Солижон МЎМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Инсон учун ҳаёт бир марта бериладиган энг бебаҳо неъматдир. Саломатлигини сақлаш эҳтиёжи эса ҳамиша долзарб ва устувор ҳисобланади. Бу жиҳатдан қараганда, тиббий хизматнинг юқори даражада ташкил этилиши ғоятда муҳимдир. Кадрларнинг билим ва малака салоҳияти тиббий хизмат муваффақиятида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соҳага доир қатор қарор ва фармонлари янгидан-янги ислоҳотларнинг изчил бажарилишида асосий дастурил амал бўлиб келмоқда. Айни маҳалда барча вазифаларимиз масъулияти ҳар қачонгидан юксакдир.

Тиббиёт муассасалари қайта таъмирланиб, энг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланаётган бир пайт­да ғоят ўткир муаммо юзага келдики, уни зудлик билан ҳал этиш зарур эди. Гап шифокор мутахассислар етишмовчилиги ҳақида бормоқда. Мамлакатимиз мисолида кўрилганда 11 минг нафардан зиёд врачга эҳтиёж сезилаётганди. Биргина Наманган вилоятининг ўзида эса салкам 600 нафарга яқин мутахассис ўрни бўш қолаётганди. Бу тан­қислик янги ташкил қилинган қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларида нисбатан кўпроқ кузатилаётганди. Мана шундай мураккаб вазиятдан чиқишга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан оқилона ечим топилганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Биринчидан, пенсия ёшидаги шифокорларнинг фаолиятларини тўлиқ давом эттиришларига ижозат берилди. Наманганнинг ўзида ўнлаб тажрибали ва маҳоратли врачлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фаолиятларини қайта бошлашди. Бу билан нафақат бўш ўринлар тўлдирилди, балки тиббиёт масканларида устоз-шогирд анъаналарини қайта шакллантиришга имконият яратилди. Ҳозир кўплаб ёш тиббиёт ходимлари уларга бириктириб қўйилди. Натижада маҳорат ошириш ва назарий билимларни амалиёт билан боғлашда ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш давлат тизими ташкилотларини кадрлар билан таъминлашни яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 920-сонли қарорининг қабул қилиниши ҳам масалага ижобий ечим топишга йўл очди. Унга кўра тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, республика аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш, шунингдек, ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби такомиллаштирилди. Бу қарорнинг ижроси таъминланиши баробарида биргина вилоятимизда 148 та ставкадаги вакант ўринлар қопланди. Энди шифокорлар 1,5 - 2 ставкадан иш билан таъминландилар.

Врач-мутахассислар билан таъминлаш самарадорлигини оширишда тиббиёт олийгоҳлари бир йўла 7- ва 6-бос­қич битирувчиларининг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасаларга ишга юборилганлиги ҳам жуда қўл келганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Жорий йилнинг ўзида вилоятимизга республикамиздаги мавжуд тиббиёт олийгоҳларида таълим олаётган жами 214 нафар битирувчилар ишга жўнатилиши кўзда тутилмоқда. Январь ойида тиббиёт олийгоҳлари 7-босқич битирувчиларидан 74 нафар ва клиник орденатурани тамомлаганлардан 36 нафари вилоятимиз тиббиёт муассасаларида фаолиятни бошлаган бўлсалар, яна 6-босқич битирувчиларидан 102 нафар ҳамда магистратурани тугатганлардан 18 нафари вилоятимиз шифокорлари сафидан жой олишади. Ёш кадрлар шаҳар ва туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида, оилавий поликлиникалар ва ҚВПларда ишга қабул қилинади. Улар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари кесимида шифокорлар етишмовчилигига барҳам беришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Сир эмас, юқори малакали ва бир неча соҳаларни мукаммал ўзлаштирган ҳамкасбларимизнинг айримлари хориж клиника ва шифохоналарида хизмат қилишяпти. Уларни Ватанимизга қайтариш борасида ҳам самарали иш олиб бориляпти. Улар шу кунларда чет элда тўплаган тажрибаларини касбдошларига баҳоли қудрат ўргатиб боришмоқда.

Кадрлар - етакчи куч. Ҳар қандай соҳа ривожида улар ҳал қилувчи роль ўйнашади. Сафларимизни етук ва билимдон, тажрибали ва малакали врачлар, тор доирадаги шифокорлар билан мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни асло сусайтирмаймиз.