Мамлакатимизда "Соғлом она - соғлом бола" концепцияси амалда.
Қуйидаги мулоқотимиз бу борада белгиланганкенг қамровли тадбирлар ва уларнинг ижросига бағишланади.
Суҳбатдошимиз вилоят "Она ва бола скрининг" маркази директори Матлуба Жамилова.
- Матлуба Турсуновна, маълумки 2017 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори эълон қилинди. Авваламбор, - мазкур дастурдан кўзда тутилган мақсад ҳақида фикр юритсангиз?
- Тиббиётда "Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал" деган тамойилбоп ибора бор. Бунга эришмоқ ҳам аслида осон эмас. Лекин давлатимиз томонидан юксак эътибор кўрсатиб,керакли шароит ва имкониятлар яратиб қўйилса, албатта, кутилган натижага эришиш мумкин. Юқоридаги Қарордан кўзда тутилган мақсад оналар ва болалар соғлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаш давлат тизимини янада ривожлантириш, болаларда ногиронликни камайтириш, шунингдек, "Она ва бола скрининг" марказларининг кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасини ривожлантиришдан иборатдир.
- Демак, ҳозиргача амалга ошириб келинган ишлар фаол давом эттирилиб, бунданда самарали ҳолатга эришиш чора-тадбирлари белгиланибди-да.
- Худди шундай. Чунки, ҳозиргача ҳам она-бола скрининги йўналишида сезиларли ўзгаришлар ясалган. Чунончи, бизнинг марказимиз ҳам кейинги йилларда замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланган. Бу эса ирсий касалликларнинг профилактикаси ва уларни даволашни юқори даражага кўтариш, болаларнинг оғир ногиронликка ва ўлимга олиб келадиган ирсий касалликлар ва ривожланишдаги туғма нуқсонлар билан туғилиши хавфи даражасини камайтириш имконини берди. Ҳомиладор аёлларни текширишнинг аниқ тизими ишга тушгач, ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонлари аниқланиши муносабати билан ҳомиладорлик тўхтатилишига эришиб борилмоқда. Бироқ, ҳали ўз фаолиятимиздан асло қаноатлана олмаймиз.
- Мазкур ПҚ-3440-сонли қарордан сўнг уч ой ўтибди. Шу қисқа фурсатда нима ишларни қилишга улгурдингизлар?
- Қарорга мувофиқ ҳамда дастлабки таъминотимиз чакки эмас. Эҳтиёж учун 2018 йилнинг биринчи ҳафтасидаёқ керакли миқдорда перинатал ва неонатал текширувларга реактивлар олдик. Туғма гипатиреоз хасталиги билан "Д" назоратида турувчи болалар учун L тироксинга ҳам эга бўлдик.
Ҳомиладор аёллар ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий хизматга замон талабларини ҳисобга олган ҳолда штат нормативларини қайта кўриб чиқиш учун вилоят молия бошқармасига аниқ таклифларни киритдик. Булар ўзининг ижобий ечимини топади, албатта.
- Эндиликда туманларда скрининг хоналари ташкил этилганидан хабаримиз бор. Улар ҳақида ҳам маълумотлар берсангиз?
- Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни перинатал скрининг билан қамраб олиш мақсадида оммавий текшириш ва хавф гуруҳига киритадиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текшириш босқичма-босқич жорий этилиши ҳамда перинатал ва неонатал скрининг текширувларини ўз вақтида ўтказилишини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникаларда перинатал скрининг хоналари ташкил қилинди. Ҳозирда хоналар таъмирланмоқда. УТТ аппарати ва оргтехника жиҳозларига тегишли маблағлар ажратилмоқда. Ишнинг муваффақиятини кадрлар ҳал қилишини инобатга олиб, аввало марказимизнинг ўзида янги мутахассислар учун келиб кўриб, амалий малакага эга бўлишларига тўла шароитлар яратамиз. Бу иш аниқ жадвал асосида олиб борилади. Масалан, дастлаб Янгиқўрғон, Чортоқ, Наманган туманлари ва Наманган шаҳри мутахассисларининг жалб этамиз. Кейин Мингбулоқ, Косонсой ва Тўрақўрғон туманидан таклиф қиламиз. Барча бирдай ўз ишининг устасига айланади. Ҳар бир кадрнинг етарли малакага эга бўлиши доимий эътиборимизда туради.
