(Давоми. Бошланиши 1-сонда).
Жонига қасд қилиш ақли расо инсоннинг иши эмас. Бироқ, одам шундай ҳолатга ўз-ўзидан келиб қолмаслигини унутишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Агар чуқурроқ ўйласак, одамнинг одамга муносабатида, яъни ота-онанинг -фарзандларига, устозларнинг-шогирдларига, дўстларнинг-дўстларига, раҳбарларнинг-ходимларига, шифокорнинг-беморларига, йигитларнинг -қизларга, қизларнинг-йигитларга, эрларнинг-хотинларига, қайноналарнинг-келинларига муносабатида муаммоли вазиятлар рўй бериши балки табиий ҳолдиру, лекин барибир болами, ёшми, каттами ширин ҳаётидан воз кечиши тўғри ечим эмас. Ахир инсон фарзанди осмондан осилиб тушган, ёки ердан чиққан яратиқ эмас. Унинг атрофида ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси бор, бошқа қариндош-уруғлари бор, ўқув ёки меҳнат жамоаси бор. Шундай экан, нега бепарво бўлишимиз керак. Йўқотиб қўйгандагина айюҳаннос солиб йиғлашдан кўра, яқинларга ҳамдардлик билдиришдан кўра, барвақтроқ кўзимизни каттароқ очсак, теварагимизга ҳушёр боқсак, агар ёрдам кўрсатиш, мушкулини енгиллаштириш қўлимиздан келмаса, ҳеч бўлмаса, тилимизни тийсак, гапирсак ҳам ўша боши қотган, руҳи тушкунлаган, нима қилишни билмай таскин қидирганга далдали сўз қидирайлик. Зора, ўз вақтида, ўз ўрнида топган ва айтган биттагина сўзимиз бир умрга татигулик таъсир ўтказолса, зора ҳаётдан тўйиб турган кишини ҳаётга меҳрини қайтаришга туртки бера олса?!
Дунёда энг ёмони дунёнинг ишларига томошабинлик эмасми. Гўё саҳна асарини кўриб бўлгач, унга баҳо бериш қабилида кун кўриш яхшими. Нега сиз жарга яқинлашаётган, ақли ҳушини йўқотган бир кимсани кўра-била туриб, кулфат сари қадам қўяётганига миқ этмай яшайверасиз?! Нега сиз қўшнингизнинг уйидаги ғала-ғовурига қулоғингизни беркитиб яшайсиз? Олдига чиқишга журъатингиз етмайдими, ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлсангиз ҳам, наҳот оқни оққа, қорани қорага ажратишга бош қўшмайсиз. Ҳатто улардан ўзингизни олиб қочасиз. Ана қайнонаси жазавага тушиб, бақир-чақир қиляпти, ана ичиб келган бекорчи ўғли хотинини ўларча савалаяпти, ана икки болажониси қўрқиб-йиғлаб, нажот кутиб атрофга жовдираб боқяпти... Бу жанжал-сурон бир кунлик бўлсаку-я, ўтар-кетар дейишга ҳақли эдингиз. Олдинги йиллари ойда бир эшитиларди, кейин ҳафтага ўтди, анча пайтки, кун орага айланди қолди. Ёшгина жувон яккаланиб, ҳақоратланиб, саваланиб ёт- са-ю... Икки ёнда девори бир қўни-қўшнилар беоқибат бўлмасангиз, ҳеч бўлмаса маҳалла мутасаддиларига етказсангиз (бояқиш келин бирор жойга арз қилишни ор билади, қолаверса шикоятчи сифатида айблашиб оиласидан бутунлай қувиб юборишларини истамайди) балки шу қўшнингизникидаги муаммолар барҳам топармиди. Қайнонага инсоф кириб, ўғлини тергармиди, тўғри йўлга солармиди.
- Войдод, ёрдам беринг, келиним ўзига-ўзи ўт қўйиб юборди! - деган овоз қулоғингизга чалингандагина сергак тортасизми, "Эссиз-эссиз, болаларини чирқиллатиб кетди-я!" деган гапларингиз энди бир чақага арзийдими? Албатта, "Йўқ!" деб жавоб берасиз ва бу тўғри. Унда қўшнингизнинг уйидаги воқеаларга асло-асло лоқайд қараманг! - дегим келади ҳар бир юртдошимга.
