Мамлакатимизда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида турли касалликларнинг олдини олиш ва камайтириш мақсадида ўн икки хил юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари олиб борилади. Бу ўзининг қувончли самараларини беряпти. Масалан, дифтерия 2001 йилдан буён қайд қилинмаган бўлса, гепатит "В" билан касалланиш кескин камайди. Полиомиелит хасталиги 1996 йилдан бери кузатилмади. Булар эмлашнинг нақадар фойдали эканини тасдиқлайди.
Биргина полиомиелит ҳақида маълумот берсак, ундан сақланиш инсоннинг доимий ҳаракатини таъминловчи ҳаётий заруратлигини англаб етамиз. Ўткир юқумли касаллик ҳисобланган, кўпроқ асаб тизимининг шикастланиши билан характерланади. Ҳозирги кунда унинг уч тури вируслари мавжуд бўлиб, барчаси касалликни чақириш хусусиятига эга.
Юқтирувчи асосий манбаа бемор ҳисобланади. Асосан оғиз орқали, фекал-орал механизми ва ҳаво томчи йўлидан юқади. Аксарият ҳолларда бу билан 5 ёшгача бўлган болалар касалланади. Унинг қўзғатувчиси оддий шамоллаш вирусига ўхшаш. Шу боис одатда иситма ва мускуллар оғришига сабаб бўлади.
Шол касаллиги асоратли кечганда тананинг бирор қисми кучсизланиб қолади ёки фалажланади. Вақт ўтиши билан қўл - оёқлар озиб кетади ҳамда секин ўсади. Беморлар кўкрак қафаси мушаклари зарарланганда нафас етишмовчилиги сабабли ҳатто ўлим ҳолатигача етади. Таянч-ҳаракат мушаклари ишламасдан ногирон бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Касалликдан сақланишнинг ягона ва самарали йўли полиомиелитга қарши эмлаш муолажасини олишдир. Унутманг, биргина эмланмаган бола бошқаларнинг саломатлигини хавф остига қўяди. Шунинг учун, Миллий эмлаш тақвимига кўра жорий йил 23 апрелдан янги ИПВ (инактивланган полиомиелит вакцинаси) билан эмлаш бошланади.
Режали иммунизация доирасида ИПВ вакцинаси билан эмлаш боланинг 4 ойлигида ўтказилади. ОПВ аввалгидек шолни тугатишга эришишда асосий вакцинадир. ОПВ - ИПВ ўрнини босмайди. ИПВ жуда муҳим, хавфсиз вакцина ҳисобланади, ОПВ билан бирга юборилганда болада полиомиелитга қарши мустаҳкам ҳимоя шаклланади. ИПВ болани полиомиелитдан янада кучлироқ ҳимоялайди ва иккала вакцина хам бола учун фойдали.
ИПВ болага инъекция усулида юборилиб, қондаги иммунитетни оширади. ОПВ эса оғиз орқали қабул қилинади ва ичакдаги иммунитетни таъминлайди.
ИПВ иммунодефицит ҳолатдаги ва чала туғилган болаларга ҳам юборилиши мумкин.
ИПВга қуйидаги ҳолатларда эмлашга қарши кўрсатмалар мавжуд:
- Аввалда юборилган ИПВ дозасига реакциялар, стрептомицин, неомицин ёки полимиксин B га аллергия, тромбоцитопения (қон ивишида муҳим рол ўйнайдиган тромбоцитларнинг қондаги миқдорини камайганлиги), қон кетиш билан кузатиладиган бошқа касалликларда. Агар болада шундай ҳолат учратилса, ИПВга эмлаш мумкин эмас.
- Иммун жавоб реакциясини пасайтириш учун даволаш ўтказилганда ИПВ билан эмлаш кечиктирилади.
Дилфуза БОЛТИБОЕВА,
ВССБнинг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими
бош мутахассиси.