Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва ходимларига нисбатан талабчанлик тобора кучайтирилмоқда. Ахир, халққа хизмат кўрсатувчи шифокорлар ҳамиша ҳушёр, ҳалол ва фаол бўлишлари шуни тақазо этади.

Ислоҳотларда инсон манфаати устувор экан, эл саломатлигини таъминловчиларнинг хизмат масъулияти сусайишига, берилган топшириқларга, нажот истаб келаётган инсонларга беписанд, бепарво муносабатда бўлишларига асло йўл қўйиб бўлмайди.

2018 йилнинг дастлабки ойларида хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этмаётган раҳбарлардан воз кечилмоқда. Уларнинг ўрни ташаббускор ва ташкилотчи, билимдон ва юқори малакали мутахассислар билан тўлдириб бориляпти. Косонсой туманида вазифасига совуққонлик билан қараган тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бахтиёр Холдоровдан тортиб, унинг атрофидаги ўринбосари Раимжон Абдуллаев, координатор Муродилла Тошматов, марказий поликлиника мудири Муяссар Каримова, поликлиника бош фельдшери Абдужаббор Абдуллаевлар вазифасидан бўшатилган эди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли ҳолатда амалга оширмагани ва патронаж тадбирларига талаб даражасида эътибор қаратмагани учун Наманган тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Нодира Қосимова, шу тумандаги 14-ҚОП мудири Насиба Ирисова, Тўрақўр­ғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли "Шоҳидон" қишлоқ врачлик пункти мудири Зайнаб Хушматова, Норин туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 18-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Гулчеҳра Шамсутдиноваларга нисбатан ҳам шундай чора қўлланилди.

Оналик ва болалик муҳофазасига доир вазифаларни бажаришдаги масъулиятсизлиги, берилган топшириқлар ижросига беписандлик билан муносабатда бўлганлиги натижасида туманда болалар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичлари ортиб кетишига йўл қўйганлиги учун Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманлари тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари Зулфия Зокирова ҳамда Обиджон Қўлдошевлар, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплекси мудири Самия Исоқова, Поп туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими мудири Шарифа Латифовалар лавозимларидан озод этилган.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Гулнора Турсунова ҳам иш бошлаганига ҳеч қанча бўлмасдан лавозимидан четлатилди. Ўзига билдирилган ишончни оқламаганлиги, тизимли иш ташкил эта олмаганлиги туфайли унга нисбатан шундай интизомий чора кўрилди.

Шифокор фаолиятидаги ҳар қандай хато бемор учун қимматга тушишини бирор мутахассис ҳеч вақт унутмаслиги шарт. Шунинг учун жиддий камчиликлар содир этган Поп туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими акушер-гинекологи Маҳлиё Эгамбердиева ва навбатчи ҳамшираси Гулжамол Нурматовалар ҳам вазифасидан бўшатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 718-сонли қарори ҳамда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 535-буйруғи талабларини тўлиқ бажармаган, бирламчи тизимда қониқарсиз иш ташкил этаётган врач ва ҳамширалар билан муросасизлик муҳити яратил­япти. Уларнинг йўл қўяётган камчиликлари тузатилибгина қолмай, ўзларига нисбатан тегишли ташкилий ва интизомий чоралар кўриб бориляпти. Жумладан, Чуст туманидаги 44,45, 46-ҚОП мудирлари Абдурайим Турғунов, Малика Халилова, Ҳабибулло Лутфиллаевларга ўртача ойлик иш ҳақларининг 50 фоизи миқдорида жарималар солинди. Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 58-қишлоқ врачлик пункти мудири Маъсуда Турсунбоевага, Наманган шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг акушер-гинекологи Матлуба Якуббоевага, 1,10,13- оила поликлиникалари умумий амалиёт врачлари Шокиржон Ортиқбоев, Валижон Саломов, Насиба Мавлонова, Мавлуда Нишонова, Азиза Сиддиқова, Мурод Ибрагимов, Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг 39-қишлоқ оила поликлиникаси мудири Муҳаббатхон Зайниддиноваларга "хайфсан" берилди.

"Одамлар орасида яшаш, уларнинг дардига қулоқ солиш, аҳолининг эҳтиёжлари ва қонуний талабларини амалга ошириш учун тезкор чоралар кўриш - ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси, деб ҳисоблайман" деган эди Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси соҳада ана шу тамойил ўз ифодасини тўлақонли топиши учун тизимли ўрганиш жараёнини олиб бормоқда. Масъулиятсиз ва лоқайд ходимларга муросасиз муносабатда бўлинмоқда. Президентимизнинг тармоққа тааллуқли ғоят муҳим қарор ва фармонлари изчил бажарилишини таъминлаш учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутахассисдан юксак масъулият талаб этилаётган экан, пировард натижада халқнинг тиббий хизматга эътирозлари кундан-кун камайиб, эътирофлари тобора кўпайишига умид қилса бўлади.

ВССБ Ахборот хизмати.