Ўтган йилги даҳшатли воқеадан маҳалла донг қотди: "Қобилжондай қобил йигит наҳотки жонига қасд қилса?!" дея кўпчилик таажжубга тушди."Нима бўлибди?", "Ўзига ўт қўйиб юбориши шартмиди?" деган шивир-шивир саволлар тарзида болалади. Афсуски, худди шу саволларни маҳалладошларидан аввалроқ эшитганида эди, у қалтис ишга қўл урмасмиди. Аниқроғи, қазноғига кириб, ўзининг устидан бензин қуйиб, гугурт чақиб юборишгача бормасмиди. Худди шундай бўларди. Кечикилди. Кечикиш қимматга тушди. Бир оила раҳномосидан айрилди, бир аёл бева қолди, уч бола етимланиб бўзлади.
Энг ачинарлиси, арзимас сабаб туфайли фожеа рўй берган. Қобилжон ориятли йигит эди. Ким биландир кўчада айтишиб қолган, охири дағдаға қилавергач, рўпарасидаги юзсизга икки мушт тушириб юборган. У шифохонага ётволиб, Қобилжонни жиноятчи сифатида қаматиб юборишини айтиб чўчитган экан...
Жонига қасд қилиш балоғатга етаётган йигит-қизлар ва ўспирин болалар ўртасида учрашига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу паллада уларнинг жисмида ҳам, қалбида ҳам, руҳида ҳам ўзгаришлар юзаланади. Тарбиясидаги мураккаб давр ғоят нозик ҳолатлар билан кечади. Уларнинг бир-бирига, катталарга, ўз навбатида катталарнинг кичикларга муносабатлари ғоят эҳтиёткорлик талаб этади. Эркинликка, мустақил ҳаракатга мойилликлари кучайишини тўғри тушуниб, тўғри қабул қилмасак, уларни қаттиқ "ранжитиб" қўйишимиз ҳеч гап эмас.
Балоғат ёшидаги қиз кўнглидаги севгисини тилда айтолмай, қоғозга бит- са-ю, кимларнингдир - у хоҳ ота-она, хоҳ муаллим-устози бўлсин, озгина эҳтиётсизлиги туфайли мактуби улар қўлига тушса борми, минг ҳижолатдан ўзини қўярга жой тополмай эзилади. Бундай ноқулай вазиятлардан қандай қутулиш чораларини излайди. Қизлик ҳаёсининг ички қийноғини бошдан кечиради. Яқинларидан бепарволикни, атрофидагилардан "айби"ни юзига солмасликларини кутади. Бахтга қарши улар бунинг аксини қилишади. Ва катталарнинг ўзлари энг катта хатога йўл қўйишади. Бунга чидай олмаган қиз... охир-оқибат ота-оналари жонсиз танаси устида фарёд билан яна кимларгадир маломат тошларини отишдан тинишмайди. Ёки ёниб турган оловга ёғ сепган "меҳрибон" қариндошлари, дугоналари, муаллимлари тилларини тишлаб қолишдан ўзга чора излашолмайди.
Суициднинг, халқона ибора билан айтганда жонига қасд қилишнинг "қаҳрамони"-ку қабрга кузатилади, гўёки мангу оромга кетади. Лекин у ўйламайдики, ортида қолганларнинг минг чандон азобларга гирифтор қилиб қўйганини. Бу хатти-ҳаракат наинки ўзига бешафқатлик, балки энг яқинларига ёвузлик билан тенг. Ота-онасининг жонига озор, юрагига санчиқ, руҳига беадоқ зарба! Ахир улар фарзандини шу умидда ёруғ дунёга келтиришганмиди, боқишганмиди. Бу - кўрнамаклик, бу - бағрини куйдирувчи балолик, бу орзуларига кафан бичиш, бу - умр бўйи ҳаёт ҳаловатидан айириш, бу қалбларига сўнгсиз озорларни битиб кетиш.
Ёзганларимиздан мақсад шуки, инсонга ҳаётни Аллоҳ ато этади, уни вақти-соати билан олгучи ҳам ягона тангридир. Биз бандалар эса, фақат бир борагина бериладиган умримизни асрайлик, омонатини қайтариб олар лаҳзагача ҳаётга ошуфта ҳолатда оламга ва одамга меҳр-муҳаббатимизни зиёдалигини сақлаб яшайлик!
Содиқ САЙҲУН.