Дунёда бола кулгусидан ёқимлироқ сас-садо бўлмаса керак. Болалар кулгуси бахтнинг жарангига ўхшайди. Бироқ минг афсуски, барча болалар ҳам бундай имконга эга эмас. Негаки, бунга улар жисмидаги дард монъелик қилади...

Турли дардларга чалинган болаларнинг тўлиқ шифо топиши учун гоҳида оилалар ва ота-оналарнинг моддий имконияти етишмайди. Мамлакатимизда 25 йилдан буён фаолият олиб бораётган ҳукуматга қарашли бўлмаган "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди шундай ҳолларда беминнат ёрдам қўлини чўзмоқда.

Жумладан, фонднинг Наманган филиали ҳам ногирон болаларни соғломлаштириш дастурлари доирасида эътиборга молик ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2003-2018 йиллар давомида Германиянинг "Фридинсдорф Интернейшнл" халқаро ташкилоти грант маблағлари ҳисобидан 34 нафар наманганлик ўғил-қизлар Германия давлатидаги нуфузли клиникаларда дарддан фориғ бўлди. Айни пайтда 2 нафар ногирон болалар Германия давлатида даволанишни давом эттирмоқда.

Шу йилнинг 14-18 февраль кунлари мен ҳам Германияда хизмат сафарида бўлиб, у ерда даволанаётган ўзбек болалари ҳаёт тарзи билан яқиндан танишдим. Уларнинг яшаши, таълим олиши, даволаниши учун барча шароитлар яратиб берилгани, ҳар бир бемор бола учун алоҳида шифокор, ҳамшира, ўқитувчи-мураббий, энагаларнинг тайинлангани кўнглимизни кўтарди. Олиб борилаётган энг замонавий усуллардаги даволаш, ўқитиш, спорт-соғломлаштириш, овқатланиш тартиб-тамойиллари ўғил-қизларнинг тезроқ соғайиб она юрти ва оиласи бағрига қайтишига ёрдам бермоқда, десак асло янглишмаган бўламиз.

Ушбу сафар чоғида яна 15 нафар ўзбекистонлик бемор болаларни Германия давлатига олиб бордик ва 13 нафар маълум муддатларда даволаниш босқичларини ўтаган ва жарроҳлик амалиётлари ўтказилган, аниқроғи, шифо топган болаларни ота-онаси, яқинлари бағрига олиб қайтдик. Норин тумани Норинкапа маҳалласида истиқомат қилувчи, 2004 йилда туғилган Абдуллоҳ Тожибоев улардан бири. Унга чап оёқ болдир суягининг туғма нуқсони, ёлғон бўғим ташҳиси қўйилган. Абдуллоҳ Германияда иккинчи бор даволаниш босқичларини ўтади.

- Чап оёғим ўнгидан 5 сантиметр калта бўлиб, боз устига бўғимларимдаги муаммолар эркин ҳаракат қилишимга ҳалақит берарди, - дейди Абдуллоҳ Тожибоев. - Менинг ҳам соғлом тенгдошларим каби кўча чангитиб ўйнагим, тўп тепгим келарди. Афсуски, бунга саломатлигим йўл қўймасди. Ота-онам ҳам мендан кам ҳафа бўлмасдилар. Энди ҳаммаси ортда қолди. Илк бор 2013 йилда мени фонд томонидан Германия давлатига юборишди. У ерда бир йил давомида даволандим, ҳам ўқидим. Ўтган йили даволашнинг иккинчи босқичи учун юборишди. Олти ой давомидаги муолажалар бесамар кетмади. 18 февраль куни ота-онам бағрига қайтдим. Ҳозирча қўлтиқтаёқда юрибман, олти ойдан сўнг уни бутунлай ташлашим мумкин. Бизга шундай имкониятларни яратиб берган "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фондидан чексиз миннатдормиз.

Кеча туғма хасталик ёки бахтсиз тасодиф туфайли ногирон, кўнгли ярим жонга айланган, умидини буткул йўқотган 34 нафар ўғил-қизнинг бугун кўзлари қувончдан порлаяпти. Бу айтишгагина осон. Бардош билан ҳам дардни, ҳам ота-она, яқинлари, қадрдон хонадони соғинчини енгаётган болаларнинг ҳар бири, назаримизда, ҳаётнинг митти қаҳрамонларидир. Бизнинг мақсадимиз - ер юзидаги ҳар бир бола соғ­лом бўлсин, беғубор кулгулари оламни тутсин!

Хайрулло АРТИҚОВ,

"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди

Наманган филиали директори.