Чортоқ тумани саломатлик маркази мутахассислари Л. Машарипов ва М. Мамадалиевалар репродуктив саломатликнинг соғлом фарзандлар дунёга келишидаги ўрни ҳақида мулоҳаза ва тавсияларини мактубларида баён этганлар.
Наманган шаҳрилик Д.Азизова "Она сути ҳаёт чашмаси" номли мақоласида она сутининг бебаҳо неъматлигини, бола соғлом, тетик ва баркамол улғайишида ҳаётбахш озуқа эканлигини аниқ мисоллар билан далиллайди. Вилоят наркология диспансери ходимлари И. Тожиддинов, Д. Маҳмудова ва И. Климовалар сурункали ичкиликбозликнинг хунук оқибатларини хатларида акс эттиришган.
Шунингдек, Уйчи туманилик Л. Машрапова "Камтарга камол" дея шифокорларни мадҳ этувчи мақола юборган. Наманган шаҳрилик /. Акбаровнинг "Вой бошим" деб номланувчи хажвияси ҳам ғоят мароқли ёзилган. Норинлик /. Матазимов "Гулшаной", Наманган шаҳридан М.Умарова "Томчи томар томчилаб", чустлик А. Суннатуллаев "Ўзбекистон" сарлавҳали шеърларини ҳам таҳририятимизга йўллашган.
Наманган шаҳар 2-тиббиёт коллежи ўқитувчиси Д. Мансурова ўз мақоласида Конституция куни муносабати билан ўтказилган анжуман тафсилоти билан таништиради.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, муҳим жараёнларни ёритиб бораётган нашримизга газетхонларимиз ҳам турли-туман мақола, шеър ва ҳикоялари билан қатнашишга ҳаракат қилишмоқда. Бундан бағоят мамнунмиз. Азиз газетхонлар, сизларнинг жўяли фикр, қимматли маслаҳатларингиз, дил изҳорларингиз ва шеърий сатрларингиз акс этган мактубларингиз бундан буён ҳам доимий эътиборимизда бўлади. Имкон қадар газетамиз саҳифаларида ёритиб бораверамиз. Янги йилда ҳам мактубларингизни кутиб қоламиз.
Манзура ЭРГАШЕВА.