Тошбулоқдаги 5-сонли мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Наманган тумани прокуратураси билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида суициднинг олдини олиш масалаларига бағишлаб ўтказилган анжуманда бу ғоя кўп бор таъкидланди. Унга Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари, тумандаги қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари вакиллари таклиф этилди.
Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари Собиржон Бойдадаев кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров вилоятда суицидга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталди. Туман прокурорининг ўринбосари Ҳасанбой Қосимов ўз жонига қасд қилишнинг келтириб чиқарувчи омиллар ва уларнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик талаблари юзасидан мулоҳаза юритди.
Вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси мутахассиси Ўткир Шарипов суицид ҳолатлари эпидемиологияси ва айрим хавф омиллари ҳақида маъруза қилди. Мазкур шифохона бош суицидологи Маҳфуза Боймирзаева эса вилоятда содир этилаётган ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг солиштирма таҳлилини слайдлар воситасида изоҳлаб берди.
Маърузачилар ва сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор вазифалардан бири сифатида қаратилаётган, тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилинганлигига қарамай айрим ҳудудларда суицид ҳолатлари кузатилмоқда. Айниқса, бу каби салбий кўрсаткичлар ёшлар ўртасида қайд этилаётганлиги ташвишлидир. Шу боис ҳам ёшлар муаммоларига жиддий эътибор қаратиш зарур.
Шахс соғлиғи ва руҳий ҳолати, у туғилиб ўсган ва шаклланган муҳит, ундаги шароит, оила ва жамоадаги ахлоқий-маънавий қарашлар, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожи ва бошқа таъсирлар ҳам суициднинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Ота-оналар, шу жумладан ўқитувчилар болалардаги руҳий ўзгаришларга беписанд қарамасликлари лозим. Тушкун кайфиятдаги инсонларга меҳр ва эътибор кўрсатиш ҳам ўз жонига қасд ва суиқасд қилишнинг олдини олишда ғоят муҳим омилдир.
Анжуман сўнгида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.
- Вояга етмаганларнинг таълим-тарбияси, саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш чораларини кўриш диққат марказида турмоғи лозим, - деди туман прокурорининг ўринбосари Ҳасанбой Қосимов. - Бунда вояга етмаганлар бўйича комиссия, мактабгача таълим, ўқув ва соғлиқни сақлаш муассасалари, ички ишлар органлари ва бошқа масъул идораларнинг мутасаддилари қонунда белгиланган вазифаларни аниқ ва изчил бажаришлари муҳим мезон ҳисобланади.
Семинарда инсонлар ҳаётига жиддий хавф солаётган суициднинг олдини олишда кенг жамоатчилик биргаликда ҳаракат қилиши муҳимлиги таъкидланди. Зеро, ўз жонига қасд қилиш - сўнгги чора эмас, балки чорасизликдир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.