У эрталаб ишга келибоқ операция залига ўтди. Ангиографик аппаратни кўздан кечирди, созлигига ишонч ҳосил қилди. Жарроҳлик амалиётига тараддудланаётган ассистент ва ҳамшираларга керакли топшириқларни берди. Кейин беморнинг таҳлилларини, коронографиясини яна бир бор кўздан кечириш учун хонасига қайтди. Фарғонадан шошилинч олиб келинган Муҳаммадали Давлатовнинг "Касаллик тарихи"ни варақлар экан, қарори янада қатъийлашди. Олдида юрак ишемик хасталигининг оғир оқибати - ўткир коронар синдромини бартараф этиш вазифаси турарди. Салгина кечикиш ҳам, янглишиш ҳам бемор умрининг эрта тугашига сабаб бўлишини чуқур англади. Ишга биргаликда ёнма-ён киришадиган ҳамкасблари - Бахтиёр Камолиддинов ва Аброр Абдуллаевлар билан сўнгги бор фикрлашиб, маслаҳатни бир жойга қўйиб олгачгина операцияга енг шимарди. Салкам етмиш ёшли қария омадли экан. Ҳаёт-мамоти уддабурон жарроҳ қўлида. Энг муҳими, жароҳатсиз амалиёт деярли оғриқсиз кечади. Ана нажоткор мақсад сари ҳаракатни бошлади. Қариянинг сонидаги артериясидан махсус катетр билан катта аорта орқали юрак-тож томирлари томон стендни силжитиб бормоқда. Бу жараён компьютер мониторида кўриниб турибди. Ғоят нозик, ғоят масъулиятли юмушни моҳирона бажариш маҳоратини мукаммал эгаллаган Акмалжон Жалилов қатъий ишонч билан бемор юраги томиридаги "иллатли манзил" томон нажот найчасини йўналтирмоқда. Ниҳоят "бекат"га етиб борилди. Томирни кенгайтириб, торайган жойга сунъий стендни мустаҳкамлаш жараёни ҳам тўкис уддаланди. Энди қон тиқилмасдан, "қоқилмасдан" бемалол равон юрадиган ҳолат яратилди. Бунга атиги 22 дақиқа кифоя қилди, холос. Кесиш у ёқда турсин, ҳатто чандиқсиз амалга оширилган бундай жарроҳлик амалиёт бугунги тиббиётдаги чинакам мўъжизалардан бири эмасми?! Худди шундай.
Акмалжондек замондошларимизни эса мўъжизакор сифатида ҳар қанча олқишласак арзийди. Унинг 2016 йили Ўзбекистон Республикаси "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига, 2017 йилнинг август ойида мустақилликнинг 26 йиллиги арафасида Президентимиз Фармони билан "Шуҳрат" медалига муносиб кўрилгани кўп йиллик фаол хизматлари юксак қадрланаётганининг ёрқин ифодасидир.
- Универсал стационар ангиографик аппарат республикамиз вилоятлари ичида 2014 йили биринчи бўлиб Наманганга келтирилгани бизларга бағоят қувончли ва айни пайтда катта масъулият юклаган, - дейди кардиология маркази рентгенэндоваскуляр хирургия бўлими мудири Акмалжон Жалилов.- Бу билан нафақат вилоятимиз, ҳатто Фарғона водийси аҳолисига кўрсатилаётган хизматимизнинг энг замонавий усулларда такомиллаштириш имкониятлари яратилди. Айни дамда ишемик касалликлари, юрак ўтказувчанлигининг мураккаб бузилишлари, туғма ва орттирилган нуқсонлари, қон-томир хасталикларигача миниинвазив усулида диагностика ҳамда даволаш муваффақиятли бажарилмоқда. Энг замонавий аппаратлар ёрдамида жароҳатсиз жарроҳликни бекаму-кўст амалга ошириш учун устозларнинг серсамара малакаси ва маҳоратини яхши ўзлаштириб олганмиз.
