Наманган туманида азал-азалдан миришкор боғбонлару соҳибкор деҳқонлар яшашади. Уларнинг меҳнати туфайли юртимиз бозорлари, савдо дўконлари қишин-ёзин мева ҳамда полиз ва сабзавот маҳсулотларига тўкин. Қувончлиси, касби шифокор бўлса-да, ерга бор меҳрини берган, ҳовлилари, томорқаларидан оқилона фойдаланаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Баҳриддин Сиддиқовга ана шундай фидойилар тўғрисида мақола ёзмоқчилигимизни айтганимизда, бундай тадбиркор, ишбилармон шифокорларнинг бир нечаси номини тилга олди.
Тепақўрғон қишлоғидаги Маҳмуджон Ломидов хонадонидамиз. Ўн беш сотихли боғда олма, ўрик, нок, гилос ва бошқа турли-туман дарахтлар гулини тўкиб, кўм-кўк либосга бурканаётибди. Мевали дарахтларнинг барчаси ҳосилга кириб довучча туккан. Ҳатто остида картошка, сабзи, пиёз барқ уриб ўсаяпти.
- Мана бу ўрик май ойидаёқ пишади, - деди Наманган ТТБ тез тиббий ёрдам бўлими катта фельдшери Маҳмуджоннинг отаси, меҳнат фахрийси Ҳасанбой ҳожи Ломидов. - Боққа қарашни ўғлим ва келиним Мурубатхонга ўргатганман. Ҳозирда ўзлари завқ билан тер тўкишиб, кундан-кун яшнатиб юборишяпти.
Тепақўрғон қишлоғидаги тез тиббий ёрдам бўлими фельдшери Музаффар Ибрагимов ҳовлисида бу йил 4 сотихли иссиқхона қурилган. Ўтган йили бир сотих жойдан мўмайгина даромад олингани учун иссиқхона янада кенгайтирилибди. Унга экилган помидорнинг эртапишар "Белла" нави ҳозирда қизариш арафасида.
Туманнинг Оқбулоқ қишлоғида истиқомат қилувчи врач-стоматолог Ҳабибулло Мирабдуллаев 2 сотихли иссиқхонада бодрингнинг эртапишар "Чемпион" ва помидорнинг "Бўрон" навларини экиб парваришламоқда.
- Ҳозирда бодринглар пишиб етилди. Ўзимиз ва қўни-қўшнилардан ортганини қишлоқдаги савдо дўконлари-ю, ошхоналарга ҳам сотяпмиз. Яхшигина даромад топяпмиз. Ўғилларим Нодирбек, Ғолибжон, Муроджон, келинларим экинларни парваришлашнинг ҳадисини олишган. Ўзим ҳам қараб турмайман. Ҳашаротлар тушмаслиги учун дорилар сепиб бораман. Шунинг учун экинимиз тоза, касаллиги йўқ, келгусида лимон етиштиришни ҳам ташкил этмоқчимиз, - дейди шифокор Ҳ. Мирабдуллаев.
Қирғизқўрғон қишлоғида ҳам боғбонлар талайгина экан. Абдураҳим ҳожи Солибоев туман тиббиёт бирлашмасида бош лаборант. У киши 68 ёшда бўлса-да, ёшлардек серғайрат. 10 сотихли томорқасида мевали дарахт кўчатларининг барча турларини ўстирмоқда. Янги токларгача ўтқазилибди. Ўрик, бодом, хурмо, эртапишар луччак шафтоли, беҳи, анжир, анорнинг "Туятиш", гилоснинг "Тошкент" навлари - барчаси боғ кўркига кўрк қўшиб турибди. Дарахт ости қатор ораларига саримсоқпиёзу картошкагача экилган.
Меҳнат фахрийси, тиббиётчилар сулоласи сардори шундай деди:
- Қизларим Наргиза 13-ҚОПда, Нодира ТТБда, Муззам туғруқ бўлимида, ўғлим Бахтиёр туман ДСЭНМда ишлаши билан бирга томорқаларида ҳам меҳнат қилиб мўмай даромад топишяпти. Ватанимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшишаётганидан хурсандман. Ватанимиз янада обод бўлаверсин, тинчлигимизга, тўкинчилигимизга сира-сира кўз тегмасин.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.
Муаллиф олган суратлар.