* Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш.

* Оилаларда тиббий маданиятни шакллантириш.

* Оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш.

Мамлакатимизда халқимиз соғ­лигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишига айланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги ПҚ-2857-сонли "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябр­даги 718-сонли "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорлари бу борадаги ишларни замон талаблари даражасига кўтаришдек эзгу мақсадга эришишга қаратилган. Вилоят ҳокимининг 2017 йил 3 апрелдаги қарори эса юқоридаги масалаларнинг ижросини таъминлашга бағишланган. Албатта, ҳар қандай қарор ижроси билангина жамиятга наф келтиради, халқ хаётини яхшилашга хизмат қилади. Шунинг учун ўз вақтида Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш вилоят кенгаши, вилоят халқ таълими, вилоят мактабгача таълим, вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари мақсад муштараклигини ҳисобга олиб, ўз фаолиятларини бир-бирларига уйғунлаштириш учун қўшма қарор қабул қилишди. Унинг ҳамкорлик йўналишлари номланишиданоқ яққол маълумдир. Яъни мазкур қўшма қарор вилоятимизда "Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида"дир.

Қўшма қарорга кўра, Наманган шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг мувофиқлаштириш туман (шаҳар) кенгашлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари билан ҳамкорликда иш юритаётир. Жойларда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва турли касалликларнинг олдини олиш бў­йича биргаликдаги бирламчи профилактика ишлари изчил йўлга қў­йилмоқда. Ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида ташкилланган "Саломатлик мактаблари" юқоридаги уч вазифанинг муваффақиятли бажарилишига масъулдир. Айни маҳалда бу тузилма фаолияти доимий назоратда. Вилоят ва туман мониторинг гуруҳлари улар ишини мунтазам ўрганиб, таҳлил этиб, натижадорликка эришишни қатъий ва изчил талаб қилиб бориш масъулиятини ўз зиммасига олган.

Албатта, ҳар бир янгиликни амалиётга киритишда унинг йўриқномаси асосий қўлланма ҳисобланади. "Саломатлик мактаблари" ташкилланиши ва фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 18 мартдаги "Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини патронаж хизмати ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш юзасидан амалга оширилган ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Биламизки, ПАТРОНАЖ - аҳолининг тиббий-санитария хизмати борасида алоҳида эътиборга лойиқ контингентига уйда тиббий ёрдам кўрсатиш тизимидир. Янаям аниқлаштирсак: аҳолининг саломатлиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиш; ҳомиладор, ёш болалар, қариялар ва беморлардан уйига бориб хабар олиш; касаллик профилактикаси, соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ўтказиш патронаж хизматига тааллуқли асосий вазифалардир. Уларни амалга ошириш самарадорлиги ҳамкорликнинг биргаликдаги фаоллиги қай даражадалигига боғлиқ. Бошқача айтганда, қаерда ҳамкорлик мустаҳкам ва изчил йўлга қўйилса, ўша ерда "Саломатлик мактаблари" иши жонланиб, халқимиз кўнглида давлатимизнинг ўз фуқароларига меҳрибонлиги ва ғамхўрлигидан миннатдорлик туйғулари кучайишига эришилаверади.

2018 йилнинг январ ойини дастлабки икки ҳафтасида ҳар бир ҳудудда 2017 йилги хатлов натижаларига асосланиб, патронажга даркорлиги аниқланган контингентнинг умумий сони йўналишлар бўйича 6 та гуруҳга ажратилди. Умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширанинг йўл харитасига киритилди.

"Саломатлик мактаблари" фаолияти ойлик ва ҳафталик тузилган режа асосида уюштирилмоқда. Ҳафтанинг душанба - жума кунлари ҳамкорликдаги гуруҳлар хонадонма-хонадон юришмоқда. Уларнинг қўлида, намунали, қониқарли, эҳтиёжманд ва патронажга даркор бўлган оилалар ҳақида аниқ маълумотларнинг борлиги олдиндан қайси уйда нима қилиниши зарурлигини белгилаб ишга киришиш имкониятини беряпти. Албатта, энг хавотирли контингент алоҳида ажратиб олингани учун янги туққан аёллар, чилла давридаги чақалоқлардан икки ҳафтада бир марта, ҳомиладорлар, гўдаклар, ногирон болалар ҳолидан ойига бир бор хабар олишмоқда. Кунлик режага мувофиқ оилавий шифокор эрталабки соат 9 дан 11 гача, патронаж ҳамширалар икки босқичда соат 11 дан 13 гача, 13 дан 15 гача хонадонларда бўлишмоқда. Ҳафтанинг бир кунида профилактик тиббий кўрик ташкилланяпти. Ҳар шанба ҳафталик патронаж таҳлил қилиниб, келгуси ҳафта учун режа тузилади.

