У Тўрақўрғон тумани Бураматут қишлоғидаги тиббиёт муассасасида ўттиз олти йилдан буён врач-педиатр
Фарида опа ҳақида беҳад мароқли эътирофларни эшитар эканман, беихтиёр ўйлаб қолдим. Ўн фарзандни камолга етказган Меҳринисо ая (1993 йили олтмиш тўрт ёшда вафот этганлар) ўзидан ортқизиб одамларга ҳам улашсин дея бу қизига бир олам меҳр тортиқ этиб кетгандек гўё. Унинг олтмишинчи баҳорни Тошкентда тиббий малака ошириш чоғида кутиб олаётгани эса, ҳануз одамларга фарзандлари соғлиғини қайтаришдек ғоят эзгу юмушдан тўхташ нияти йўқлигини кўрсатади. Шунинг ўзиёқ меҳри бетугаллигининг далолати эмасми?!
Фарида опа 1982 йили Самарқанд давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетини тугаллаб, Бураматут участка шифохонасида иш бошлаган бўлса, меҳнат дафтарчасига умр бўйи бошқа ёзув тушмади. Бир жойда бир вазифада муқим фаолият юритиб келмоқда. Уч мучал муддатда ҳамқишлоқларига хизмат қилиб ҳеч толмади. Кўнглидаги меҳр булоғи қайнагани-қайнаган. Ҳамқишлоқларининг олқишлари, "Отангга, раҳмат" лари унинг учун ҳар қандай мукофотдан аълодир. Ахир институтни тугаллаётган йили падари бузруквори Абдусалом Нишоновдан айрилиб қолган эди-да. Халқдан ёғилаётган раҳматлар отаси шаънига айтилиши дўхтир қизига ўзгача фахр, ўзгача мароқ, ўзгача кайфият, ўзгача мамнуният бағишлайди ҳамиша. Шунданми унга чарчоқ бегона, ундан кибр йироқ, унда кичик беморларга катта меҳр мужассам.
Гапларимиз баландпарвоз эмаслигига, мақтовларимиз замирида беинкор ҳақиқат борлигига ҳамқишлоқлари тилидан тушмайдиган, бири тугатса, иккинчиси айтиб юрадиган қатор-қатор эътирофлару эъзозли эҳтиромлар шоҳид.
- Фарида опанинг ҳам инсоний, ҳам касбий фазилатлари ҳақида қанча гапирсак, шунча оздай, - дейди фахрий муаллима Роҳатжон Турғунова. - 1986 йили қиз кўрдим, аммо у жуда-жуда нимжон туғилди, яшириб нима қиламан, оғирлиги 1 килою 500 граммлигини эшитиб, капалагим учди, ҳатто тўққиз фарзандни тарбиялаган қайнонам ҳам боланинг бунчалик жажжилиги учун қўлга олишгаям чўчирдилар. Ана шу пайтда Фарида опа аввал кўнглимизни хотиржам қилдилар, кейин эса қадамларини хонадонимиздан узмадилар. Тез-тез келиб, миттиойимни тўғри парваришлаш бўйича фойдали маслаҳатларини аямадилар.
Фақат шугина эмас, Муҳаббатимни 5 ойлик чоғида тажрибасизлигим туфайли истимаси баланд эканлигини пайқамай, бешикка белаб қўйибман. Бир вақт қарасам, ҳушсиз ётибди. Дадаси ярим кечада Фарида опаникига югурдилар. Кўп ўтмай дўхтиримиз умр йўлдошлари Мавлонбек ака билан уйимизга кириб келдилар. Мени болам билан бирга касалхонага ўзларининг машиналарида олиб кетишди. Тонггача бир амаллаб чақалоғимни хушига келтириб, ҳароратини меъёрига туширдилар. Ҳозир ўша қизим ўттиз икки ёшда. 26-мактабда муаллима. Ўзининг ҳам уч фарзанди бор. Фарида опамни худди мени яхши кўргандек яхши кўради. Шундай элга фидойи шифокорлар қанийди кўпайишаверса...
