Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шароитларни яратиш тўғрисида"ги ПҚ-3450-сонли қарорига мувофиқ жойларда фаол ишлар олиб борилмоқда.
Наманган шаҳридаги вилоят маданият ва аҳоли дам олиш марказида ташкилланган кўргазмали-семинар эса мазкур қарор доирасидаги долзарб вазифаларга бағишланди.
Тадбир аввалида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримовлар сўзга чиқишиб, тиббий хизматни такомиллаштириш, айниқса хусусий секторни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирдилар. Сўнгра вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Назиржон Давлатовнинг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3450-сонли қарори ижроси юзасидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни юритиш тўғрисида"ги маърузаси иштирокчилар томонидан қизиқиш билан тингланди.
Нотиқнинг таъкидлашича, маҳаллий кадрлар эндиликда хорижий давлатларда малака оширадилар. Чет мамлакатлардан вилоятимизга тажрибали мутахассислар таклиф этилади. Етакчи хусусий тиббиёт ташкилотлари инфратузилмаси бўйича шартнома асосида ўқув базалари ташкил этилади. Бу ишлар Асакабанк таркиби бўйича амалга оширилади, нафақат хусусий балки давлат тиббиёт ташкилотларини ҳам 2020 йиллардан бошлаб аккредитациядан ўтказиш босқичма-босқич амалга оширилади.
Семинарда вилоят ДСЭНМ мутахассиси Акрамжон Тожибоев "Шифохона ички инфекциялари ва уларнинг олдини олиш тўғрисида", AКFA MEDLINE масъулияти чекланган жамияти вакили Рўзиқул Фозилбеков "Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасаларида ўтказилаётган замонавий, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари хусусида" маъруза қилишди.
Тадбир сўнггида тиббий ускуналар таъминоти ва ишлаб чиқарувчилар номидан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган "Экспресс-медиа" МЧЖ раҳбари Темур Бессмертнўй тиббий дори-дармонлар ва жиҳозлар етказиб бераётган асосан маҳаллий ва хорижий давлатлар билан импорт алоқаларининг йўлга қўйган компания ва фирмаларнинг вакилларини таништирди. Улар ўзларининг иш фаолиятлари ҳусусида сўзлаб, барчани ҳамкорликка чорлашди. Фойеда ташкил этилган кўргазмада тиббий аппаратуралар, дори-дармон воситалари намойиш этилиб, шартномалар имзоланди.
Суратларда: кўргазмали анжумандан лавҳалар.
М. РУСТАМОВ.