Ўткир шолга қарши амалга оширилган тадбирлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан юқори баҳоланмоқда. 2002 йилда Ўзбекистон Республикаси қатор тараққий этган давлатлар қаторида ЖССТнинг "Ёввойи полио вирусидан халос бўлган давлат" сертификатига сазовор бўлди.
Лекин кейинги пайтларда республикамизга қўшни бўлган қатор давлатларда ўткир шол касаллиги бўйича вазият бир мунча мураккаблашди. Бу касалликни мамалакатимиз ҳудудига кириб келиш хавфи анча ортди. Шу боис Республика Бош Давлат санитария врачи томонидан 2015 йил 6 апрелда тасдиқланган 0239-07-сонли санитария қоида ва меъёридаги эмлаш календарига мувофиқ фарзандларимиз 2,3,4 ойликда ва 16 ойликда ҳамда 7 ёшда полиомиелитга қарши ОПВ вакцинаси билан эмлаб келинмоқда. Барчага маълумки, ОПВ вакцинаси оғиз орқали қабул қилишга мўлжалланган. Эндиликда миллий эмлаш календаримизга инактивланган полиомиелит вакцинаси (ИПВ)ни киритилиши режалаштирилмоқда. Бу вакцина боланинг мушак орасига бир марталик шприцда юборилади. ИПВ вакцинаси жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб амалиётга киритилиши кўзда тутилган. Яъни дастлаб 4 ойга тўлган болалар эмланади.
ИПВ ва ОПВ вакциналари бирга қўлланилганда бола организмида полиомиелитга қарши кучли ҳимояни таъминлайди. Улар турли иммун реакцияларини келтириб чиқаради ва биргаликда фарзандингизнинг ҳимоясини кучайтиради.
Инактивланган полиомиелит вакцинаси энг хавфсиз вакциналардан бири ҳисобланади. Республика Давлат санитария-эпидемиология назорат Марказининг вакциналарни сақлаш миллий омборхонасидан 2018 йилнинг март ойида вилоятимизга ажратилган 55000 доза инактивланган полиомиелит вакцинаси олиб келинади. Шаҳар ва туманларга тақсимот асосида тарқатилади.
Эмлаш ишлари ҳудудий поликлиника, қишлоқ оила поликлиникалари ҳамда қишлоқ врачлик пунктларида махсус тайёргарликдан ўтган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.
Юқумли касалликларнинг олдини олишнинг асосий йўналишларидан бири бу, профилактик мақсадда ўтказилаётган эмлашдир. Шундай экан, ўз фарзандингизни ўз вақтида эмлатиб боришни унутманг.
Шерзод ЛАТИФЖОНОВ,
вилоят ДСЭНМнинг иммунопрофилактика бўлими мудири.