Вилоятимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда илғор технологияларни қўллашга устувор аҳамият қаратилмоқда. "Электрон поликлиника" ва "МеdDаtа" автоматлаштирилган ахборот тизимлари ишга солинган эди. Энди бўлса, шошилинч тиббий хизмат фаолиятини такомиллаштириш сари яна бир муҳим қадам қўйилди. Вилоятдаги барча тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига GPS навигаторларни ўрнатиш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Фармон ва Қарорларда шошилинч тиббий хизмат кўрсатишни замон талаблари даражасида ривожлантириш билан боғлиқ ғоят муҳим вазифалар ўз ифодасини топган. Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3494-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида изчил иш олиб борилмоқда. Айни пайтда 178 та тез тиббий ёрдам бригадаси туну кун эл хизматига камарбастадир. Улар ихтиёрида жаҳон андозалари даражасида тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, ҳатто Японияда ишлаб чиқарилган "NISSAN" ва Жанубий Кореядан олиб келинган "HYUNDAI" автомобиллари ҳам борлигини алоҳида эътироф этмоқ жоиз.
Яқинда соҳа фаолиятини такомиллаштириш имконини берувчи яна бир лойиҳани амалиётга татбиқ этиш якунига етказилди. Яъни, тез тиббий ёрдам хизматига йўналтирилган барча автомашиналарга GPS навигаторларни ўрнатиш ва уни тизим бошқарув марказига улаш ишлари тугалланди. Лойиҳа BePro дастурлаш маркази қошидаги ҳаракатланувчи объектларни мониторингини олиб бориш UZGPS ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузуридаги инновацион технологияларни жорий этиш бўлими томонидан рўёбга чиқарилди. Мазкур инновацион ғояни амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 101 миллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Энди вилоят шаҳар ва қишлоқларида ташкил этилган тез тиббий хизмат станциялари ва шаҳобчаларига бириктирилган санитар автомашиналари қаерда ҳаракатланаётганлиги ҳақидаги маълумотлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали диспетчерлик марказида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси компьютер марказида ва махсус автокорхона раҳбарияти компьютерида куну тун акс этиб туради.
Янгиликнинг аҳамияти беқиёс. Биринчидан, чақирувлар ҳақидаги маълумотлар мурожаат қилган бемор хонадонига энг яқин турган тез тиббий ёрдам бригадасига етказилади. Натижада саноқли дақиқалардаёқ шифокорлар шошилинч тиббий хизматга эҳтиёж сезаётган инсон ҳузурига етиб боришади ва заруриятга қараб тезкор муолажаларни ўтказишади. Пировардида вақтдан ютилади. Иккинчидан, олис масофадан йўлга чиқиши мумкин бўлган автомашинанинг ёнилғиси иқтисод қилинади. Қолаверса кун бўйи хизматда бўлган автомашинанинг қанча йўл босганлиги ҳисоботи аниқ шакллантирилади.
Бу - тизим ишини янги босқичга кўтариш ва аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматидан рози қилиш борасидаги пухта ўйланган ва истиқболли лойиҳалардан бири эди. Келгусида чақирувлар тезкорлиги, самарадорлиги ва тежамкорлигини оширишга хизмат қилувчи Call-маркази ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат,кейинги йилларда вилоят тиббиётининг муҳим таркибий қисми бўлган шошилинч тиббий хизмат тармоғи ишини тубдан такомиллаштириш борасидаги астойдил саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бинобарин, тизим моддий-техник имкониятларини янада яхшилаш чоралари кўрилаётир. Аввало, тизимнинг ихтисослаштирилган автомашиналар парки янгиланмоқда. Ўтган йили 94 та янги автомашиналар олинди. Натижада тез тиббий ёрдам бригадалари сони кескин ортиб,178 тага етди. Айни пайтда бу миқдорни янада ошириш чоралари кўрилаётир. Шу билан бирга ёқилғи-мойлаш материаллари таъминоти яхшиланиб бормоқда. Тез тиббий ёрдам бригадаларини зарур тиббий асбоб-ускуналарга бўлган эҳтиёжи тўла қондирилмоқда. Айниқса, дори-дармон таъминотига ажратилаётган маблағ миқдори аввалги йилларга нисбатан сезиларли равишда ўсди. Яъни 2016 йилда бу мақсадлар учун ажратилган маблағ атиги 558 миллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилда дори-дармон ва тиббий буюмларга 4,5 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилмоқда.
Тез тиббий ёрдам шохобчаларини бевосита аҳоли яшаш жойларига яқинлаштириш йўналишидаги ишлар ҳам эътиборга молик. Ўтган йили бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида қатор шохобчалар очилди. Бугунги кунда 62 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 27 та қишлоқ врачлик пунктида тез тиббий ёрдам шохобчалари фаолият олиб бормоқда. Тез тиббий ёрдам бригадаларининг амбулатор-поликлиника хизмати билан интеграцияси йўлга қўйилганлиги ҳам ижобий самаралар беряпти.
Шошилинч тиббий ёрдам тизимининг шифокорлари ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш масаласи ҳам доимо диққат марказида. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Д.Джанилидзе номидаги тез тиббий ёрдам илмий-текшириш институти билан ҳамкорлик ўрнатилган.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, инсонларнинг манфаатларини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган бу хайрли ишлар бардавомдир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.