Мен ўзим йигирма икки йилдан буён физика-техника фанидан болаларга сабоқ бераман. "Йилнинг энг яхши ўқитувчиси" кўрик- танловларида фаол қатнашиб келаман. 2 та услубий қўлланма яратганман. Мактабимизда туман семинари ўтказилиб, иш тажрибам ҳамкасбларимга оммалаштирилган.

2014-2015 ўқув йилида 5 - синф раҳбари сифатида тарбиявий тадбирларни ташкиллашгаям эътиборимни кучайтириб келяпман. "Кексаларни эъзозлаш йили" талабларидан келиб чиқиб, маънавият соатларида мазкур масалага болаларнинг диққатини кўпроқ торт­япман. "Оталар сўзи - ақлнинг кўзи", "Қариси бор уйнинг париси бор", " Олтин олма, дуо ол!" каби халқ нақ­л­лари маъно-мазмунини уларга ҳаётий мисоллар орқали изчил тушунтириб беряпман.

Албатта, таълим билан тарбия уйғунлигини таъминлаётганлигимиз туфайли синфимиз ўқувчилари мактабда энг яхши кўрсаткичларга эришишяпти. Дилшода Ҳабибуллаева, Носиржон Аҳаджонов, Ирода Ҳабибуллаева, Маҳлиё Абдулҳаева сингари аълочи ва жамоатчи болаларимиз барча тенгдошларига ўрнак кўрсатишаётир.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидай: "Жондан азиз Ватанимизнинг тақдири бугун униб-ўсиб келаётган ёш авлодга, унинг жисмоний ва маънавий камолотига боғлиқ"дир. Шундай экан, соғлом авлодни вояга етказиш учун ноанъанавий дарсларимиз ва тўгарак машғулотларимиз савиясини янада юқори даражаларга кўтараверамиз.

Маҳпират АБДУЛЛАЕВА,

Тўрақўрғон туманидаги 55-мактаб муаллимаси.