- Марказ жамоасининг айни пайтдаги кайфияти қандай?
- Бу ноодатий саволингиз кўнглимни кўтариб юборди. Президентимиз томонидан тармоғимиз ривожига тааллуқли дастурий қарорнинг қабул қилиниши руҳиятимизни ғоят баландлатиб юборди, десам муболаға эмас. Айни дамда бу ғамхўрлик ортида бизларнинг зиммамизга юксак масъулият юкланганлигини шифокорларимиз чуқур ҳис этяптилар. 9 нафар врачу 14 нафар ҳамширамиз эртадан кечга қадар вилоятимизнинг турли туманларидан текширув-маслаҳатга келган оналарнинг хизматларида. Икки бўлимимизда, яъни маслаҳат бўлимию, лабораторияда бўш ўтирган ходимнинг ўзи йўқ. Оналарни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, уларни УТТ текширувидан ўтказувчи, тегишли йўл-йўриқлар берувчиларга эндокринолог врач Гулчеҳра Каримова ҳамиша бош-қош. УТТ врачи Дилбар Нуриддинова, генетик врачлар Шоира Давронова, Саломат Эгамова, катта ҳамшира Юлдуз Жўрабоеваларнинг фаоллигидан, жўяли маслаҳатларидан аксарият аёллар мамнунлик туюшлари раҳбар сифатида мени беҳад қувонтиради.
Лабораториямиз мудири Маъмуржон Мирзакаримов ҳамкасблари Абдураҳмон Қирғизов ва Нурмуҳаммад Тожимирзаевлар билан биргаликда таҳлилларни аниқ ва сифатли ўтказиш ҳаракатида. Катта ҳамшира Наима Раҳимова уларга ҳамиша кўмакдош.
Марказимиз остонасидан ҳатлаган ҳомиладор аёл биринчи бўлиб, рўйхатхонага рўбарў бўлади. У ерда ҳамшира Марҳабо Ҳасанова керакли врачлар қабулига йўлласа, статист Дилдора Мамадалиева ҳисоботларни ўз вақтида беками-кўст юритишнинг ҳадисини олган. Туманлардаги скрининг хоналари, шунингдек, туғуруқ комплекслари билан мустаҳкам алоқа боғлаган ҳолда доимий назоратни ўрнатган. Янаям аниқроғи, биз фақат йўл-йўриқ кўрсатиш, хулоса бериш билангина чекланиб қолмаяпмиз. Ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф туғдирувчи ёки ногирон чақалоқлар дунёга келмаслиги учун тавсияларимиз натижадорлигига эришмагунча қўймаймиз. Эзгу мақсадимиз Ватанимизнинг эртанги эгалари соғлом туғилишига, беками-кўст ривожланишига кўмаклашиш, оналар ва болаларнинг соғлигини таъминлашга тўла эришишдир. Бу билан Давлат дастуридаги вазифаларнинг изчил бажарилишига фаол ҳиссамизни қўшган бўламиз.
- Саволларимизга жавобларингиздан ойдинлашяптики, наманганлик оналар соғлигининг муҳофазаси бундан буён деярли кафолатли. Чунки, тиббий кўрик, скрининг текширувларда аввал оддий ёки хавфли хасталикларгина эмас, туғма ва ирсий касалликларгача аниқланса, сўнгра, уларни бартараф этиш, кейинчалик рўй бериши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилаверади. Соғлом она ва болагина мамлакат куч-қудратини белгиловчи омил экани шуни тақазо этаверади.
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.