Вилоятимизда яна бир муҳим тиббий тадбир бошланди. Жорий йилнинг 10 апрелидан 10 майига қадар Наманган шаҳар ва барча туманлардаги мактаб ўқувчиларини соғломлаштириш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўрикни ташкил этиш бўйича долзарб ойлик эълон қилинди. Айни кунларда вилоятимизнинг барча ҳудудларида мазкур тиббий жараён жадал равишда ташкил этилган. Жумладан, Наманган шаҳрида амалга оширилаётган ишлар эътиборга моликдир. Мавжуд 83 та таълим масканида шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва 13 та оилавий поликлиникалар шифокор мутахассислари самарали фаолият олиб боришмоқда.
49-мактабидаги тиббий кўрик ҳам уюшқоқлик билан бормоқда. Дарвозадан киришингиз биланоқ нигоҳингиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чорловчи тасвирий тарғибот воситаларига тушади. Ичкарида эса 8-оила поликлиникаси травматолог-жарроҳи Азизбек Раҳмонов бошчилигидаги шифокорлар бригадаси ўқувчилар саломатлигини текширувдан ўтказмоқда. Ҳар бир бола соғлиғи лор, офтальмолог, невропотолог, гинеколог, стоматологлар томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилмоқда. Касаллиги аниқланган ўқувчилар ҳақидаги маълумотлар саралаб олинмоқда.Офтальмолог Малика Солибоева, лор врачи Юсуфжон Жабборов, стоматолог Комилжон Темировлар муҳим тадбир сифатли ўтказилишини таъминлашда ҳамкасбларига ибрат бўлишаётир.
Соғломлаштириш тадбирлари 26- ва 80-мактабларда ҳам намунали ташкил этилган. 3-оила поликлиникасининг Абдуаҳад Нурматов ва 10-оила поликлиникасининг Марҳабо Ҳошимова раҳбарлигидаги тиббий бригадалари чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг сифатли амалга оширилиши учун жонбозлик кўрсатишмоқда. Шунингдек, ёшлар ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш масалалари, соғлом турмуш тарзи тарғиботига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вакиллари томонидан тарқатилаётган тарғибот воситалари ўғил-қизлар тиббий саводхонлигини оширишга хизмат қилаётир.
Суратларда: тиббий тадбирдан лавҳалар.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.