҳозирда Ўзбекистон Миллий тикланиш партияси Чортоқ туман бўлимида фаолдир.

Ҳакимликдан ҳурмати баланд, оталикдан пиру бадавлатлик мартабаси юқори бўлган Адҳаммирзонинг кўнгли тақдир толеъи­дан янада мунаввар. Турмушдоши ҳамшира Кимёхон Абдумажидовна билан уч ўғилни вояга етказишган. Олий маълумотли фарзандлари - Беҳзод, Шерзод ва Бунёдлар турли соҳаларда ўзларига муносиб ўринларни топишган. Келинлари Нафиса, Дилфуза ва Марғубахонлар ёш авлодга таълим- тарбия бераётган муаллималардир. 5 ўғил ва 1 қиз набиранинг бобоси Сотиволдиевлар сулоласи сафлари йилдан-йилга кенгайиб боришидан ҳадсиз фахр туяди.

Адҳаммирзо Сотиволдиев (чапда) ҳамкасб шогирдларига ҳамиша маслаҳатгўй.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ тасвирга туширган.

Содиқ САЙҲУН