Соғлом аёлгина соғлом фарзандларни дунёга келтира олади. Шунинг учун ҳам истиқлолли юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш  давлат сиёсати даражасида устувор вазифага айланган. "Соғлом аёл ойлиги" доирасида  олиб борилаётган эзгу ишлар фикримиз далилидир.

Ойлик давомида аҳолига кўрсатилаётган  бирламчи тиббий-санитария  ёрдами сифатини такомиллаштириш, туғиш ёшидаги аёлларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш, оналар ва болалар ўлимининг олдини олишга қаратилган изчил вазифалар ижроси таъминланмоқда.

-"Соғлом аёл ойлиги" тўрт бос­қичда, яъни  "Тиббий кўрик ва унинг аҳамияти", "Соғлом онадан-соғлом бола туғилиши энг чексиз бахт", "Ёш оила саломатлиги", "Ўсмир қизлар гигиенаси" бўйича  амалга оширилмоқда.  Туғиш ёшидаги аёлларнинг ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтишлари касалликларни барвақт аниқлаш ва уни эрта  даволаш имкониятини беради. Улар  профилактика  жиҳатидан шифокор-гинеколог, маммолог  назоратида бўлишлари лозим, - дейди ВССБ бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова. - Аёлларимизга  терапевт, гинеколог, лор, окулист, эндокринолог, кардиолог, невропатолог, стоматолог кўриклари ғоят зарур.

Айниқса ультратовуш текшируви  орқали бачадон ҳолати, тухумдонлар ва  аёллар жинсий  аъзоларидаги касалликлар, бачадон ўсмаси, эрозияси  каби ўсмалар пайдо бўлиши эҳтимолини эрта аниқлаш ва даволаш  имконини бермоқда.

Вилоятимизда мазкур жараён уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасига  қарашли 9-сонли  қишлоқ оила поликлиникасида  ўтказилган йиғилиш  ойлик муваффақиятини таъминлаш  масаласига бағишланди.

Қирқчек, Момохон, Қолгандарё, Найман маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва маслаҳатчилари ҳамда хотин-қизлар иштирок этган мазкур тадбирни ҚОП мудири Анорхон Бегматова  олиб борди. Дастлаб у "Соғлом аёл ойлиги"ни ўтказишдан мақсад, хотин-қизлар саломатлиги профилактикаси тўғрисида сўзлади.

Шундан сўнг туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муҳаммадниёз Эргашбоев ойлик доирасида бажарилиши лозим бўлган кенг қамровли вазифаларни тушунтириб ўтди.

- Ўтказилаётган тиббий кўрикларда маҳаллалардаги барча хотин-қизлар иштирокини таъминлашга бевосита масъулмиз, - дейди Қирқ­чек МФЙ маслаҳатчиси Гулчеҳра Содиқова. - Патронаж ҳамширалар билан биргаликда хонадонларда бўлиб, "Соғлом аёл ойлиги" тадбирида аёлларни фаол қатнашишларини тарғиб қилмоқдамиз.

- Бугун оилавий поликлиникага келинларимни олиб келдим, - дейди Осиёхон Бадалова. - Нафақат ўзим, улар ҳам ўз вақтида дўхтирлар кўригидан ўтишнинг фойдали томонларини билсин, ўргансин дедим. Керакли  тавсиялар, фарзанди  соғлом бўлиши учун ёш оналар нималарга кўпроқ эътибор беришлари лозимлиги ҳақидаги фойдали маслаҳатларга эга бўлдик.

Тадбир сўнггида йиғилганларга тиббий тарғибот  буклетлари тар­қатилди.

Манзура ЭРГАШЕВА.

   

Тадбирлар вилоятнинг барча туман, шаҳар тиббиёт муассасаларида давом эттирилди. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-шаҳар оилавий поликлиникаси ҳам бир неча ҳафтадирки кўрикка келувчилар билан гавжум. 61 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган муассаса ходимлари "Соғлом аёл ойлиги"ни уюшқоқликда ташкиллаб намунали якунлаш учун фаол ҳаракат қилишмоқда.

Суратларда: поликлиниканинг 4-худуд умумамалиёт шифокори Ҳурматой Маҳкамбоева, ҳамшира Ҳилола Ҳасанова Навоий кўчасида яшовчи Зарифахон Ғаниева ҳамда ўсмир қиз Ҳилола Жўраеваларнинг соғлигини текшираётган пайти.

Поп ТТБнинг Санг қишлоқ врачлик пункти шифокори Гулбаҳор Исмоилова қабулга келган фертиль ёшидаги аёл Насиба Абдураҳимовага керакли маслаҳатлар беряпти.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ тасвирга олган.