Вилоятимиз шифокорларининг чет эл нуфузли клиникалари мутахассислари билан ҳамкорлиги доираси кенгайиб бормоқда. Ўтган ойда россиялик шифокор олимлар гуруҳи Наманганда иш олиб борган эди. Яқинда Ҳиндистондаги етакчи клиника - FORTES вакиллари юртимизга келишди.

FORTES клиникаси малакали мутахасислари уч кун давомида водий аҳолисига беминнат тиббий хизмат кўрсатишди. Аниқроғи, кардиожарроҳлик, ортопедия-нейрожарроҳлик ва нефрология-урология йўналишлари бўйича тиббий кўриклар ташкил этилди.

Фаолият бошланиши олдидан ҳиндистонлик меҳмонлар вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюришди. Тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов шифохонада болаларни соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳусусида гапириб берди. Шундан сўнг FORTES клиникаси ортопед-нейрожарроҳи Дивеш Гулати шу жойнинг ўзида бемор болалар қабулини бошлади. Умуртқа чуррасидан азият чекаётган Сардор Қаюмовнинг ҳолати чуқур ўрганиб чиқилди. Хориж шифокори болакайни оғир хасталикдан халос этиш юзасидан қимматли тавсияларини берди.

-  Узоғимиз яқин бўлиб, ҳиндистонлик шифокорлар диёримизга келишди. 10 ёшли қизим Муштарийни малакали мутахассисга кўрсатиб чиқяпман,- дейди фарғоналик Сайёра Холматова. - Энди унинг дардини енгиллатиш чоралари кўрилади.

Раджу Вияс Ҳиндистоннинг таниқли шифокорларидан бири. Кардиожарроҳ вилоят кардиология марказида юрак хасталикларидан азият чекаётган беморларни қабул қилди.

-  Саккиз йилдан бери Ҳиндистонга бориб, кардиологлар кўригидан ўтишни орзу қилар эдим. Бугун мақсадимга эришганимдан ғоят шодман. FORTES клиникаси етакчи мутахассиси Раджу Вияс саломатлигимни, хасталигимга оид текширув маълумотномаларини обдон ўрганиб, тегишли тавсия­ларини берди. Соғлиғимни тиклашга умид уй­ғонди. Раҳмат, шу хайрли иш ташкилотчиларига, - дейди наманганлик Жаҳонгир Султонов.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази поликлиникасида ҳам тиббий кўрик ўтказилди. Уни дастлаб мазкур клиника шифокори, профессор Салил Джаиннинг ассистенти Кумар Аниш ва мамлакатимиз нефролог шифокорлари амалга оширишди.

Хонага навбатдаги фуқаро кириб келди. Бемор Муҳаррам Жўраева буйрак касаллигидан озорланаётганлигини айтди. Мутахассислар онахоннинг ҳолатини суҳбат чоғидаги шикоят ва тиббий текширувлар натижалари асосида чуқур таҳлил этишди. Оғир хасталик азобини чекаётган хастаҳол зудлик билан касалхонага ётқизилиб, тезкор равишда даволанадиган бўлди.

- Кейинги кунлари профессор Салил Джаин ҳам АҚШдаги хизмат сафарини якунлаб, тўғри Наманганга етиб келди. Етук мутахассис 70 нафардан зиёд фуқарони безовта қилаётган нефрологик ва урологик касалликларни самарали даволаш бўйича қимматли маслаҳатларини берди. Умуман олганда хориж шифокорлари салкам 400 нафарга яқин беморларга тиббий хизмат кўрсатиб, зарур тавсия ва маслаҳатларини беришди. Энди уларни вилоят ва республика, баъзиларни эса қатто чет элда соғломлаштириш чоралари кўрилади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Халқаро бўлими директори Алишер Абдуллаев.

FORTES клиникаси вакиллари орасида нафақат врачлар, балки инвестиция бўйича менеджерлар ҳам бор эди. Улар билан мулоқотлар чоғида чет эл инвестициялари воситасида қўшма шифохоналар ташкил этиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди. Демак, яқин орада ҳиндистонлик тиббиётчилар билан ўзаро манфаатли алоқалар кўлами янада равнақ топишига шубҳа йўқ.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

Суратни Рустамали МАМАДАЛИЕВ тасвирга туширган.