Кейинги пайтда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассисларининг вилоятимизга ташрифи фаоллашяпти. Ҳамкасблари билан ҳамкорлик доираси кенгайиб бормоқда.
Улар бу гал Учқўрғон туманида бўлишди. РИЭИАТМ шифокори Муниса Расулова, вилоят эндокринология диспансери бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов, эндокринологлар Латифжон Нуриддинов, Наргиза Тожимирзаевалар янги таъмирланган марказий поликлиника биноси ва эндокринолог хонасидаги шароитлар билан яқиндан танишдилар. Қандли диабет билан оғриган беморлар учун қабул ташкилланди.
- Мен бир неча йилдан буён вилоят эндокринология диспансерида даволаниб тураман. Тошкентдан келган дўхтир Мунисахон қизим соғлигимни текшириб, керакли тавсия ва маслаҳатлар берди, - дейди Қайқи қишлоғилик Абдураҳим Жабборов.
Учқўрғон шаҳрида яшовчи Маъмура Султонованинг томоқ ости бироз шишиб қолгани учун шифокор М.Расулова эндемик буқоқ хасталиги бошланаётганини айтиб, унга дори-дармон ва муолажалар буюрди.
Шу куни пойтахтлик шифокорлар маҳаллий ҳамкасблари учун «Маҳорат дарси» ҳам ўтиб беришди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.