Бунинг учун қарийб тўрт соатлик ортопедик жарроҳлик амалиёти ўтказилди
Тиббиётнинг травматология ва ортопедия соҳасида илмий-амалий изланишлар олиб бораётган мутахассислар аслида унча кўп эмас. Лекин улар ичида тармоқ тараққиёти учун астойдил жон куйдираётган ёшларнинг борлиги айниқса эътиборга лойиқ. Тиббиёт фанлари номзоди Зафар Холов шундай замондошларимиздан бири.
У Наманганга ишга юборилгунча ўн олти йил Республика травматология ва ортопедия илмий-текшириш институтида фаолият юритган. Аспирантликдан катта илмий ходим даражасига етган, травматологиянинг долзарб мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган. Билимини амалиётда мустаҳкамлашни доимий одатга айлантирган мутахассис Россия Федерациясида малакасини ошириб қайтган эди.
- 2017 йилда республикамиз тиббиёти ривожида ҳам янги босқич бошланганини яхши биламиз, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Зафар Солиевич. - Биз бу жараённинг фаол иштирокчисига айландик. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари билан пойтахтдан вилоятга келиб, масъулиятли вазифаларда ишлашимиздан мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, тиббий хизматимиздан халқнинг ризолигига эришишдир.
Ҳозиргача Тошкентдагина уддаланиб келинган мураккаб операцияни биринчи бор Наманганда ўзимиз амаллаганимиз беморларнинг кўп йиллик орзу ниятлари ижобати йўлида қўйган дастлабки муваффақиятли қадамимиз бўлди. Нафақат сколёз, бошқа хасталикларни бартараф этиш бўйича ҳам жарроҳлик амалиётларига дадил киришаверамиз.
Энди янгиликнинг қўлланиш жараёнига қайтсак. Бемор уйчилик Маҳбуба Юнусова мактабнинг бошланғич синфидалиги пайтида номаълум сабабларга кўра, яъни идеопатит сколёзга чалинган. Ҳозиргача вилоят, ҳатто пойтахт шифохоналарида консерватив даво муолажаларини олиб юрган. Барибир орадан ўтган тўққиз йил мобайнида ҳам жисмонан улғайди, ҳам умуртқа поғонасининг кўкрак-бел қисмидаги S симон қийшайиши ҳам "улғайди". Аниқроғи, сколёзнинг ҳаракат-таянч органларига салбий таъсири кўпайди. Ноқулай кўринишдан ташқари, нафас олишини тобора қийинлаштирди. Охири нажот излашиб, яна пойтахтга шошилишди.
- Тошкентдаги олим дўхтир Аҳрорбек Маҳмудовичга учраб, қизимни зарур бўлса, Россиягача олиб боришга тайёрлигимизни айтдик, - дейди беморнинг онаси Марғуба Исроилова. - Лекин кутилмаган жавобни эшитдим.
- Нима дейишди? - Қизиқдик биз ҳам.
- "Россияга эмас, келган жойингизга - Наманганга жўнатамиз. Ҳозир у ерда ҳам юқори малакали мутахассис иш бошлаган. Зафар Солиевичнинг ўзи қизингизнинг қоматини тиклаб қўйишга қодир", - дейишди. Қулоқларимизга ишонмадик. Наҳотки, узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қиладиганлар ёнимизга келишса-я!
Президентимизнинг оғизларидан шунақа топшириқлар қилаётганликларини телевизорда кўриб-эшитгандим. Дарров амалга ошаётганидан суюниб, катта умидлар билан ортимизга қайтдик...
2018 йилнинг 15 февраль санаси Наманган тиббиёти тарихига унутилмас кун бўлиб қолди. Жарроҳлик столига кўкрак-бел қисми умуртқа поғонаси қийшайишидан бир неча йил азобланиб келган қиз ётқизилди. Моҳир мутахассис Зафар Холов билан биргаликда Ёсинхон Фахриддинов, Отабек Абдушаидов, Сирожиддин Алиевлар унинг атрофида ўта масъулиятли, ўта нозик ва ўта машаққатли жарроҳлик амалиётига енг шимаришди. Врачларга Ҳасанбой Абдуллаев, Дилмурод Бурҳонов ва Нилуфар Каримова каби ўрта тиббиёт ходимлари кўмаклашишди. Биринчи соат, иккинчи соат, учинчи соат ҳамки уларнинг амалиёти тугамасди. Ниҳоят тўртинчи соатдагина жарроҳликни муваффақиятли якунлашди. Шифокорларнинг юзларига ўз ишларидан мамнунлик ифодаси - нимтабассум югурди...
Орадан уч кун ўтди. Маҳбубани ўрнидан турғазишди. Унинг қувончдан кўзлари ёнди, кўнглида ҳаётга муҳаббати гўё минг чандон ортди. Қиз боланинг бўю-бастидаги, қадди-қоматидаги нуқс уни озорлабгина қолмасдан, қаттиқ ўкситиб юрганини ҳам англасак, бугун Маҳбубадан бахтли одам қаерда бор?! Ахир кечагина бошқа дугоналари сингари соғлом бўлишни жуда-жуда истарди-ю, ҳаётий ҳақиқатга айланишини хаёл қила оларди, холос.
Хушхабарни эшитибоқ набираси билан дийдорлашгани Ўнҳаятдан гўё қушдек қанот ёзиб келган салкам юз ёшли бобоси Ғуломжон Исмоилов палатанинг ўзидаёқ беихтиёр дуога қўл очди:
- Маҳбубамнинг чеҳраси бу қадар очилганини илгари ҳеч кўрмаган эдим. Соғлиғини қайтарган Аллоҳимга мингдан-минг шукур! Халқи саломатлигини ўйлаб, зўр-зўр мутахассисларни вилоятимизга ишга юборган Президентимизга ҳамиша омонлик тилайман! Қўли енгил шифокорларнинг ҳар бир ҳаракатлари омадли ва хайрли якун топаверсин!
Айни маҳалда Республикамизнинг кўзга кўринган травматолог-жарроҳларининг муносиб шогирдига айланган Зафар Солиевичнинг орзулари бисёр.
- Биз устозларимиз тиббиёт фанлари доктори Мирҳаким Азизов ва Мурод Солиевлардан ўрганган жарроҳлик амалиётларини ўзимиз мустақил равишда қўллаб, яхши натижаларга эришаверамиз, - дейди у ўзига ва атрофидаги ҳамкасбларга қатъий ишонган ҳолда. -Худо хоҳласа, яқин йилларда Наманган тиббиётида, чунончи, бизнинг кўп тармоқли марказимизда катта ижобий ўзгаришлар ясалади. Одамлар тилидан "Тошкентда нима бор, Наманганнинг ўзида ҳаммаси муҳайё-ку!" деган эътироф ва таъкидларни эшитсак ажаб эмас!..
Марказнинг жароҳат оқибатларидан сўнгги ортопедия-артрология бўлимида амалга оширилган жарроҳлик амалиётидаги илк ва катта янгилик энди шифокорларни билим ҳамда малака маҳоратлари билан пойтахтдаги мутахассисларга бўйлашиши ва тенглашиш учун янада астойдил изланишга, бетиним курашишга чоғлантираверади. Янги-янги орзуларнинг навбатма-навбат ушалишига ишончимиз комил.
Содиқ САЙҲУН.