Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда республикамизнинг нуфузли тиббиёт муассасалари илмий ва касбий салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда фаолият олиб борилмоқда. "Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази" давлат унитар корхонаси шифокорларининг Намангандаги амалий ишлари хусусида ҳам шундай фикр билдириш мумкин.
Наврўз байрами арафасида тиббиёт фанлари доктори, дерматология бўлими илмий раҳбари Шаҳноза Мавлонова, лаборатория диагностикаси илмий бўлими раҳбари Холида Холидова ва "Соғлом оила" кабинети дерматолог шифокори Гулнора Ибрагимовалар уч кун давомида вилоят тери-таносил касалликлари диспансери шифокорлари билан ҳамкорликда иш олиб боришди. Мақсад - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 июлдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида дерматовенерология хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида"ги 563-сонли қарори ижросини таъминлаш борасидаги ишларни жадаллаштиришдан иборат эди.
- Илмий-амалий тиббиёт марказимиз томонидан дерматовенерология соҳасидаги ишларни янги босқичга кўтариш бўйича ҳудудларда услубий ёрдам кўрсатиш борасида изчил фаолият йўлга қўйилган. Белгиланган дастурга мувофиқ ҳар ойда малакали шифокорлар Наманганга юборилмоқда,- дейди тиббиёт фанлари доктори, дерматология бўлими илмий раҳбари Шаҳноза Мавлонова. - Бизнинг сафаримиз режасига тери-таносил касалликларига дучор бўлган одамларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш ва аҳоли ўртасида мазкур хасталикларнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини олиб боришга оид вазифалар киритилган. Бугун диспансерга ётқизилган беморларни соғломлаштириш ишлари қандай тарзда олиб борилаётганлигини янги даволаш стандартлари асосида таҳлил этдик.
Шу билан бирга мазкур тиббиёт муассасасида хизмат қилаётган дерматовенеролог шифокорларнинг салоҳиятини кўтариш, соҳада қўлланилаётган янги диагностик услубларни, юқори технологик, замонавий усулларни ўргатиш, илмий-амалий марказимиздаги инновацион янгиликларни бу ерда татбиқ этиш устида иш олиб боряпмиз.
Ҳамкорлигимиз натижасида диспансер лабораторияси ишлари қисқа фурсатда анча яхшиланганлигини кўрдик. Тери касалликлари, терининг юқумли касалликларида жуда аҳамиятга эга бўлган лаборатор ташхислаш тизими самарали йўлга қўйилган. Марказимиз лаборатория диагностикаси илмий бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Холида Холидова бу фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича "Маҳорат дарси" ўтиб берди.
Беморларни қабул қилиш, уларни замонавий стандартлар асосида даволашда юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳаллий дори воситаларидан фойдаланиш каби масалаларга ҳам урғу беряпмиз. Бу ишларни нафақат диспансерда, балки туманлар тиббиёт бирлашмаларида ҳам давом эттирамиз. Дерматовенерологлардан ташқари аллергологлар, терапевтлар, жарроҳлар, умумий амалиёт шифокорлари орасида ҳам шу каби анжуманларни ўтказиш ниятимиз бор. Аҳоли ўртасида кенг тарқалган тери касалликлари ёки аллергик хасталиклар ҳақида уларга батафсил тушунча бермоқчимиз.
Пойтахтлик таниқли шифокорлар беморлар қабулини ўтказиш билан бирга вилоятда тери-таносил касалликлари эпидемиологик ҳолатини ўрганиш бўйича ҳам тадқиқот олиб боришди. Яна бир илмий ходим - Гулнора Ибрагимова эса акушер-гинекологлар, педиатрлар ҳузурида болаларда учрайдиган тери касалликларининг олдини олишга доир маърузалар ўқиди.
Бу саъй-ҳаракатлар замирида халқ саломатлигини ишончли ва кафолатли муҳофаза этишга эришишдек эзгу мақсад мужассам.
Суратда: тиббиёт фанлари доктори Шаҳноза Мавлонова вилоят тери-таносил касалликлари диспансери шифокорлари билан суҳбатлашмоқда.