Шуниси диққатга сазоворки, кундалик тарғибот тадбирларини дои­мий равишда ҳамкорлар билан амалга ошириб келишмоқда. Ҳафтанинг хар куни ўзига хосликка эга. Душанба-нуронийлар, сешанба-ҳомиладорлар, чоршанба-болалар ва ўсмирлар, пайшанба-хонадон ва экология, жума-аёллар ва қизлар, шанба-саломатлик куни деб номланганиёқ фаолиятга аниқ йўналиш бериб қўйилгани, бу борада батартибликни, навбатма-навбатликни барқарорлаштириб турибди.

Гуруҳлар умумий амалиёт шифокори, патронаж ҳамшира, маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси, маҳалла фаоли, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъуллари, жисмоний тарбия ўқитувчилари, таълим муассасаси шифокорларидан иборат шакллантирилгани оила аъзоларнинг барча табақаларига дахлдор масалалар юзасидан мулоқотга киришишни, муаммоларни аниқлашни, уларни бартараф этиш хусусида ўша жойнинг ўзида тўғри ва ижобий ечимга келишни осонлаштирмоқда.

"Саломатлик мактаблари" таркибидаги маҳалла фаоллари тиббиёт ходимларининг энг яқин ҳамкори, кўмакдоши ҳисобланади. Шу боис, умумий амалиёт шифокори билан МФЙ маслаҳатчиси ўзаро келишган ҳолда ҳар бир маҳаллада энг фаол аёллардан олти нафарини танлаб, уларнинг ташкилотчилик қобилиятидан оқилона фойдаланишяпти. Ҳафтанинг олти кунига олти нафар аёл масъул қилиб қўйилгани патронаж ҳамшира ишини енгиллаштирибгина қолмай, эҳтиёжманд оилалардаги аҳволдан ҳамшира бохабарлигини таъминлайди. Ахир улар ҳудудларидаги эътиборга лойиқларнинг уйларига керак бўлса, ҳар куни эрталаб кириб, аниқ ҳолат тўғрисидаги маълумотни режали равишда патронаж ҳамшираларимизга телефон орқали етказишга одатланиб қолишди.

Муҳим юмушлардан яна бири маҳалла ҳудудидан узоқ муддатга чет элга чиқиб кетган ва қайтиб келганлар ҳолатини ўз вақтида аниқлаш бўлиб, бу МФЙлардаги уч масъул шахс зиммасига юклатилган. Улар ҳамкорлари билан боғланиб, шундай кишиларни тиббий кўрикка келишини изчил ташкиллашмоқда.

Мамнуният билан таъкидлашимиз жоизки, эндиликда вилоятимизда тиббий патронаж ва профилактик кўрикларни ҳамкорликда тизимли йўлга қўйиш оилаларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда аҳоли ўртасида, айниқса мактабгача таълим ва халқ таълими муассасаларида соғлом турмуш тар­ғиботи учун аниқ тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Айни маҳалда икки ой ичида ўттиздан зиёд тадбирлар ўтказилди. Бу борада жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси жамоаси ҳам хамкорлар сафига қўшилди. Тадбирларда асосий диққат-эътибор соғлом оилани шакллантиришга, турмуш гигиенаси ва санитариясидан аҳолини бохабар этишга қаратилмоқда.

Шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидаги табиий фанлар - ботаника, анатомия ва биология ўқитувчилари томонидан ўқитиладиган синфлар ўқувчилари билан юқоридаги масалаларга доир алоҳида дарс мавзулари тайёрланиб, машғулотлар ҳам ҳамкорликда олиб борилаётгани болаларнинг ҳаётий масалаларга қизиқишларини тобора кучайтиряпти. Юксак маънавий -ахлоқий қадриятларни ўзлаштиришларига, соғлом турмуш кўникмаларини ҳосил қилишларига самарали таъсирини ўтказиб келмоқда.

Баркамол авлодни улғайтириш деганда соғлом йигит-қизларни воя­га етказишни ҳам назарда тутишини яхши биламиз. Болалар боғчаларидан бошлаб мактаб ўқувчиларигача, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларининг талабаларигача жадвал асосида тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда. Ҳатто жойларда уюшмаган болалар ва ёшларнинг саломатлигини назорати касалликлари борлар аниқланганда уларни зудлик билан соғломлаштириш чора-тадбирлари белгиланяпти.

Қўшма қарорнинг талаби ва масъулияти юксак. Чунки, кун тартибидаги уч муҳим вазифани ўз фаолияти қамровига олган "Саломатлик мактаблари" иши йил давомида мониторинг қилиб борилади. Унинг бирорта пункти бажарилмай қолиши асло мумкин эмас. Халқ соғ­лиги - юрт бойлиги экан, бу бойликни биргаликда тиббиёт ходимлари ҳам, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам, таълим тизими мутасаддилари ҳам асраб-авайлашга ҳар вақт бурчли эканликларини унутишларига асло ҳақлари йўқ!

С. ТОЖИБОЕВ.