Президентимиз таъкидлаганларидек, биз жиноятнинг оқибатини таҳлил этмай, олдини олиш ҳақида ўйлашимиз зарур. Юртбошимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, умуман, кенг жамоатчиликка жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги амалий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан муайян вазифаларни белгилаб берганлари сир эмас. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш орқали жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни профилактика қилиш, халқ билан очиқ мулоқотни изчил йўлга қўйиш шулар жумласидандир.

Наманган шаҳар прокурори сектори саналаган "Умид" маҳалласида яқиндагина фаолият бошлаган тикувчилик корхонасини ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси дейиш мумкин. Тадбиркорлик истагини билдирган Эъзоза Аҳмедовани қўллаб-қувватлаш орқали бу ерда 30 га яқин хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Мазкур ҳудудда 37 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, 5053 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ҳудудда ишчи гуруҳ йўл харитаси асосида фаолият олиб бормоқда. Ишчи гуруҳ томонидан фуқаролардан тушаётган ҳар бир мурожаатни ўз ўрнида ҳал этиш, амалий кўмак бериш доимий диққат-эътиборда. Агар таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йилнинг ўзида маҳаллада уй-жойга муҳтож 5 нафар мурожаатчининг талаби қондирилди. Уларнинг аксарияти Президентимиз ташаббуси билан қурилган арзон нархдаги янги турар-жойларга эга бўлдилар. Маҳалладаги якка-ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ҳолидан дои­мий хабар олиш фаолиятнинг аосий мезонларидан бири.

Яқинда вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш институти ўқитувчилари орасида коррупция билан боғлиқ жиноят содир этилган. Шу сабабли Наманган шаҳар прокурори тақдимномасига асосан, ўтказилган очиқ-ошкора мулоқот давомида жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўқитувчилар орасида муҳокама этилди.

Халқимизда "Уят - ўлимдан қаттиқ", - деган нақл бор. Кўпчилик олдида шарманда бўлиш, бошни эгиш, аслида, энг оғир жазо. Профилактик тадбир доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган сайъёр судда ўғирлик жиноятини содир этган Х.И. қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлди. Кўпчилик олдида доимо қонунларни ҳурмат қилиб яшаши, хатосидан тегишли хулоса чиқаришини билдирди.

Инсонларнинг дарду ташвиши билан яшаш -одамийликнинг энг олий мезонидир. Зеро, ижтимоий адолат таъминланган давлатда халқининг бунёдкорлик салоҳияти, яратувчанликка интилиши ва иштиёқи ортиб бораверади. Бу каби қамровли тадбирлардан кутилган самара ҳам, аслида шу.

Жаҳонгир АБДУРАҲИМОВ,

Наманган шаҳар прокурорининг

ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.