Поп шаҳридаги 15-БЎСМда "Фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг намунали комиссия" Республика кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтган эди. Унда силга қарши кураш диспансери ҳамшираси, тумандаги "Ғурумсарой" МФЙда ташкил этилган комиссия фаоли Дилобар Ўтбосарова иштирок этиб биринчи ўринни эгаллади.Унга танловнинг вилоят босқичига йўлланма берилди.

- Кўрик-танловнинг вилоят босқичи ҳам Дилобарга омад келтирди,-дейди туман истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Олимжон Мамаджонов. - Барча шартларда фаоллиги учун 12 нафар қатнашчилар ичида учинчи ўринга лойиқ топилди. Ғолибга Диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шунингдек, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ташкил этилган кўрик- танловда ҳам яна бир поплик тиббиёт ходими ғолибликни қўлга киритди.

Поп ТТБ меҳнат муҳофазаси вакили Сардор Акбаров ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда касаба уюшмалари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилган вилоят кўрик-танлови якунларига асосан "Энг яхши меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил" номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллаб, Диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Суратда: кўрик-танлов ғолиби Дилобар Ўтбосарова (ўнгдан иккинчи), маҳалла фаоллари Жаннатой Маҳкамова, Наргиза Юлдашева ва Поп туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Олимжон Мамажонов билан.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.