Маълумки, 7 апрель - Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида нишонланади. Анъанага кўра, жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси жамоаси бу кунни кенг кўламда тиббий тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкиллаш билан муносиб нишонлади.
Бўлинма директори вазифасини бажарувчи Ирода Мусаева айтганидек: барча туманларга ва шаҳарга илмий-тадқиқотчи ходимлар юборилди. Улар маҳалла, мактаб, коллеж ва академик лицейларда "Соғлом турмуш тарзи- соғлигимиз гарови" мавзусида чиқишлар қилишди. Суҳбатлар ўтказишиб, савол-жавоблар уюштиришди. Тиббий кўрикнинг аҳамияти, тозалик тартиблари, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик каби мавзуларга тингловчиларнинг диққат-эътибори қаратилди.
Шунингдек, анкета сўровномалари тарқатилиб, улар тўлдиртирилди. Саволларга жавоблар таҳлилдан ўтказилди. Тингловчиларнинг тиббий билим ва саводхонлиги даражаси аниқланди. Айниқса, турли касалликларнинг олдини олиш тавсиялари тавсифланган буклетлар тарқатилди.
"Халқ соғлиги - юрт бойлиги" деб бежиз айтилмайди. Бутун жаҳон саломатлик куни тадбирлари аҳолини турли касалликларнинг олдини олишлари учун энг зарур тиббий билимларга эга бўлишларини таъминлашга катта ҳисса бўлиб қўшилди, албатта. Чунки, ҳудудий бўлинма ходимлари зиммаларига юклатилган вазифани кун давомида илмий жиҳатдан пухта тайёргарлик билан фаол адо этдилар.
(Ўз мухбиримиз).