Бу огоҳномага суҳбатдошимиз - вилоят ОИТСга қарши кураш маркази

бош врачи Раҳмонжон Абдуллаев шарҳ беради

Умримизнинг узун ёки қисқалиги эса кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Сабаби, атрофимизда ҳаётимизга хавф солувчи вируслар мавжуд. Агар биз узоқ яшашни хоҳласак, тириклигимиз томирини қирқувчи "ёв"ларнинг хатаридан йироқ юришимиз, сақланишимиз шарт. Акс ҳолда оқибати уқубатли кечиши мумкин. Айниқса, ОИВдан эҳтиёткорлик жуда-жуда зарур. Қуйидаги мулоқотимизда шу ҳақда фикр юритилган.

- Раҳмонжон Олимжонович, Бутун жаҳонда ОИТСга қарши кураш чораларининг муҳимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бизнинг юртимизга ҳам бу хасталикнинг кириб келиши ва тарқалиш ҳолати маълум. Мазкур хасталикка ишонарли ғов қўйиш ва ундан ҳимояланиш масаласига давлат миқёсида эътиборнинг кучайтирилаётгани кўнгилларимизга анча хотиржамлик бағишласа-да, лекин ҳамиша ҳушёрлик ҳаммамиз учун турмуш тарзимизга айланиши шартлигини каттаю-кичик билиши керак. Ана ўшанда кутилган мақсадга эришилади, бизнингча.

- Тўғри айтасиз, орттирилган иммунитет танқислиги синдроми инсон умрига зомин бўладиган хасталик. Бирданига эмас, аста-секин ҳаёт шамини сўндиргани учун, яъни сокин ривожлангани сабабли одамлар унинг фожиасини унчалик сезавермайдилар. Аслида эса оғримаган дард ёмон. Беморни ғафлатда қолдиради. Шунинг учун давлатимиз ўз фуқароларини муҳофазалашга йилдан-йилга маблағни аямаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 25 январда "Ўзбекистон Республикасида одам иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди. Ундан мақсад мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларини замонавий ва янги сифат даражасига олиб чиқишдир. Аввалроқ, аниғи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йилнинг 18 октябрида ўтказилган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг аҳволи ва келгусидаги вазифаларга бағишланган мажлисда муаммолар маҳокама этилган эди. ОИВ инфекциясига қарши курашишнинг кенг қамровли Давлат дастурини ишлаб чиқиш топширилганди. Бугун эса Давлат дас­тури асосидаги долзарб вазифаларнинг бажарилишига киришилмоқда.

- Вилоят миқёсида қандай ишлар кўзда тутилган, шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз?

- Қарорда ҳудудлар хусусиятларидан келиб чиқиб, маҳаллий молиявий, моддий ва кадрлар ресурс­ларини сафарбар қилиниши, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар режасини қабул қилиш кўрсатиб ўтилган. Шунга кўра, вилоят ҳокимининг 2018 йил 29 январдаги 59-сонли қарори чиқарилди. Белгиланган режага мувофиқ Наманган ва Учқўрғон туманларида туманлараро лаборатория ташкил этиш ва жиҳозлашга маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Марказимизнинг ўзи эпидемиологик текширувлар учун 2 та тезкор хизмат машиналари билан таъминланмоқда. Диагностик лаборатория­да беморларга ташхис қўйиш учун ИФА ва ПЦР аппаратларига ишлатиладиган реактив реагентлар олиш учун зарур маблағлар билан таъминланяпмиз.Эндиликда, Халқаро ташкилотларнинг Глобал жамғармаси маблағи ҳисобидан лаборато­рия­мизнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаб борамиз.

Кадрлар таркибини кенгайтириш, уларнинг малакасини мукаммаллаштириш масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу йил 3 нафар бакалавр мутахассисини ихтисослаштиришдан ўтказиш учун малака оширишга юборяпмиз. 1 нафар ходимни хорижда ўқитишни мўлжаллаганмиз.

- Касалликни даволашдан кўра олдини олиш тадбири айниқса ОИВ инфекциясига қарши курашда муҳимдан муҳим. Жамоангизнинг тарғибот-ташвиқот ишларига ҳам тўхталсангиз?

- Бу соҳада фақат ўзимиз кутилган натижага эришаолмаслигимизни яхши биламиз. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни тобора фаоллаштиряпмиз. Қўшма тадбирлар режасига мувофиқ тарғиботларни ташкиллаяпмиз. Йилнинг дастлабки чорагида Косонсой, Уйчи, Наманган, Тўрақўрғон, Поп ва Чуст туманларидаги маҳаллаларда, ўқув муассасаларида аҳоли ва ёшлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари уюштирдик. Эпидемиологлар Дилмурод Ҳасанов, Ҳусан Мирзаев, Юсуфжон Қозоқов, Мансуржон Фозилов, Ғолибжон Жамолиддинов, дермато-венеролог Зоҳиджон Қозоқов, терапевт Турсуной Йўлдошева, бош ҳамшира Шаҳзода Бобомирзаева, врач ёрдамчилари Улуғбек Асқаров, Адҳам Қир­ғизов, Наргиза Туманова, Қобилжон Турдиматов, Дилафрўз Эргашбоева, Фирзода Ортиқова, Синоат Холиқова, Нодиржон Тўйхонов ва яна бошқа кўплаб ўз ишининг жонкуярлари тарғибот йиғинларини ташкиллашиб, ОИВ хавфининг турли жиҳатларини тингловчиларга тушунтиришмоқда.

Фақат оғзаки ташвиқот билангина кифояланилмаяпти. Жойларга ўзларини ва яқинларини бедаво дарддан асраш тавсиялари ёзилган рангдор расмли буклетлар билан ташриф буюришяпти. Марказимиз томонидан ҳозиргача 14.000 нусҳа ана шундай буклетлар омма орасида тарқатилди. Оммавий-ахборот воситаларида 10 марта чиқишлар қилинди. Матбуот саҳифаларида мақолалар ёритилди.

Халқ соғлиги-юрт бойлиги. Давлатимиз ўз фуқароларини бу юқумли хасталикдан ҳимоялаш учун барча имкониятларни яратиб бераверади. Қарор асосида янада астойдил иш юритиб, ОИВ инфекцияли шахсларни эрта аниқлаш, касаллиги бошқаларга юқишининг олдини олиш борасида кутилган самарага эришамиз, албатта. Чунки, бунга шароит ҳам, имконият ҳам тўкисланиб бормоқда. Кадрларимиз эса билимларини муттасил бойитишга, малакаларини тобора оширишга интилаверадилар.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.