дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Улуғбек Умаров.

- Улуғбек Собитханович, тиббиёт соҳасида кечаётган изчил ислоҳотлар баробарида аҳолини арзон ва сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш масаласига ҳам устувор аҳамият берилмоқда. Эндиликда ижтимоий дорихоналар тармоғи шакллантирилмоқда. Суҳбатимиз аввалида бу борадаги ташкилий ишларга изоҳ берсангиз?

- Ҳеч кимга сир эмас кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган бир қатор қарор ва фармонлар ҳамда кўплаб меъёрий ҳужжатларда фармацевтика соҳасини жадал ривожлантиришга, дори-дармон таъминоти ҳамда савдосини тартибга солиш, бевосита хориж мамлакатларидан харид қилинаётган катта ҳажмдаги дори воситалари ва тиббий анжомларни ўзимизда ишлаб чиқаришдек долзарб вазифалар ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги "Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3532-сонли Қарори аҳолини сифатли, серсамара ҳамда арзон дори-дармон воситалари билан таъминлашни янги босқичга кўтариш учун ғоят муҳим омил бўлди. Мазкур Қарор ижроси юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг 52-сонли буйруғи қабул қилинди. Унга кўра соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилди. Гуруҳ аъзоларига тиббиёт муассасаларида ижтимоий дорихоналар ташкил этиш зарурати ва имкониятлари мавжудлиги, ижтимоий дорихона учун бино ёки хоналар ажратилиши имкони бўлмаган тиббиёт муассасаларини ўрганиш, давлат-хусусий шерикчилик ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш мақсади бўлган тадбиркорлар билан суҳбатлашиш ва ижтимоий дорихоналар тармоғини кўпайтириш чораларини кўриш каби бир қатор вазифалар юклатилди.

Ҳозирги кунда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, 13 та шаҳар оилавий поликлиникаси, 62 та қишлоқ оилавий полик­линикалари ва 75 та қишлоқ врачлик пунктларида ижтимоий дорихоналарни жойлаштириш имкониятлари ўрганиб чиқилди. Вилоятда очилиши режалаштирилган барча ижтимоий дорихоналар "Наманган Дори-дармон" АЖ томонидан ташкил қилиниши бўйича кўрсатмалар берилди.

Айни пайтда "Наманган Дори-Дармон" АЖ томонидан ҚОП ва ҚВПларда 45 та ижтимоий дорихоналар хизмат кўрсатаётган эди. Ўрганишлар натижасига кўра яна 106 та, жами 151 та ижтимоий дорихоналар фаолияти йўлга қўйилди. Янги ташкил қилинган дорихоналар малакали мутахассислар билан таъминланди. Яна 11 та ижтимоий дорихоналарни очиш юзасидан аниқланган камчиликлар бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

- Ижтимоий дорихоналарнинг аҳолига янада қулайликлари ҳақида батафсилроқ тўхталсангиз?

Мазкур дорихоналарнинг тиббиёт муассасаларига, ҚВП ва ҚОПларга яқин масофада жойлашганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Энди дори-дармон излаб узоққа борилмайди. Шунингдек, дорихоналарда биринчи навбатда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, нархи чекланган дорилар сотилади. Яна бир муҳим жиҳат - бу дорихоналарда дори-дармонларнинг устамаси 10 фоиздан ошмайди. Бундан ташқари ижтимоий дорихоналар наркотик-психотроп дориларни рецепт асосида бериш ваколатига эга. Бепул рецептлар бўйича дори воситалари ҳам ижтимоий дорихона орқали олинади.

Манзура  ЭРГАШЕВА

суҳбатлашди.