Кейинги пайтда интеграция атамаси тиббиёт соҳасига ҳам кириб келди. Бу лотинча сўзнинг тез-тез тилга олиниши бежиз эмас. Тизимнинг бир неча қисм­лари ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатишни, уларнинг узвий уйғунлигида бирлашган фаолиятини таъминлаш зарурлигини бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Агар бу талабга номувофиқ иш юритилса, халқ саломатлигини сақлаш борасида кутилган натижаларга эришиш қийин. Шундай экан интеграциялашув тиббиётчиларнинг ягона мақсад сари биргалашиб, ғоят самарали ҳаракат қилишидир. Бу билан ҳам беморларни даволашда, ҳам касалланишларнинг олдини олишда, ҳам соғлом турмуш тарзини шакллантиришда дадил қадамлар ташланади.

Масалан "103" га чақирув тушса, врач ва ҳамшира хонадонга етиб боради. Тез тиббий ёрдам кўрсатиб қайтгач, маълумотни ўша ҳудуддаги қишлоқ оилавий поликлиникаси ёки врачлик пунктига ўтказади. Бемор яна назоратда туради. Керак бўлса, қатнаб муолажа олади ёки шифохонага ётиб даволаниш учун юборилади. Токи тўла соғайиб кетмагунча эътибордан четда қолмайди.

Ёки туғруқхонага тушган ҳомиладор аёл кўзи ёригач, чақалоғи билан уйига кузатилар экан, энди унинг маълумотлари юқоридан қуйи-бирламчи тизимга етказилади. Ўз навбатида она ва бола саломатлиги билан гинеколог ва педиатрлар шуғулланишни давом эттиришади.

Ҳозирда турли касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни эрта аниқлаш ҳамда уларни ўз вақтида тугатиш, фертиль ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, якка-ёлғизлар, ногиронлар, сурункали хасталиги бор ва ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларнинг ҳолидан мунтазам хабардор бўлиш, зарур ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, фойдали маслаҳатлар бериш ғоят муҳим. Мазкур юмушлар, энг аввало, патронаж ҳамширалар, қолаверса, врачларнинг зиммасига ҳам юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2857-сон қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 718-сон қарори талабларидан келиб чиқиб, юқоридаги ишлар амалга оширилмоқда.

Албатта, ҳар бир янгиликни жорий этиш, илғор усулларни фаолиятга тадбиқ қилишнинг бошланмаси улар ҳақидаги аниқ тушунча ва тавсияларни бажарувчиларга етказишдир. Бу борада вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида Наманган шаҳри ва барча туманларнинг тиббиёт бирлашмаларида семинарлар уюштирилди. Айниқса, Учқўрғон, Уйчи, Мингбулоқ ва Поп туманларида мазкур йўналишга бағишланган анжуманлар мутахассисларнинг ва мутасаддиларнинг фаол иштирокида ўтказилди. Дастлабки тажрибалар оммалаштирилди.

Тиббиёт ривожини бугун бирламчи тизимдан бошлаб, туман, шаҳар ва вилоят, ҳатто Республика миқёсидаги муассасаларнинг бир-бири билан ҳам вертикал, ҳам горизонтал боғланишларсиз тасаввур қилолмаймиз. Қуйидан юқорига, юқоридан қуйига қараб интеграциялашув ҳар бир жамоани, ҳар бир ходимни ҳамиша юксак масъулиятга эга бўлишини тақазо этиб туради. Беморнинг тўла соғломлашуви охирги натижа. Касалланишларни камайтириш - фаолият самарадорлиги. Ҳар иккисига эришиш - даволаш ва соғлиқни сақлаш унинг доимий мезони бўлиб қолаверади.