Наврўз - янгиланиш ва яшариш палласи, айни дамда дўстлик, эзгулик, тинчлик-тотувлик айёмидир. Айниқса, Президентимизнинг 2018 йил 23 февралдаги "2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида қайд этилганидек, ... "Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлган инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир. Асрлар давомида эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди".

Наврўзи олам кириб келиши билан кенг кўламда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасидаги ҳашарларнинг ўтказилиши, элимиз шаҳару қишлоқларини қуршаб олган Наврўз сайллардаги завқу шавқ, айёмни нишонлаш чоғида авж олган саховатпешалик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик дилларни беҳад қувончу шодликка тўлдирди. Наманганда тайёрланган беш тонналик сумалакнинг довруғи жаҳонга ёйилганлиги эса байрам шукуҳини янада оширди, десак муболаға эмас. Вилоятимиз соғлиқни сақлаш муассасаларининг жамоалари ҳам шодиёна тараддуди асносида Наврўзнинг ўзига хос, бетакрор қирраларини юзага чиқариш учун сидқидилдан изландилар, ҳаракат қилдилар.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида кечган оммавий халқ сайли ҳар қачонгидан ҳам фусункор, тантанавор, ғоят файзли кўриниш олганлигида вилоят даволаш-профилактика муассасалари ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги шифохоналар, оилавий поликлиникалар жамоаларининг муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

- Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят перинатал маркази, вилоят тери-таносил касалликлари, онкология, эндокринология диспансерлари, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, психофизик ривожланиши бузилган болаларга ихтисослашган болалар уйи, "Она ва бола скрининг" маркази, вилоят болалар стоматология поликлиникаси саломатлик посбонларининг ажиб иштиёқ, астойдил саъй-ҳаракатлари билан шакллантирилган бетакрор кўргазма ҳамда дастурларда гўзаллик ва нафосат айёмининг беқиёс, мафтункор жозибаси ўз аксини топди, - дейди вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси вакили Нурмуҳаммад Турғунов.

Байрам файзу таровати, мазмун-моҳиятини янада бойитиш, Наврўз анъаналари, удумларини тараннум этиш, халқимизнинг азалий қадриятларини тарғиб қилиш борасидаги астойдил изланишлари самараси ўлароқ боғнинг тиббиётчиларга ажратилган ҳудудидаги саҳнавий чиқишлар, кўргазма ва жонли ижро воситасида ифодаланган миллий урф-одатлар тараннуми қатнашчиларни ўзига чорлади. Миллий бош кийимимиз - дўппини акс эттирган саҳна, атрофга кўрк бағишлаган шойи матолар, тўридаги қирғиз ўтови, тўрт шохли қўчқорнинг сервиқорлиги, қўғирчоқ театри томошалари, улуғ табибнинг шогирдига насиҳатлари, узун сочли қизнинг тимсоли, халқ ҳунармандчилиги намуналари барча-барчаси уйғун ҳолатда бир бирини тўлдириб, умри боқий айём жозибадорлигини мужассамлаштирди.

- Наврўз - саховатпешалик айёми. Шу боис байрам сайли қатнашчиларини сийлаш мақсадида дошқозонда ош дамладик, - дейди вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Абдураҳим Турсунов.

Дарҳақиқат, байрам ҳамюртларимиз қалбида эзгулик, шодлик ва шукроналик туйғуларини мавжлантирди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.