- Мен 1987-1989 йилларда бирин-кетин икки ўғилли бўлдим, - дейди пенсионер Омонжон Пирматова. - Улар орасидаги фарқ муддати қисқалиги учун биринчи фарзандим Акрамжон она сутига тўёлмай қолди. Касаликка тез-тез чалиниб, руҳимни тушириб юборди. Ўшандай паллада Фарида опа жонимга оро киритдилар. Ўғилчамни даволадилар, тузалгач қўшимча овқатлар беришни, ҳатто уларни қандай тайёрлашни ҳеч эринмай ўргатиб тушунтирдилар. Ўзлари гоҳ-гоҳ хабар олиб туришни ҳам одат қилдилар. Бирам меҳрибон эдиларки, гўё мени ўз сингиллари қаторида кўриб, фарзандимни "Акрамжон ўғлимни полвон қилиб юборамиз" дея руҳий далда бериб кетардилар.
Ҳозир ўғлим баркамол йигитга айланди. Қашқадарёдаги ҳарбий қисм сержанти. Ватанининг фидойи посбони. Фарида опадай нажот фаришталари бахтимизга омон юришсин!
Одамнинг оламдаги тўкис бахти, аввало, ўз яқинларини ардоқлашида эканини назарда тутсак, бу борада ҳам Фарида Нишонова ҳавас қилса арзийдиган сингилларига опа, акаларига сингилдир. Ота ўрнида оталикни уддалаган Икромжон аканинг сабоқларига доимо қулоқ тутгани бахти бекамликка етказаётган бўлса, ўзининг сингилларига ғамхўрлиги улар кўнглини ҳамиша чароғонлагани чароғонлаган.
- Опам менинг учун фақат опа эмас, онамдан кейин онамга айланганлар, - дейди 44-мактаб муаллимаси Моҳирахон Нишонова. - Кўз ўнгимизда ибрат тимсоли бўлдилар. Кечагидек эсимда, болалигимизда фақат уйдагина китоб ўқимай, далага ҳам қўлтиқлаб кетардилар, дам олиш пайтларида ҳавасимизни уйғотиб мутолаага киришардилар. Мазмунини, нималар ёзилганини бизларга сўйлаб беришдан сира эринмасдилар. Ўша йиллари "Саодат", "Шарқ юлдузи", "Фан ва турмуш" ва "Гулистон" журналларини опам билан талашиб-тортишиб ўқирдик. Тиббиёт олийгоҳи талабалари сафига қўшилгач, Самарқанддан ҳар гал келганларида бири-биридан қизиқ китоблар туҳфа этиб кетардилар. "Буларни ўқинг, эртанги ҳаётингизда асқотади" дея уқтирганлари уқтирган эди. Шунданми, кейинчалик менга ҳам институтга осонгина кириш насиб этди.
Ҳозиргача ҳаммамизга маслаҳатгўю елкадошлар. Бизлардан ортиқча меҳр кутмай, бор меҳрларини улашганлари улашган. Ўзларидан кўра кўпроқ ака-укаю, опа-сингилларини қадрлаганлари қадрлаган. Шундай опадан фахрланмай бўладими!
Фарида Нишонова замон билан ҳамнафас яшаётган тиббиёт ходимидир. У ўз ҳаётини болаларсиз тасаввур этолмайди.
- Президентимизнинг қатор Қарор ва Фармонлари билан танишиб, ҳали биз шифокорлар қилишимиз зарур юмушлар кўплигини янада чуқурроқ англаб етдик. Эл хизматидаги тиббиёт ходимларига билдирилаётган ишончу рағбатлар, яратилаётган шароиту имтиёзлар пенсияда дам олишимиз ҳали эрталигини кўрсатиб турибди. Қўлимиздан келганича фаолиятимизни фаол давом эттиришга бурчлимиз, - дейди олий тоифали врач-педиатр.
Ана у Тошкент врачлар малакасини ошириш институтидаги сабоғини якунлаб, Бураматут қишлоғидаги оилавий поликлиникага янгича билим ва куч-қувват соҳибаси сифатида кўтаринки кайфияту эзгу ниятлар билан кириб бормоқда. Ҳали қанчадан-қанча бемор болажонларнинг танига ҳаловат, кўнглига қувонч бахш айлайверади. Уларнинг ота-оналари эса Меҳринисо аянинг меҳридарё қизига олқишлар ёғдиришни асло-асло тўхтатишмайди. Шундай оналари борлигидан Гулмираю Дилдора, Талъатжону Ғайратжондек икки қизу икки ўғиллари, уларнинг оилаларида йилдан-йилга кўпайиб, улғаяётган набиралари ҳам беҳад фахрланаверадилар.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.