Дарҳақиқат, бу ердаги интервенцион кардиологлар аввалдан хориждаги клиникаларда тажриба ўрганиб қайтишган. Биргина бўлим мудирининг ўзи Россиянинг Москва, Новосибирск, Санкт-Петербург, Кемерово шаҳарларига бориб, кардиохирургия марказларида тиббий сабоқларини бойитиб, машҳур мутахассисларнинг ёнида кўзи пишиб, малакасини мукаммаллаштиришга эришган. Айниқса, тиббиёт фани арбоблари-академик Баграт Алекян, Игорь Шлайдо, Константин Сухов, Владимир Ганюков, Ҳикмат Мажидов ва Миржалол Зуфаровларнинг маҳорат мактаби машғулотларидан баҳраманд бўлган.
Унинг бундай тез камолот касб этиши бежиз эмас. Гарчи таржимаи ҳоли бошқаларникига ўхшаса-да, ўзига хос жиҳатлари ҳам бор. Дастлаб Наманган тиббиёт коллежида тахсил олган билимга чаққон йигит бу билан қаноатланмади. Андижон Давлат тиббиёт институтига ошиқди. Юқори балл тўплаб, талабалар сафига қўшилди. 2000 йили олий маълумотга эга бўлгач, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида илк фаолиятини бошлади. Кўнглидаги эзгу ниятлари уни яна тинч қўймади. Академик В. Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган хирургия марказига етаклади. Юртга таниқли кардиожарроҳларнинг этагидан маҳкам тутди. Ёнларида роса бир йил ёрдамлашиб юриб, тажриба ва малака ўзлаштирди. Вилоятга қайтиб, яна ўз фаолиятини давом этирди. Янги "Ангиография" бўлимининг ташкилотчисига айланди. Ўн икки йил юрак хасталигидан ўлим ёқасига келаётган қанчадан-қанча беморларни кардиожарроҳнинг сеҳрли қўллари қутқариб қолди. Акмалжоннинг бундай юқори салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш учун вилоят кардиология марказига талаб қилиб олишганига эса атиги тўрт йил бўлди, холос. Ҳозирда уқуви баланд интервенцион кардиолог бошқараётган бўлимдаги ҳайратона ишлар ёш кадр ниҳоятда муносиб ўрнини топганидан далолат бериб турибди.
Бугун у наинки беморларнинг, айни вақтда ҳамкасбларию, жамоадошларининг ҳурмату ихлосини қозонган.
- Акмалжоннинг ҳаракатчанлиги ва интилувчанлиги, бирор мақсадни кўзладими, эришмагунча бор куч-ғайратини аямаслиги, муҳими, одамларни дарддан фориғ этиш учун ҳозирги замон тиббиётининг энг янги ютуқларини чўчимай амалиётга тадбиқ этишдаги журъати барчамизни қувонтиради, - дейди кардиохирург Абдусалом Хўжамбердиев. - Ҳамкорликда ишлаганимиз туфайли бир-биримизга доимо маслаҳатгўймиз. Шундай мутахассислар марказимиз мавқеини пойтахтдаги муассасалар даражасига кўтаришга олиб келишига қатъий ишонамиз.
- Врач сифатида ҳам, раҳбар сифатида ҳам бўлим бошлиғимизнинг бошқалар ўрнак оладиган хислатлари бир талай,-дейди катта ҳамшира Альфия Раҳмонбердиева.- Беморнинг сўзларини диққат билан эшитади, кейингина кўнглига ёруғлик киритадиган тавсиялар беради. Бирорта касалнинг саволини бежавоб қолдирмайди. Кичик жамоамизга катта меҳр билан қарайди. Кўнгли юмшоқ, ҳеч қачон қаттиқ гапирмайди. Одам ажратишдан бегона. Ҳаммага бирдай ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Байраму туғилган кунларда ширин сўзлари билан сийлашни, ҳатто совғалар улашишни ҳам унутмайди. Ғоят меҳрибон ва ғамхўр касбдош раҳбар билан ишлаганимиздан беҳад фахрланамиз.
Хушомадсиз айтилган самимий эътирофлардан Акмалжон Жалилов заррача ҳаволанмайди. Аксинча, юксак обрў-мартабага муносиблик масъулиятини оширгандан ошираверади. Зеро, инсонийлик безаги-халққа ҳалол ва бетаъма хизматдир.
Содиқ САЙҲУН.