Ҳудудларни жадал ривожлантириш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида амалий ишлар қилинмоқда. Бу борадаги навбатдаги фаолият Поп туманида амалга оширилди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасалар жамоалари ҳам фаоллик кўрсатишди.
Ўтган ҳафтада барча тиббий жараёнлар Попга кўчирилди. Айниқса, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш масаласига устувор аҳамият қаратилди. Бунинг учун 25 та бригада фаол иш олиб борди. Янгиер қишлоқ врачлик пунктида уюштирилган соғломлаштириш жараёнлари ҳам самарали кечди. Қишлоқ аҳолиси соғлиги тор доирадаги тажрибали мутахассислар томонидан обдон ўрганилиб, хасталиги аниқланган кишиларни соғломлаштириш ишларига зудлик билан киришилди.
- Фарзандим жигарида хасталиги борлиги учун тезкор равишда касалхонага ётқизиладиган бўлди. Касалликни самарали даволатиш чоралари кўрилаётганидан мамнунман, - дейди Зуҳра Нишонова.
Қияли кўчасида яшовчи Шуҳратжон Мамадалиевнинг қизи Шоҳсанам оғир дардга чалинганлиги учун тиббиёт масканига кела олмади. Отанинг мурожаати бўйича тез тиббий ёрдам бригадаси хонадонга етиб борди. Шифокорлар беморнинг ҳолатини кўздан кечириб, уни ҳам даволаш юзасидан зарур тавсияларни беришди.
Маҳалларда, таълим масканларида тиббий маданиятини юксалтириш, аҳолининг соғлом турмуш тарзи ҳақидаги тушунчасини бойитиш масаласига ҳам устувор аҳамият қаратилди. Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Наманган бўлинмаси вакиллари Барчиной Аҳмедова, Анваржон Алихоновлар, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ходимлари Раҳимжон Ҳайдаров, Адҳамжон Қирғизов, Мирзаакбар Каримов, Азизбек Жўраевлар томонидан ўтказилган давра суҳбатлари тингловчиларда қизиқиш уйғотди. Улар тарқатган буклет ва бошқа материаллар эса одамларни юқумли касалликлар хавфидан огоҳ этди.
Ғурумсарой қишлоғининг Тошқўрғон маҳалласида яшовчи Деҳқоновлар оиласида ногирон фарзанд учун аравача зарур эди. Ижтимоий-тиббий хизмат гуруҳи томонидан эҳтиёж қондирилди. Хастаҳол Фотимага ногиронлар аравачаси туҳфа қилинди.
- Наврўз байрами арафасида хонадонимиз учун ажойиб совға бўлди бу аравача, - дейди Фотиманинг онаси Умида Деҳқонова. - Муҳтож инсонларга ғамхўрлик қилаётган элпарвар давлатимизга минг раҳмат.
Янгиободдаги 25-умумтаълим мактабида ташкилланган тиббий кўрик ҳам кўплаб инсонларнинг узоғини яқин қилди. Юзлаб кишилар, айниқса туғиш ёшидаги аёллар, болаларнинг саломатлиги тажрибали шифокорлар томонидан текширувдан ўтказилди.
- Баъзида қишлоқ аёллари шифокорлар қабулига боришга вақт топа олишмайди. Малакали врачлар иштирокида тиббий хизматларнинг ташкил этилганлиги, айниқса "Соғлом аёл ойлиги" тадбирлари хотин-қизлар соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Шундай шароитларни яратиб бераётган давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимизни айтамиз, - дейди Зулфияхон Бойқўзиева.
Бу каби дил изҳорлари ҳар куни кўплаб инсонлар томонидан баён этилгани ҳақиқат. Зеро, юртдошларимизни рози қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг кўлами ғоят кенг, самараси беқиёсдир.
Ўз мухбиримиз.