(суратли репортаж)

Баҳорги юмушларда тиббиёт ходимлари ҳам фаоллик кўрсатиш­япти. Ҳар йилгидек хонадонлари ва ишхоналарида кўклам тароватини намоён этиш мақсадида иссиқхоналарга меҳр билан гул уруғларини сепиб парваришлашмоқда.

Биз Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-вилоят силга қарши кураш шифохонасидамиз. Муассасанинг кўча дарвозасидан киришингиз билан оппоқ гулларга бурканган дарахтлар эътиборингизни тортади. Мусаффо ҳаводан тў­йиб-тўйиб нафас оласиз. Қуёшнинг ёқимли тафтидан баҳраманд бўлиб, дилингиз яйрайди. Кайфиятингиз кўтарилади.

Очиқ майдонда эса шифохона бош шифокори Нурхон Аҳмедова раҳбарлигида икки сотихдан иборат иссиқхона барпо этилган. Унинг ён-атрофи ва ичкарисида ишлар қизғин.

- Ўтган йили иссиқхонамиз мўъжазгина эди. Шунинг учун бу йил ходимларимиз кучи билан ҳашар усулида янгисини ташкил этдик, - дейди бош шифокор. - Ичкарига дастлаб лимон, апельсин кўчатлари ўт­қазилди. Қатор ораларига эса помидор, бодринг ва энг сара гуллар ва шифобахш кўкатлар уруғларидан сепилди. Барчаси бехато униб чиқди. Яқин кунларда муассасамиз ҳовлисидаги гулзорларга кўчириб экилса, улар кўркамлик бағишлайди.

Иссиқхона ёнидаги йўлакларга 300 тупдан зиёд ёш арча кўчатлари ўтқазилибди. Кузда экилган пиёз барқ уриб ривожланмоқда. Бу ишларда боғбонлар Ҳайдарали Юнусов, Абдулҳамид Абдуллаевлар, ўрта тиббиёт ходимлари Ойбек Шарипов, Абдуғани Раҳимов, Иномжон Умаровлар ҳамда бир гуруҳ техник ходимлар фаол қатнашишяпти.

Суратларда: иссиқхонадан лавҳалар.

Рустамали Мамадалиев.

Муаллиф олган тасвирлар.